Амир Темур ҳаётининг мазмуни, бетакрор фаолиятининг асосий мезони – Ватан озодлиги, Ватанга муҳаббат деган олий қадриятлардан иборатдир. Буюк давлат арбоби, ўрта асрлар ислоҳотчиси, саркарда, адолат учун толмас курашчи Амир Темур таваллудининг 687 йиллигига бағишланган тадбирлар мамлакатмизда кенг нишонланмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Амир Темурнинг буюк давлатчилик сиёсати: тарих ва ҳозирги замон” мавзуида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбир ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда Соҳибқирон Амир Темурни идеал шахс сифатида ўрганиш ҳамда Амир Темур — ўзлигимизни англаш, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда халқимизга маънавий куч бағишлаб келаётган улуғ сиймолардан бири эканлиги борасида ёшларга кенг маълумот бериш мақсадида ташкил этилди.
Анжуманда Амир Темур ўз замонининг кучли ва энг жанговар лашкарини ташкил қилишга муваффақ бўлгани, бобокалонимиз яратган қудратли армия жаҳоннинг ўша вақтдаги энг илғор армияси сифатида тан олингани, кейинчалик ҳам буюк саркардалар, ҳарбий мутахассислар томонидан эътироф этилгани, бир неча асрлар мобайнида ибрат ва андоза вазифасини ўтагани ҳамда ҳарбий санъат тарихи сифатида кенг кўламда ўрганилгани хусусида ҳам атрофлича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Амир Темур нафақат ўз давридаги энг қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, балки Осиё ва Европа қитъаларида рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган шахс эканлиги таъкидланди.
Анжуман якунида маърузачилар томонидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА