Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
«Амир Темур империяси» номли асар тақдимоти бўлиб ўтди
10:34 / 2022-04-09

Марказлашган давлат асосчиси, буюк саркарда Амир Темур сиймоси ва у асос солган империя тадқиқ этилган кўплаб асарлар ёзилган. Шундай бўлсада тарихчи олимлар томонидан яратилаётган асарларда буюк сиймонинг давлат бошқарувидаги ўзига хос усуллари, услуби ва сиёсатининг ҳали фанга маълум бўлмаган қирралари ўз аксини топмоқда. Шундай китоблардан бири профессор Тўлқин Алимардоновнинг «Амир Темур империяси» деб номланди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тадбирда ушбу китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди. Сиёсатшунос, жамиятшунос ва файласуф олим Тўлқин Алимардоновнинг яқинда «Янги аср авлоди» нашриётида чоп этилган «Амир Темур империяси» монографияси бошқа бу турдаги асарлардан сиёсий-фалсафий таҳлил ва талқинлари билан фарқланади.

– Мана орадан 700 йилга яқин вақт ўтибдики, А.Темур сиймосига ва у киши қолдирган давлатчилик меросига бўлган қизиқиш бир дақиқа сўнган эмас. Бугунги кунда дунё миқёсида минглаб асарлар яратилган ва яна шунча асар яратиш устида ишлар олиб борилмоқда. Бунинг асосий сабаби, мўғул истилосидан топталган ва хўрланган, дини ва маданиятидан маҳрум бўлган халқнинг 35 йил ичида буюк давлатни империя сифатида шакллантира олган Амир Темур даҳосининг сиридадир. Қолаверса, инсоннинг бунёдкорлик туйғуларини, унинг шижоат ва жасоратини, эзгулик ва амалларини ватанпарварлик йўлида сафарбар қилишдаги сиёсати ва тамойилларидадир. Бугунги кунда юртимизда юз бераётган янгиланишлар, эркин фикр ва мушоҳадага бўлган имкониятлар айнан А.Темур яратган юксалиш фалсафасини ўрганиш имконини беряпти. Шундай экан биз давлатлар қандай юксалган ва ухлаётган халқни қандай қилиб уйғота олган деган савол орқали бугун бизни қийнаётган ва бизнинг олдимизда турган шарафли истиқболларимизнинг ечимларини беришга хизмат қилади. Ушбу масалалар янги нашр этилган китобимда ўз аксини топган, – деди Т.Алимардонов.

Мазкур китоб Амир Темур империясининг ижтимоий-сиёсий ва диний-маданий асосларини ўрганишга қаратилган. Унда туркий халқлар империясининг моҳияти, маданий мероси, Соҳибқироннинг давлат ва ҳокимият бошқаруви тартиботлари, салтанат идораси амаллари, сиёсий манфаатлар мутаносиблиги, ҳуқуқий муносабатлар, дин ва ҳокимият мувозанати, миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлигини ёритишга алоҳида эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, сиёсий ҳокимиятни шакллантириш концепцияси, адолат тамойиллари, давлат хизматчиларининг мақоми, Евроосиё минтақасида олиб борилган сиёсий амалиёти, саркарданинг ҳарбий маҳорати ва буюк шахс сиймосининг башарият тарихидаги тутган ўрни сиёсат фалсафаси нуқтаи назаридан талқин этилган.

[gallery-6554]

Файзулло Яҳёев, ЎзА