French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амир Темурнинг қиличини асраган шоҳ ёхуд инсон бойликни ҳам қизғаниб яшаши керакми?
11:16 / 2020-11-30

Дедиларки, инсондаги ҳар қандай хислатнинг яхши ва ёмон томони бор. Худбинлик деганда доим қизғанчиқлик, эгоизм тушунилади. Аммо биз ёмон иллат деб билаётган қизғанчиқлик инсон тарбиясидаги энг марказий ғоя эканлигини ҳеч тасаввур қилиб кўрганмизми?

Муаллимлар ҳам гоҳида қизғанчиқликни аямай «савалайди». Бир ўйлаб кўрайлик нимани қизғаниш, нимани қизғанмаслик керак?  

Манбаларга мурожаат қилиб, охир-оқибат зоҳири инсон қуйидаги беш нарсани қизғаниб яшаши керак экан, деган қатъий тўхтамга келдим. Биринчи қизғаниладигани – Она Ватан, иккинчиси, ўзининг иймони, учинчиси шахсий сиҳат-саломатлиги, тўртинчиси оиласи, бешинчиси бойлигини авайлаши керак экан.  

Бу неъматларни ҳар қанча қизғансанг, одамга шунча ярашади, унинг хулқи ва кўркига-кўрк қўшади. Дарҳақиқат, уларнинг бирортасини дафъатан йўқотиб қўйсанг, асло топа олмассан. Бундан бошқа барча нарсаларнинг қадр-қиммати булар олдида қиймати паст саналади.  

Мана шуларнинг моҳиятини фарзандларимизга чуқур талқин этиб бериш тарбияни шаклланишида асқатади. Она Ватанни қизғанишга жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Беватан инсон ватангадо бўлади. Ҳамид Олимжоннинг қуйидаги бетакрор мисралари Ватан қадрига чорлайди:

Водийларни яёв кезганда,

Бир ажиб ҳис бор эди менда.

Чаппар уриб гуллаган боғин,

Ўпар эдим Ватан тупроғин.

Биргина Бобур Мирзони олайлик. У ўзи туғилган Андижонни бир умр соғинди, қизғанди, унинг фироқида яшади. Бобур Мирзо Андижон тахтини эгаллаб, темурийлар салтанатини қайта тиклаш учун Самарқандга юриш қилади. Узоқ қамалдан сўнг шаҳарни эгаллайди. Турли бош-бошдоқликлар туфайли мамлакат инқирозга учраган. Кўнгилдагидек ўлжаларга эга бўлмаган айрим беклар Андижонга қоча бошлайди. Ҳокимият илинжида қора кучлар Жаҳонгир Мирзонинг ғўрлигидан фойдаланиб, унга таъсир кўрсатишади. Оқибатда қўғирчоқ шаҳзода Бобур Мирзога қарши чиқади. Самарқанддан ҳам, Андижондан ҳам айрилган Бобур Хўжандда онаси ва эгачиси билан учрашади.  

Ватанни улуғ саркарда ҳарчанд қизғанса-да, унинг тақдирига Афғонистон, Ҳиндистон каби ўзга юртларда умргузаронлик қилиш битилди.  

Шу ўринда Бобур Мирзога оид яна бир далил, яъни у бир умр Соҳибқирон Амир Темурнинг қиличини асраб-авайлаб, қизғаниб яшаганлигини айтиш ўринли. Бобур Мирзо ўлими олдидан ўғлига мерос сифатида қуйидагини васият қилади: “Ўғлим, менинг қанча умрим қолгани Худога аёндир. Соҳибқирон бобокалонимизнинг мана шу қиличини энди сен тақмоғинг керак. Бу қиличда «Куч адолатдадир» деган сўзлар битилган. Доим одил бўлгин-у мағлуб бўлмагин”.

Инсонни иккинчи қизғаниши керак бўлган бойлиги, бу – унинг иймонидир. Иймон – ўзи нима? Иймонсизлик-чи? Диний адабиётларда мазкур саволларга мухтасар жавоб топиш мумкин. Ўқитувчиларга ушбу тушунчаларни содда усулда тушунтириш керакки, токи бу тарбия бир умр унга ҳамроҳлик қилсин. Ватан ва иймон эт билан суякдек бир-биридан ажратиб бўлмайдиган тушунчалардир. ”Ҳуббул Ватану минал иймон”, дейилади муқаддас ҳадис-шарифларда, яъни «Ватанни севмоқ – иймондандир».

