Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган ҳарбий қисмларда ўз хизматини олиб бораётган ҳарбий хизматчилар ўртасида “Амир Темур издошлари” танловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтди.
Дастлабки босқичда иштирокчилар “Темур тузуклари”, Амир Темур ҳаёти бўйича тест саволлари ва оғзаки савол-жавоблар бўйича ўз билимларини намойиш этишди.

Кейинги шартда ҳарбийлар Амир Темур ҳақида ўз фикрларини аниқ, қисқа ва таъсирчан етказиши керак бўлди. Бу босқичда иштирокчиларнинг таҳлил қобилияти, одамларни ортидан эргаштира олиш маҳорати баҳоланди. Учинчи шартнинг чаққонлик ва аниқлик синовида эса иштирокчилар камондан ўқ отиш, пичоқ улоқтириш бўйича ўзаро беллашишди. Тўртинчи шарт от спорти бўйича ўтказилди.

—Соҳибқирон Амир Темур таваллуд куни муносабати билан ташкил этилган мазкур беллашувда ҳарбийлар ўзларининг интеллектуал билими ва спорт кўникмалари намойиш этган ҳолда бир қатор шартлар бўйича беллашишди. Танлов қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди, — дейди ҳарбий хизматчи Орифжон Шукуров.
Фахрли биринчи ўринни эгаллаган ғолиб танловнинг мамлакатимиз босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири