Рамазон – меҳр-мурувват ва шукроналик ойи
Ислом олами учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кунларида Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги “Амири Аҳтам” зиёратгоҳининг тантанали очилиши юртимиз маънавий ҳаётида аҳамиятли воқеага айланди.
Маросимни Жиззах вилояти бош имом-хатиби Меҳмонхон домла Жабборов очиб, сўзни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқуловга берди.
Қайд этилганидек, мазкур эзгу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 12 октябрдаги “Тарихий-диний мерос объектларини асраб-авайлаш ва уларни ободонлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди. Сўнгги йилларда муқаддас қадамжоларни тиклаш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва зиёрат туризмини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ана шундай амалий ишлар мисолида яққол намоён бўлмоқда.
Лойиҳа доирасида “BMB Holding” томонидан 4 миллиард сўм маблағ беғараз ажратилди. Қисқа муддатда зиёратгоҳ мажмуаси янгидан барпо этилди, ҳудуд ободонлаштирилди, зиёратчилар учун барча шароитлар яратилди, бир километрга яқин йўл асфальтланди. Мажмуа Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги балансига топширилди.
[gallery-27927]
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов, Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Сардор Шукруллаев, “BMB Holding” таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов, Шароф Рашидов тумани масжидлари имом-хатиблари, оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Сўзга чиққанлар Рамазон ойи давом этаётган айни муборак кунларда бундай улуғ зиёратгоҳнинг қайта тикланиши катта аҳамиятга эканини таъкидлаб, муқаддас масканларни асраб-авайлаш халқимизнинг азалий қадрияти эканини қайд этдилар.
Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, йиллар давомида қаровсиз ҳолатда бўлган бу қадамжо бугун мутлақо янги қиёфада намоён бўлди. Замонавий ва обод мақбара, қулай номозхона ва дам олиш ҳудудлари барпо этилгани аждодлар хотирасига юксак эҳтиром ифодасидир.
Мазкур қадамжо ҳақида Жиззах давлат педагогика университети ўқитувчиси Жамолиддин Жўраев шундай дейди:
— Бугун биз нафақат бир зиёратгоҳнинг очилишига, балки миллатимиз маънавий ҳаётида янги саҳифанинг очилишига гувоҳ бўлмоқдамиз. Мустақиллик йилларида муқаддас қадамжоларни обод этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 2021 йил 12 октябрда қабул қилинган қарор тарихий-диний меросга бўлган юксак ҳурмат ифодасидир. Амири Аҳтам ҳақидаги маълумотлар XVIII асрда яшаган Собир Сайқалийнинг “Аҳтамнома” асарида учрайди. Қўлёзмалар Фанлар академиясининг Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи ҳамда Шарқшунослик институти қўлёзма фондларида сақланмоқда. “Аҳтамнома” инсонпарварлик, бағрикенглик ва тинчлик ғоялари билан суғорилган асар бўлиб, халқимиз маънавий меросининг ажралмас қисми ҳисобланади. Кейинчалик марҳум профессор Олимжон Жўраев томонидан унинг айрим қисмлари ўрганилган. Бугунги ободлик ишлари ана шу бой меросни халққа яқинлаштиришга хизмат қилади.
Дарҳақиқат, муқаддас қадамжоларни тиклаш — бу фақат меъморий бунёдкорлик эмас, балки миллат хотираси ва маънавий ўзликни асраш, тарихий меросни келажак авлодга етказиш демакдир. “Амири Аҳтам” зиёратгоҳининг қайта барпо этилиши ана шу эзгу йўлдаги яна бир изчил қадам бўлди.
Маросим якунида мажмуа зиёрат қилиниб, муборак Рамазон ойи муносабати билан юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги тилаб дуо қилинди. Меҳмонлар учун экскурсия ташкил этилди. Саховат тадбири “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ўтказилган ифторлик дастурхони билан давом этди. Унда 300 нафарга яқин меҳмон — диний соҳа вакиллари, маҳалла оқсоқоллари, кам таъминланган оилалар аъзолари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари