Ватанимиз тарихидаги 15 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1402 йил (бундан 619 йил олдин) – Амир Темур Византия императорининг Константинополдаги ноиби Иоанн VII Палеолог номига турк султони Боязид Йилдиримга қарши ўзаро ёрдам масаласида хат йўллади. Хатнинг мазмунига қараганда, Константинополь императори ва Генуянинг Перадаги (Константинополь атрофидаги мавзе) ҳокими Боязидга қарши курашда Темурга хизмат қилиши, ҳатто унга “одамлар ва ҳар қайсиси 20 тадан 40 ҳарбий кема билан” ёрдам бериш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар. Буни кейинчалик Самарқандга келган испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо ҳам ўз кундалик дафтарида қайд қилиб ўтган.
1586 йил (бундан 435 йил олдин) – бухороликлар томонидан амалга оширилган, қарийб қирқ кун давом этган Кўлоб қалъаси қамали ниҳоясига етди. Қамал натижасиз бўлди. Кўлобга юриш шу йилнинг 7 апрелида бошланган эди. Юришга Бухоро хони Абдуллахон II ва унинг тахт нориси, Балх ҳокими Абдулмўмин султоннинг ўзлари бошчилик қилдилар. Натижада қамал жангларида Абдуллахоннинг ўзи шахсан иштирок этди. Оқибатда қалъа мудофаачиларининг қаршилиги синдирилди. Кўлоб ўша йилнинг 11 июнида шайбонийлар қўшини тарафидан ишғол эгилди. Қалъа аҳли қатли ом қилинди, мудофаа иншоотлари эса ер билан яксон этилди.
1886 йил (бундан 135 йил олдин) – Тошкентнинг Шайхонтаҳур даҳасида 1-Эркаклар ва амбулатория касалхонаси ўз фаолиятини бошлади. Тарихчи Хайрия Бўриеванинг ёзишича, 1898 йилда касалхона учун Шайхонтаҳур кўчасида махсус уй ажратилган. Мазкур шифохона Эски шаҳар ҳудудидаги илк очилган, фақат эркаклар учун хизмат кўрсатувчи тиббий маскан бўлгани ва бу ерда ҳам тиббий маслаҳат бериш, ҳам биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ҳам стационар даволаш қўлланилгани учун 1-Эркаклар ва амбулатория касалхонаси деб аталган.
1897 йил (бундан 124 йил олдин) – Тошкентда ташкил қилинган кўнгилли “Озод ўт ўчириш жамияти”нинг Низоми қабул қилинди. Бу Низомда жамиятнинг мақсади, ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўрсатилган. Жамиятни молиявий жиҳатдан сақлаш аъзолар бадаллари ҳисобидан бўлган.
1937 йил (бундан 84 йил олдин) – геоботаник, эколог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Амин Бахиев таваллуд топди. У Амударёнинг қуйи қисмидаги ўсимликлар қопламини ўрганган ва ҳамкорликда геоботаник хариталар тузиш усулларини ишлаб чиққан. Амин Бахиевнинг илмий фаолияти Орол денгизи атрофидаги ўсимликлар қопламини саклаб қолиш ҳамда денгизнинг қуриши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга бағишланган.
1948 йил (бундан 73 йил олдин) – Тегишли қарорга кўра, Самарқанд университетига, Тошкентдаги опера ва балет театрига, Ўзбекистон марказий халқ кутубхонасига Алишер Навоий номи берилди.
1992 йил (бундан 29 йил олдин) – маҳаллий вақт билан соат 13 дан 8 дақиқа ўтганда Фарғона водийсининг шимоли-шарқидаги Избоскан қишлоғида кучли зилзила содир бўлди. Избоскан зилзиласининг кучи Қўчқорота, Мойлисой, Маданиятда 7 балл, Пойтуғ, Ҳаққулобод, Андижонда 6 балл, Ўш, Жалолободда 5 балл, Фарғона, Чустда 4 балл, Тошкент, Душанбеда 3 баллга етди.
2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Чорвоқ» эркин туристик зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Халқ саломатлиги миллий кенгаши фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади