English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амир Темур – куч-қудратимиз тимсоли
10:43 / 2024-04-09

Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 688 йиллиги Самарқандда ҳам кенг нишонланмоқда.

Анъанага кўра, бугун тонгда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, кенг жамоатчилик вакиллари Самарқанд шаҳридаги Амир Темур мақрабасини зиёрат қилиб, буюк жаҳонгирни ёдга олдилар. Қуръон тиловат қилинди.

Азалдан Шарқ ва Ғарбни боғловчи кўприк бўлган Самарқанднинг ер юзининг сайқали, илм-фан ва маданият марказига айланиши, улкан бунёдкорлик ишлари Амир Темур номи билан чамбарчас боғлиқ. Буюк соҳибқирон бу муаззам шаҳарни қудратли давлатининг пойтахти этиб танлаб уни яна ҳам обод қилди, бир-биридан кўркам бинолар қурдирди, гўзал боғлар яратди. Бу анъана темурий шаҳзодалар даврида ҳам давом эттирилиб, Самарқанд дунёга довруғ қозонди. Бугун ҳам ўз кўрку латофатини сақлаб келаётган Шоҳи Зинда мажмуаси, Амир Темур мақбараси ва масжиди, Регистон ансамбли, Хўжа Дониёр мақбараси ва яна кўплаб обидалар Соҳибқирон ва унинг авлодлари бунёдкорлик салоҳиятини намоён этиб келмоқда.

[gallery-16838]

1996 йилда шаҳар марказида Амир Темур ҳайкали ўрнатилиб, мақбара ва унинг атрофи обод қилингач, бу жой юртдошларимиз ва хорижлик сайёҳлар энг кўп келадиган масканга айланди. Айни чоғда вилоятда ўтказиладиган муҳим саналар ва байрам тадбирлари мазкур қутлуғ жойлардан бошланади, улуғ аждодимиз хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади. 

Тадбир қатнашчилари, вилоят ҳокимлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, бошқарма ва ташкилотлар, таълим муассасалари томонидан Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйилди.

– Амир Темур – бизнинг фахр- ифтихоримиз, ўзлигимизни англаш, куч-қудратимиз тимсоли, – дейди “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Шуҳрат Негматов. – Бу масканларга келган киши улуғ бобомиз ва бошқа аждодларимиз руҳини ҳис қилиб, улардан маънавий мадад олади. Биз шундай буюк зотларнинг авлодлари сифатида уларга муносиб бўлиш туйғусини қалбимизга сингдиради. Шу учун ёшларимиз буюк жаҳонгирни кўпроқ зиёрат қилиши, унинг ҳаёти, давлатчилик тарихини ўрганиши лозим.

Самарқанд шаҳридаги олий ўқув юртлари, музейлар ва бошқа муассасаларда Амир Темур таваллуд кунига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари