Ватанимиз тарихидаги 28 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1389 йил (бундан 632 йил олдин) – Амир Темурнинг пири (устози), улуғ шайхулислом Зайниддин Абубакр Тайободий вафот этди (айрим манба ва адабиётларда улуғ шайхнинг вафоти санаси сифатида 29 январь санаси қайд этилган). Тайободий Шамсуддин Кулол ва Саййид Баракадан сўнг Амир Темурнинг учинчи пири бўлди. “Зубдат ут-таворих” асарида Ҳофизи Абрў Амир Темурнинг Хуросонга юриши пайтида – 1381 йилда у билан учрашгани ҳақида ҳикоя қилган. Муаррих Фасиҳ Хавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” асарида ҳам шундай маълумот келтирилган.
“Темур тузуклари”да қайд этилишича, Абубакр Тайободий Амир Темурга қуйидаги мазмунда мактуб юборган. Пирим (Абубакр Тайободий) менга ёзмишларким: “Абулмансур Темур, салтанат ишларида тўрт нарсага амал қилгин, яъни: 1) (ўзинг билан) кенгаш; 2) (бошқалар билан) машварату маслаҳат айла; 3) ҳушёрлигу мулоҳазакорлик билан қатъий қарор чиқар; 4) эҳтиёткор бўл. Чунки кенгаш ва машваратсиз салтанатни барча қилган ишларию айтган гаплари хато бўлган жоҳил кимсага қиёслаш мумкин; унинг сўзлари ва қилмишлари бошга пушаймонлик ила надомат келтиргай. Шундай экан, салтанатни бошқаришда машварату маслаҳат ва тадбир билан иш юритгин, токи оқибатда надомат чекиб, пушаймон бўлмагайсан.
Яна шуни ҳам билгилким, салтанат ишларининг бир қисми сабру тоқат билан бўлгай, яна бир қисми эса билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка солиш билан бичур. (Хуллас) тадбирлардан огоҳ қилингандан кейин шуни айтиш жоиздирким, қатъийлик, ҳушёрлик, эҳтиёткорлик, шижоат ва сабр-чидам билан барча ишлар амалга оширилгай. Вассалом”.
1871 йил (бундан 150 йил олдин) – Ўрта Осиё олимлари жамиятининг биринчи очиқ мажлиси бўлди. Мазкур жамият 1870 йилда юзага келган эди. Бу жамият ўз олдига Ўрта Осиё тарихи, географияси, эгнографияси, статистикаси, иқтисодиётига оид маълумотларни тўплаш, ишлаш ва тарқатишни мақсад қилиб қўйган.
1918 йил (бундан 103 йил олдин) – тарихчи Аваз Ерметовнинг қайд этишича, Туркистон ўлкаси милициясини кадрлар билан тўлдириш юзасидан кенгаш бўлиб ўтди. Кенгашда “Туркистон шаҳар ва туманлари учун милиция кадрлари”ни ташкил этиш тўғрисидаги Низом лойихаси муҳокама қилинди.
1942 йил (бундан 79 йил олдин) – Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Совети ва Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси 164-сонли қарор қабул қилди. Ушбу қарор фронтга совғалар тўплашни ташкил этиш ҳақида бўлиб, алоҳида ўрнак кўрсатган жангчиларга якка тартибда ҳам совғалар тайёрлаш кераклиги назарда тутилган эди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида жангчилар учун Ўзбекистондан совғалар тинимсиз юбориб турилди.
1992 йил (бундан 29 йил олдин) – Тошкентда микология ва протозой касалликлари бўйича Ўрта Осиёда биринчи илмий марказ очилди.
2000 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент давлат университетига «Ўзбекистон Миллий университети» мақомини бериш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2016 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий маҳорат спорт мактаблари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади