Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амир Темур ғорига саёҳат
21:58 / 2023-08-15

Саёҳат манзиллари

“Саёҳат манзиллари” рукни остида кўплаб сўлим гўшалар ҳақида мақолалар ёздик. Олис тоғдаги қишлоқлар, у жойларнинг самимий ва оқкўнгил одамлари, ажойиб табиати, мусаффо ҳавоси тўғрисида лавҳалар тайёрладик. Бу гал буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур макон тутган ғорга боришни мақсад қилдик. Аслида анчадан буён Темур ғорига саёҳатни режалаштирамизу, аммо айрим сабабларга кўра қолиб кетаётган эди.  

Ниҳоят фотомухбир билан ярим тунда йўлга отландик. Боиси йўлимиз олис эди. Темур ғори ҳудуд жиҳатдан Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани бўйлаб ўтган Ҳисор тоғ тизмасида жойлашган. Ушбу ҳудудлар “Ҳисор” давлат қўриқхонасига тегишли. Аммо у ерга Қамаши ва қисман Деҳқонобод туманига қарашли қишлоқлардан ўтиб бориш анчагина қулай. Қулайлик томони машина орқали ғорга яқин масофагача бориш мумкин.  

Қарши шаҳридан чиқиб Ғузор туманидан ўтиб, Қамаши тумани марказига етиб бордик. Кейин туманнинг Қизилтепа ва Лангар қишлоқлари томон машинамизни бурдик. Шу йўл орқали Деҳқонобод туманининг олис Дўконхона қишлоғича борилади. Йўлда давом этарканмиз тонг оқара бошлади. Тахминан 3 соатлар юрганда Дўконхона қишлоғига етиб бордик.  

Қишлоқда Ботир исмли ўрмон хўжалиги ходими бизни кутиб олди. Сафаримиз узоқлигини айтиб, нонуштага таклиф қилди. Қишлоқ одамлари эрта туриб, меҳнатга шўнғийди. Эрта тонг бўлишига қарамай ҳамма қимирлашни бошлаган. Кимдир елкасига кетмонни ташлаб далага отланган, яна кимдир ўт ўримига.

Нонуштадан сўнг йўлга отландик. Бу ёғига яна бир ўрмончи Дўстқобил Шукуровнинг “Нива”сида кетдик. Айтиш жоизки, Дўконхона энг охирги қишлоқ. У ёғи ўрмон. Хушбўй ҳид таратиб турган арчазорлардан ўтиб борар эканмиз, баъзан тик қияликлардан, баъзан ўртаси ёмғир ва қор сувлари оқишидан ариққа айланиб қолган унқур-чунқур йўллардан ҳаракатланамиз. Машина мотори гувиллаганча пишқиради. Қизиб кетади. Ҳайдовчи тўхтаб совутади. Олд қисмига муздек сув уради.  

Нишабликлардан кўтарилгач узоқдан қоялар кўринди ва кенгликка чиқиб олдик. Ҳудуднинг шу қисми чорва учун яйлов вазифасини ҳам ўтар экан. Қўй сурувлари ҳар ёнда кўзга ташланади. Ниҳоят “Қалъайи Шерон” дарасига етиб келдик. Бу ёғига машина юрмайди. Кўч кўронни елкага ташлаб пиёда ҳаракатландик. Қамаши давлат ўрмон хўжалиги вакиллари йўл бошлашди.  

Узоқдан қоя биқинида ғор оғзи кўзга ташланади гуё яқингинада тургандик. Аммо борган сайин узоқлашади. Тик қияликдан пастга энамиз. Ёлғизоёқ суқмоқ зигизак шаклида. Чунки тикка тушишнинг имкони йўқ. “Қалъайи Шерон” дарасини қоқ иккига бўлиб, оқиб ўтаётган “Қашқадарё” дарёсининг бош оқими шу ердан бошланади. Дарёнинг ҳар икки томони салкам 200 метр баландликдаги қоялардан иборат. Амаллаб дарё лабигача тушиб келдик. Энди ёғоч кўприкдан уни кесиб ўтиш керак. Гўзал табиатли бу жойлар гиёҳларга бой дейди ўрмончилар. Йўл-йўлакай далачойи, дуғбойи, зирк ва бошқа-бошқа шифобахш гиёҳлар шундоққина оёқларимиз остида ўсиб ётибди. Қоялар биқинидан сизиб чиққан чашмалар йиғилиб-йиғилиб ажойиб шаршараларни ҳосил қилган. Тошдан-тошга урилиб тушаётган сувга тирмулсанг дам оласан киши. Тоғ йўли машаққатли. Чарчаганда харсанг тошларга ўтириб дам оламиз. Атрофни томоша қиламиз. Табиат аталмиш буюк рассом чизган санъат асаридан баҳра оламиз.  

Дарё қирғоғидан борар эканмиз уч марта дарёнинг у томонидан бу томонига ўтишга тўғри келди. Ниҳоят қирғоқ пастда қолди. Юқорига секин кўтарила бошладик. Тик қоялар кишида ажойиб таассурот қолдиради. Тартиб билан тахтланган қат-қат қоялар ўзига ром этади кишини. Баъзи жойларда қоятошлар шу қадар хавфли турибдики, тушиб кетади деб ўйлайсан киши.  

[gallery-13130]

Буюк соҳибқирон Амир Темур номи билан аталувчи ғорга ниҳоят етиб келдик. Узоқдан кичкинагина туйнук каби кўринган ғорни олдига етиб борганимизда ниҳоятда маҳобатли эканига гувоҳ бўлдик. Ушбу ғор Амир Темур номи билан аталсада, унинг жуда қадимий эканлиги кўриниб турибди. Балки қадимги аждодларимиз ҳам уни макон қилгандир. Нима бўлганда ҳам доим инсониятга бир бошпана вазифасини бажариб келган у.

Ғор оғзи иккита. Ҳамроҳларимизнинг айтишича, чап томондагиси отхона ва ўнгдагиси қўноқ вазифасини бажарган. Ҳақиқатда ушбу ғордан Темур бобомизнинг ҳарбий мақсадларда фойдаланган ёки фойдаланмагани хусусида бирорта ёзма маълумот топа олмадик. Аммо ғорнинг тузилиши ва жойлашуви стратегик аҳамиятга эга. Биринчидан жуда ичкарида жойлашган ва осонликча кўзга ташланмайди. Душмандан ҳимояланиш учун катта имкониятга эга.  

Олдида кенг ва тош бўлакларидан ўзига хос супа қурилган. Йиллар давомида оғир тошларнинг ўпирилиб тушиши натижасида нураб қолган бўлсада, ўз даврининг моҳир усталари тергани сезилиб турибди. Супанинг олд деворини теришда арматура ўрнига арча ёғочларидан фойдаланилган. Шу боис орадан нега асрлар ўтганига қарамай девор сақланиб қолган.  

Саёҳатни бироз қисқа ва ҳаракатланиш осон бўлган ғор ичидаги отхонадан бошладик ичкаридаги қоронғулик юракка бироз хавотир солса-да, ёритиш асбоблари ёрдамида оҳиста одимлаб йўлга тушдик. Қулоқларимизга оёқларимиз остидаги тошларнинг овозидан бошқа сас эшитилмайди.

Ғор тепаси анчагина баланд бўлиб, ичи 3-4 отлиқ бемалол ёнма-ён юра оладиган даража кенг эди. Баъзи жойларда турли шаклдаги мармарсимон тошлар бўлиб, бу ҳам ғорга афсонавий манзара бағишлаб туради. Албатта ўтган асрлар ғор кўринишига бироз ўзгаришлар берганини ҳам сезиш қийин эмасди. Бироз юргач, ёруғлик кўринди. Бу ғорнинг нариги томони бўлиб, бу томон ҳам ғор оғзи каби ости тошлар билан супа қилинган. Шу ерда бироз ҳордиқ чиқаргач, ортга қайтдик. Эндиги навбат соҳибқиронга қўналға вазифасини ўтаган асосий ғор эди.

Отхонанинг ўнг томонидаги қўналға ғор (биз уни шундай атадик) бироз тепароқда. Унга чиқиш учун тошлар зинасимон қилиб терилган. Лекин вақт унга ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Ушбу ғорнинг ҳам баландлиги ва кенглиги отхонадан қолишмайди. Тобора ичкарига қараб ҳаракатланамиз. Соҳибқирон ва унинг оёқ излари қолган мазкур тарихий манзил кишига экстримал завқ беради. Инсон қадами узилганига узоқ йиллар бўлган ғор йўлаги борган сари торайиб борди. Кейин яна кенгайди. Ҳарорат ҳам кескин пасайди. Совий бошладик. Ғордаги сукунатни тошлар орасида сизиб чиқиб, чаккиллаб пастга тушаётган томчилар бузади. Деворлар мармарсимон кўриниш олган. Тарихнинг не-не сир-синоатларининг гувоҳи бўлган бу тош қоялар кўп ҳикматларни шивирлаётгандек қулоғимизга.  

Ғор ичидаги қоронғулик кишига ваҳима солади, аммо ёриткичларимиз мушкулимизни осон қилади. Тасодифий ёруғликдан чўчиган кўршапалаклар ғор бўйлаб, шовқин солиб учади.  

Йўлаклар яна торая бошлади. Бора-бора кичик бир туйнукка айланиб қолди. Илгари ундан судралиб ўтиш мумкин эди, дейди ўрмончилар. Эндиликда йўлакни тупроқ ёпиб қолган. У ёғига ўтишга жазм қила олмадик ва шу ердан ортга қайтишга мажбур бўлдик.  

Қайтар эканмиз бир кунлик йўл машаққатлари ёдимиздан кўтарилиб кетди. Ғордаги таассуротлар ва она табиат ажойиботлари чарчоғимизни чиқариб юборди.  

Шу ўринда яна бир гап. Ғор унинг атрофидаги табиат ҳозирча ўз табиийлигини сақлаб турибди. Ғорга олиб борувчи йўл анчагина машаққатли ва хавфли бўлгани учун кўпчилик кела олмайди. Агар у туризм объектига айлантирилса ва ғорга олиб келувчи йўллар қулайлаштирилса, бу ердан одам қадами узилмайди. Бу эса ғор ва унинг атрофини харобага айланишидан бошқасига хизмат қилмайди. Боиси мана шундай тарихий жойларнинг туризм объектига айлантирилгандан кейинги ҳолати кўпам кишини ҳурсанд қилмайди. Ғор унинг атрофидаги табиатнинг табиий тургани маъқул менимча. Тағин билмадим. Ҳар ҳолда ғорга бориб келар эканман шундай фикрлар ўтди хаёлимдан.  

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.