English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амир Темурнинг “беш йиллик юриш”и бошланган кун
09:05 / 2021-05-24

Ватанимиз тарихидаги 24 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1392 йил (бундан 629 йил олдин) – Амир Темур ўзининг “беш йиллик юриш”ини бошлади. Бу воқеа тарихчи олим Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асарида қуйидагича қайд этилади: “Амир Соҳибқирон бахтли толеъ билан Тўқтамишхон муҳорабасидан қайтиб келгач, унинг кескин раъйи илгари тасхир қилгани Эрон мамлакатларидан яна бир ўтишни ва мамлакат юзини мухолифлардан тозалашни тақозо этди. Шунга биноан туркларнинг маймун йилига тўғри келадиган етти юз тўқсон тўртинчи йил ражаб ойининг бошида (1392 йил 24 май) жума куни сафарни ихтиёр қилиб, ҳумоюн байроқлар ҳаракатга келди...”

1411 йил (бундан 610 йил олдин) – тарихчи олим Турғун Файзиевнинг қайд этишича, Темурийлар ҳукмдори Шохруҳ Мирзо Бодхез мавзесида дам олаётган чоғда, ўн уч ёшли набира жияни Умаршайх Мирзо хоқоннинг ҳузурига нажот истаб келди. Шоҳруҳ Мирзо шаҳзодага шафқат ва мурувват кўрсатиб, ўз саройида олиб қолди. Шаҳзода умрининг охиригача Ҳиротда – Шоҳруҳ Мирзо мулозаматида ҳаёт кечирди.

1719 йил (бундан 302 йил олдин) – Бухоро хонлигида шаклланган одатга мувофиқ ражаб ойининг жума куни пойтахтнинг жоме масжидида халойиқ йиғилиб, дабдабали намоз ўқилди ҳамда тўла хатми Қуръон қилинди. Халқ байрамига айланган ва одамлар бир-бирларини табриклаб, бир-бирлариникига меҳмондорчиликка борадиган бу кунни тарихчи ва мунажжим Абдураҳмон Толе ўзининг “Тарихи Абулфайзхон” асарида қуйидагича қайд этади:

“Бир минг бир юз ўттиз биринчи йили улуғ ражаб ойининг тўртинчисида жума (милодий 1719 йил 24 май) куни гўзал Бухорода шон-шавкатли подшоҳларнинг шундай удуми бор эди: ражаб ойининг жума кунида зодагон ва оддий халқ, подшоҳ ва қул, [яъни] пойтахтнинг жомеъ масжидида халойиқ йиғилиб жума намозини адо этардилар. Бу кунни халқ байрам деб билади, ҳамма бир-бирини байрам билан табриклайди. Шавкатли подшоҳ улуғ амирлар, тўла ҳашаматда жомеъ масжидга келади. Бу одат Абдулазизхоннинг Арабистондаги иккала муқаддас шаҳар [Макка ва Мадина]га ҳажга бориб келганининг дастлабки йилларида пайдо бўлганди...”

1862 йил (бундан 159 йил олдин) – Тошкентдан Худоёрхон, Ўратепадан амир Музаффар қўшинлари йўлга чиқиб, Хўжандни эгаллади. Бу воқеа ҳижрий 1278 йил зулқаъда ойининг йигирма бешинчи куни (милодий 1862 йил 24 май)да рўй берди. Хўжанд забт этилгач, тезда иттифоқчилар қўшинлари Қўқонни ҳам эгалладилар. Шу тариқа амир Музаффарнинг ёрдами билан Худоёрхон иккинчи марта Қўқон тахтига ўтирди. Лекин унинг бу галги ҳукмронлиги (1862–1863) узоққа чўзилмади.

1890 йил (бундан 131 йил олдин) – мусиқий фольклоршунос, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Елена Романовская таваллуд топди (вафоти 1947 йил). У 27 ёшидан бошлаб умрининг охиригача Ўзбекистонда яшаган. Елена Романовская ўзбек аёллар қўшиқлари, Хоразм мақомлари, дутор куйларини нотага ёзиб олиб, нашр эттирган. Булар орасида 2 жилдли “Ўзбек халқ қўшиқлари” тўпламининг аҳамияти катта.

1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан кўп йиллик ҳалол меҳнати, ўзбек адабиётини ривожлантиришдаги хизматлари ва фаол жамоат фаолияти учун Ойдин Ҳожиева ва Ҳалима Худойбердиева “Ўзбекистон халқ шоири”, Неъмат Аминов “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” фахрий унвонлари билан мукофотланди.

1994 йил (бундан 27 йил олдин) – Тошкентда Қозоғистон элчихонаси очилди.

2016 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим тизими учун хорижий ўқув ва илмий адабиётлар харид қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2017 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади