Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амир Темур мақбарасида реставрация ишлари олиб борилмоқда
13:00 / 2022-09-03

2022 йилда Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммити ўтказилиши юзасидан Амир Темур мақбарасида таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги ахборот хизматига кўра,  тегишли ташкилотлар томонидан ушбу ёдгорликда реставрация ишларини бажариш мақсадида илмий асосланган хулосалар ёрдамида лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилган. Лойиҳа Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашида маъқулланган. 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 мартдаги «2022 йилда туризм ва маданий мерос объектлари инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Самарқанд шаҳрида жойлашган «Амир Темур» мажмуасида гумбаз ва девор олд қисми, галереянинг пол қисмлари ва пештоқ мукарнасларини қайта таъмирлаш учун 3 миллиард сўм маблағ ажратилган.  



Манбаларга кўра, Амир Темур мақбарасини реставрация қилиш ишлари бундан ярим асрдан зиёд вақт олдин, яъни 1941 йилда амалга оширилган. 1996 йилда эса бу тарихий масканда қисман таъмирлаш ишлари олиб борилган.

6 асрлик тарихга эга буюк саркарда мақбарасида олиб борилаётган реставрация жараёнлари Маданий мерос агентлиги назорати остида ва унга малакали уста-реставратор, хаттот, олим, инженерлар ва бошқа соҳа мутахассислари жалб этилган. 

2021 йилда Эрон ва Туркия давлатларидан келган малакали мутахассислар Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларидаги моддий маданий мерос объектларини ўрганишган.

Экспертлар томонидан тарихий обидаларнинг ҳолати, уларни асрашга доир ишларни амалга ошириш юзасидан хулосалар берилган. Ҳозирда амалга оширилаётган ишлар ҳам айнан хорижий тажрибани ўрганган ҳолда, жаҳоннинг етук мутахассисларининг илмий асосланган хулосалари асосида маҳаллий уста-реставраторлар томонидан амалга оширилмоқда.  

Мутахассисларнинг фикрича, Марказий Осиё меъморчилигининг ноёб асари сифатида эътироф этиладиган Амир Темур мақбараси Самарқанднинг жанубий-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, ХIV аср охирида Темурий шаҳзода Муҳаммад Султон томонидан қурилган мадраса ёнида тикланган. Мақбара қурилиши Амир Темур ҳукмронлиги даврида бошланиб, Мирзо Улуғбек даврида тугалланган.

Темурий ҳукмдор Мирзо Улуғбек буюк бобосига юксак эҳтироми ифодаси ўлароқ, ушбу  мақбарани Темурийлар авлоди дафн этиладиган мақбарага айлантиради. Мақбара битгач,  Амир Темурнинг маънавий устози Мир Саййид Бараканинг жасади шу мақбарага кўчирилади. Бинонинг ички безаклари янгиланади, мақбара саҳнига дахмалар қўйилиб, атрофига мармар тошдан нафис панжара ишланади. 1424 йилда унинг шарқ томонига мақбарага олиб кирувчи кўп гумбазли галерея қурилган.

Мақбарада Амир Темурнинг ўғиллари — Мироншоҳ ва Шоҳруҳ султон дафн қилинган. Мақбаранинг ғарб ва жануб томонига ёндош қилиб қурила бошланган, лекин чала қолган улкан иморатлар Мирзо Улуғбек ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келади. 1449 йилда вафот этган Мирзо Улуғбек ҳам ушбу мақбарада мангу қўним топган. 

Ушбу табаррук масканлар юртимиз ва хорижий сайёҳларнинг доимий эътибори ва ҳайратига сазовор бўлиб келаётган тарихий обидалардан саналади. 

 

Н.Усмонова, 
ЎзА