Демакки, Ватанни севиш, ота-онани ҳурмат қилиш, мактаби, маҳалласига меҳр бериш, устоз, ўртоқларини эъзозлаш иймоннинг боши, дебочасидир. Бола катта бўлган сари ана шу туйғулар асосида дастлабки сабоқлар натижасида шакллана боради.  

Одам зотига хос яна бир қизғаниладиган нарса, бу – сиҳат-саломатликдир. Инсон ҳаётга бир маротаба келади. Унинг саломатлиги жойида бўлмас экан, ҳеч нарса татимайди. Ҳозир давлат ташаббуси билан аҳолининг соғлигини сақлаш учун турли спорт иншоотлари бунёд этилмоқда, пиёда юриш, велосипеддан фойдаланиш рағбатлантирилмоқда. Айниқса, болалар спортига эътибор қаратилди. Биринчи синфдан токи тўққизинчи синфгача мактабда ўнлаб диспансерлик назоратлари ва бепул болалар эмланадилар. «Соғ танда – соғлом ақл» деганларидек, болалар тетик ва бардам улғаймоқдалар.

Қизғанилиши лозим бўлган тўртинчи нарса, бу – оиладир. Оила ҳақида ҳам мактаб ўқувчисига ўзига хос, ёшига мос қилиб тушунтирилиши керак. Оиладаги кекса авлодни, ота-онани, оила аъзоларини ҳурмат қилиш, уларнинг айтганини бажариш, улар иш буюрганларида «уф» тортмаслик, уларни хавотирга солмасдан вақтида уйга бориш, тартиб-интизомга риоя қилиш – буларни барчаси оила интизоми cилсиласига киради.  

”Фарзандинг етти ёшгача райҳонинг, унга еттини қўшсанг – дастёринг ва унга яна еттини қўшсанг – вазиринг ва унга яна еттини қўшсанг – дўстинг ёки душманинг бўлади”, дейди  донишмандлар.  

Бола ўқиб, муносиб ҳаёт йўлини топса, соғлом бўлиб, ота- онага ташвиш келтирмаса, пировардида вояга етиб оила қурса, бошқалар ҳавас қилса, у дўстдир. Буларнинг  акси бўлса-чи,  у душман. Бунда ота-она сиқилади, муддатидан аввал турли дардларга чалинади.  

Қизғанилиши керак бўлган бешинчи нарса, бу – бойликдир. Аксарият болалар бойлик деганда моддий унсурларни тушунадилар. Моддий бойликлар билан бир қаторда номоддий бойликлар борлигини фаҳмлайвермайди.

Аслида инсон ер юзида пайдо бўлибдики, бойлик қизғанилади. Кўп уруш ва жанжалларнинг асл сабаби ҳам бойлик талашиш бўлиб келган. Бу – инсонга азалдан мерос бўлиб қолган ҳолат. Болаларга ушбу тушунчаларни етказишда ”Китобларингиз, ўзингизга тегишли нарсаларни бошқалардан қизғанасизларми?” сўраш керак. Шунда улар нафақат ўз мол-мулки балки, кўпчиликнинг корига ярайдиган барча жамоат мулкини асраши лозимлигини гапиради.  

Миллий мусиқа, анъаналар ҳам, тарихий китоблар, миллий байрамлар ва шунга ўхшаш қадриятлар номоддий бойлик эканлиги боис, бу бебаҳо бойликларни ёмон кўзлар қизғанилади, асралади.

Яхши тарбияланган инсон юрт бойлиги, келажагимиз пойдевори. Инсон ўзи мураккаб хилқат. Унинг тарбияси эса жуда сермашаққат иш. Тарбия иши ҳеч қачон бир қолипда бўлмаган. Ҳар бир ўқитувчи, ота-она ўзининг услубига суяниб ёндашади. Энг муҳими тарбия шундай гўзал бўлсинки, унга ҳамманинг ҳаваси келсин.

 

 

Бахтиёр КАРИМОВ, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси