Ватанимиз тарихидаги 21 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1426 йил (бундан 595 йил олдин) – Амир Темур ва Шоҳрух салтанатида хизмат қилган донгдор амир Ғиёсиддин Шоҳмалик вафот этди. Шоҳмалик вафот қилгач, унинг жасадини Хоразмдан Машҳадга келтириб, Имом Ризонинг қабри ёнига ўзи қурдирган мақбарага дафн қилишди. Шоҳрух мирзо унинг ўрнига ўғли Носириддин султон Иброҳимни хоразмшоҳ этиб тайинлади.
Манбаларда қайд этилишича, Амир Темур Шоҳмаликни ёшлигидан тарбиялаган, ҳарбий салоҳиятни ўргатган. У Амир Темурнинг юришларида фаол қатнашган, Соҳибқироннинг энг ишончли кишиларидан бири бўлган. Шоҳмалик Амир Темур вафотидан сўнг Хуросонда темурийзода Шоҳрух хизматида бўлди. Қарийб уч йил давомида ҳали ёш бўлган Мирзо Улуғбекнинг Мовароуннаҳрни бошқаришига кўмаклашди. Кейинчалик умрининг охирига қадар Хоразмни идора қилди.
Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаи саъдайн” асарида келтирилишича, Амир Темур ўз вақтида Шоҳмаликнинг садоқатли буюк хизматларини қадрлаб, жуда кўп жойларни унга суюрғол тарзида инъом қилган. Шоҳмалик ўзига тегишли мулкларда мадрасалар, хонақоҳлар, масжидлар, работлар ва ҳовузлар каби кўп хайрли қурилишларни амалга оширган.
1528 йил (бундан 493 йил олдин) – Вильям Рашбрукнинг қайд этишича, Чандирий қалъасини эгаллаб турган Мава ҳокими Медини Раога қарши юриш бошлаган Бобур Чандирий қалъаси рўпарасида тўхтаб, қароргоҳ қурди. Тўпларни жойлаштириш учун қулай жойлар танланди, қалъа деворига чиқиш учун нарвонлар ва девор бузишга мўлжалланган анжомлар тахт қилиб қўйилди. Исёнкор ражпут сардорини яхшиликча таслим бўлишга чорлаб, Бобур унга анча енгил шартлар билан сулҳ тузишни таклиф қилди. Бироқ қайсар Медини Рао буни қўполлик билан рад қилди.
1583 йил (бундан 438 йил олдин) – ҳижрий 990 йил зулҳижжа ойининг йигирма иккинчи куни Бухоро хони Абдуллахон II нинг укаси, Шибирғон вилояти ҳокими Абдуллатиф султон вафот этди.
1918 йил (бундан 103 йил олдин) – Туркистон ўлкасида ғалла билан эркин савдо қилиш таъқиқланди. Хусусий мулк эгалари текинхўрлар деб эълон қилиниб, фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум қилинди.
1994 йил (бундан 27 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон-Тожикистон” ҳамдўстлик уюшмасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилди. Қонунчилик палатаси Президентнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги тақдимномасини кўриб чиқиб, Абдулла Ариповни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири этиб тасдиқлади.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади
ЎзА