Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амир Темур сиймоси – миллий давлатчилигимиз тимсоли
14:07 / 2024-04-08

Бу йил Соҳибқирон бобокалонимиз Амир Темур таваллудининг 688 йиллиги кенг нишонланади. Шу муносабат билан айни кунларда юртимиз бўйлаб турли маърифий тадбирлар, давра суҳбати ва учрашувлар ташкил этилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири бугун Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгашида «Амир Темур сиймоси – миллий давлатчилигимиз тимсоли» мавзусида ўтказилди.  

Очиқ мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий ходими Санжар Ғуломов, Темурийлар тарихи давлат музейи илмий ходими Ботир Йўлдошев ва бошқалар истиқлол туфайли Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги адолат қарор топганини таъкидлаб, Амир Темур ва Темурийлар даври ҳақида тарихий манбаларда келтирилган маълумотлар ҳақида сўз юритди.  

– Амир Темур маънавий салоҳияти бир халққа хизмат қилиш чегарасидан чиқиб, умумбашарий ижтимоий омилга айланди, – деди олим Санжар Ғуломов. – Шу жиҳатдан унинг номи, сиймоси халқимизни бирлаштиришда, жипслаштиришда, қудратли келажагимизни қуришда бизга ҳамон куч-қувват ва шижоат бағишлаб турибди. Қонун устуворлиги соҳибқирон Амир Темур давлатининг белгиловчи хусусияти сифатида унинг ҳақиқий пойдеворини ташкил этган ва у ўз даврининг салоҳиятли ҳуқуқшуноси, фиқҳшунос ва олими бўлиб, давлатга раҳбарлик қилган. Улуғ аждодимизнинг ҳаёт йўли тарихчи олимлар, шоир ва ёзувчиларнинг доимий эътиборида бўлиб, минглаб тадқиқотлар ва юзлаб бадиий асарларга мавзу ва илҳом бергани, 600 йил мобайнида Амир Темурга бағишлаб Европа тилларида 500 дан зиёд, Шарқ тилларида эса 900 га яқин йирик тарихий асарлар ёзилгани ҳам фикримизни тасдиқлайди.  

Мулоқотда Соҳибқироннинг сиёсий ва ҳуқуқий қарашлари мажмуаси бўлган «Темур тузуклари» ҳақида ҳам сўз борди. Қайд этилганидек, «Тузук» сўзининг луғавий маъноси қонун-қоидалар тўплами, низом, деганидир. Бошқача айтганда, Тузук – Конституция, давлатнинг Асосий қонуни деганидир. Шу маънода «Темур тузуклари» Шарқ ва Осиё мамлакатлари цивилизациясига хос алоҳида шаклдаги конституциявий ҳужжат хусусиятига эга бўлиб, шариат қонунлари билан бир қаторда Марказий Осиё минтақаси халқлари тақдирига кучли таъсир ўтказган. 

 

Очиқ мулоқот давомида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган турли мавзулардаги маърузалар тингланди ҳамда Амир Темур сиймоси билан боғлиқ саволларга жавоб қайтарилди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА