English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Амир Темур ва темурийлар мероси" эллараро илмий йиғини ўтказилди
10:18 / 2025-04-08

Ўзбек халқи ва давлатчилиги, кишилик цивилизацияси тарихида буюк хизматлари билан танилган, Темурийлар уйғониш даври асосчиси улуғ Амир Темурнинг 689 йиллиги муносабати билан ФА Тарих институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети биргаликда "Амир Темур ва темурийлар мероси" эллараро илмий йиғинини уюштирди.

Йиғинни очиб берган Тарих институти директори, академик Азамат Зиё Амир Темур шахсидаги бирлаштирувчилик омили, темурийларнинг кишилик тарихидаги ўрни ва хизматларини умуммиллий ва халқаро даражаларда тадқиқ ва тарғиб этишнинг долзарблиги, айниқса, Темурийлар олтин даври бўйича бирламчи манбаларни юзага чиқариш, етук мутахассислар тайёрлаш заруратини таъкидлаб ўтди.

Туркиянинг Эгей университети профессори Жунейит Канат Амир Темурнинг дунёқарашидаги ўзгаришлар ва эврилишлар унинг ёшлигидан олдга қўйган мақсади бўлганлиги, бу мақсади учун интилиши, қаттиқ меҳнати туфайли буюк салтанат қура олганини ёрқин далиллар билан очиб берди. 

Темурийлар олтин даврида Турондаги илм-фан, хусусан, аниқ фанлардаги юксалиш ва ютуқлар, олимларнинг сермаҳсул фаолияти тўғрисида қизиқарли ва қимматли маълумотлар берган Тарих институти кичик илмий ходими Ислом Бўриевнинг чиқиши кўпчиликнинг диққатини тортди. Айниқса, ўша даврдаги кашф этилган янгича илмий қурилма ва асбоб-ускуналарнинг аҳамиятига урғу берилди. 

Италиянинг Напўли университети профессори Мишел Бернардини Европада Амир Темур номи унинг ҳаётлик вақтидаёқ ёйила бошлагани, турли манбалар асосида буюк Соҳибқирон ҳақида ривоятларнинг тўқилиши, кейинчалик унинг ўзсуратлари чизилиши, у ҳақида кўплаб асарлар ёзилиши, Скарлатти, Гендел, Вивалди, Гасперини, Пўрпўра ва бошқа кўплаб бастакорлар томонидан опералар яратилиши масалаларига тўхталиб ўтди.

Эрон миллий кутубхонаси директори Ғуломризо Амирхоний эса Темурийлар даврида ёзилган тарихий қўлёзмаларнинг Эрон жамғармаларида сақланиши, уларнинг нусхалари ҳақида қимматли маълумотлар билан бўлишар экан, Шоҳрухнинг ҳаётига доир кўпчиликка маълум бўлмаган "Маҳзар ал-таманий" тарихий асари тўғрисида маълумот берди.

Тарих институти кичик илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Камола Қаюмова темурийлар даврида бошқа фанлар қатори тарих фанининг ривожланишида ҳам Амир Темур ва унинг ворислари хизматлари катта бўлгани масаласини таҳлил қилиб берди.   

Тарих институти кичик илмий ходими Элёр Турдимирзаевнинг чиқишида эса араб манбаларида Амир Темур шахсиятига берилган баҳоларга тўхталинди. Хусусан, уларда Соҳибқироннинг жисмоний ва руҳий ҳолати мукаммал бўлгани, ўзига зарари тегса ҳам тўғриликдан воз кечмагани, ёлғондан ва ёлғон гапирганлардан нафратлангани, ҳарб ишида ҳам дунёда тенгсизлиги, айниқса, олимларга алоҳида ҳурмат кўрсатиб, уларни доим қўллаб-қувватлагани кўрсатиб берилди. 

Тарих институти таянч докторанти Нурулла Ахадовнинг чиқишида темурийлар даври адабий муҳитининг ўзига хос хусусиятлари, етакчи намояндалари адабий мероси, адабий йўналиш ва сиймолар такомили масалалари тўғрисида сўз юритилди. Шунингдек, темурийларнинг адабиётга муносабати орқали адабий-назарий тафаккур ривожи масаласи ёритиб берилди. 

"Амир Темур ва темурийлар мероси" эллараро илмий йиғинида эълон қилинган илмий натижалар, маърифий фикрлар халқимиз, айниқса, ёшларнинг тасаввурларини бойитишга хизмат қилади, деб тўлақонли айтиш мумкин.

Тадбир якунида Тарих институти томонидан таъсис этилган "Амир Темур ва темурийлар мероси" эллараро танлови ғолиблари эълон қилинди. Бош соврин – тегишли ёрлиқ ва 2000 АҚШ долларига Эгей университети профессори Исмоил Ака лойиқ кўрилди. Шунингдек, танловда кўзда тутилган, ҳар бири 1000 АҚШ долларига тенг учта рағбатлантирувчи соврин Напўли университети профессори Мишел Бернардини, Эгей университети профессори Жунейит Қанот, Эрон Миллий кутубхонаси мудири д-р Ғуломризо Амирхонийга тантанали равишда топширилди.

Куннинг иккинчи ярмида Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон тарих, шарқшунослик, археология, элшунослик институтлари директорлари ва улар ишончли вакилларининг Тошкент учрашуви бўлиб ўтди. Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти ташаббуси билан уюштирилган ушбу илк мулоқотда минтақа тарихи, маданияти, қадриятлари – умумий меросимизни биргаликда ва холис ўрганиш, ўтмиш ютуқлари ва сабоқларини халқларимизга етказиб бориш, шунингдек илмий ҳамкорликни ҳар томонлама кучайтириш, Марказий Осиё тарихчилари уюшмасини тузиш, "Турон" халқаро илмий журналини таъсис этиш, ёш тарихчиларни бирлаштириш каби масалалар бўйича келишиб олинди.

ЎзА