French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳамкорлик самаралари
17:32 / 2015-02-26

Мамлакатимизда саноатни ривожлантириш, корхоналарни модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган истиқболли дастурлар натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми кўпаймоқда.


Мамлакатимизда саноатни ривожлантириш, корхоналарни модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган истиқболли дастурлар натижасида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми кўпаймоқда. Бу жараёнга хорижий инвестициялар жалб қилиниб, кўплаб қўшма корхоналар ташкил этилаётгани ишлаб чиқариш сифати ва салмоғини оширишга хизмат қилаётир.

Тошкентда фаолият юритаётган “Belting Rezina” масъулияти чекланган жамияти ана шундай корхоналардан биридир.

Италиялик сармоядорлар иштирокида 2004 йили ташкил этилган ушбу корхона энг замонавий технологиялар асосида турли ўлчам ва ҳажмдаги конвейер ва транспортёр ленталари, ясси, юмалоқ, тишли ва понали қайишлар, узатма, урчуқ тасмалари каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Мазкур корхонада тайёрланаётган маҳсулотлар юксак сифати, санитария-гигиена ва экология талаблари ҳамда халқаро андозаларга тўла мослиги ва рақобатбардошлиги билан истеъмолчиларга маъқул келаётир. Авваллари бундай маҳсулотлар мамлакатимизга чет элдан келтирилар эди.

“Belting Rezina”да ишлаб чиқарилаётган юқори сифатли маҳсулотлар буюртма асосида харидор талаб ва хоҳишига кўра исталган ҳажмда тайёрланади. Ушбу саноат муассасаси маҳсулотни етказиб бериш, сервис ва консалтинг хизмати кўрсатиш каби вазифаларни ҳам бажаради.

Корхона юртимиздаги тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, логистика, машинасозлик, авиасозлик, ёғочни қайта ишлаш, қадоқлаш, матбаачилик, гиламдўзлик, фармацевтика, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби қатор соҳаларда фаолият юритувчи кўплаб корхоналар, фирма ва компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Бундай корхоналар ишлаб чиқариш жараёнида “Belting Rezina” маҳсулотларидан фойдаланган ҳолда турли хилдаги юқори сифатли саноат маҳсулотлари тайёрлашга эришмоқда. Италия, Испания, Германия, Франция, Швейцария каби қатор мамлакатлар компаниялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Корхонада ишлаб чиқариш кўлами йил сайин кенгайиб, маҳсулотлар турлари кўпайиб бораётир. Бу ишлаб чиқариш ҳажмининг тобора ошишига хизмат қилмоқда. Мисол учун, 2014 йилда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 2,1 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, жорий йилда мазкур кўрсаткични йигирма фоизга ошириш мўлжалланган.

“Belting Rezina”да меҳнат қилаётган ишчилар учун барча зарур меҳнат ва дам олиш шароити яратилган. Жамоанинг асосий қисми ёшлардан, хусусан, юртимиздаги касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари битирувчиларидан иборат. Улар замонавий ускуналарда ишлаш жараёнини пухта ўзлаштирган.

– Мамлакатимиз корхоналари ўртасида тобора мустаҳкамланиб бораётган кооперация алоқалари самарали фаолиятимиз учун катта имкониятлар яратаётир, – дейди “Belting Rezina” масъулияти чекланган жамияти бош директори Сайфулла Қосимов. – Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 10 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони хорижий шериклар билан ўзаро ҳамкорлигимизни фаол кенгайтириш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда.

Корхона мамлакатимизда ва хорижда анъанавий тарзда ўтказиладиган халқаро кўргазмаларда мунтазам иштирок этмоқда, истиқболли шартномалар тузиб, харидорлар сафини кенгайтирмоқда.

Ҳа, мамлакатимизда яратилган қулай сармоявий муҳит, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий барқарорлик, амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар чет эллик ишбилармонлар билан ҳамкорликда кўплаб лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилишига, иқтисодиётимизнинг янада юксалиб, халқимиз фаровонлигининг ошишига хизмат қилмоқда.