French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амир Темур даврида бахшилар қандай вазифаларни бажарган?
14:12 / 2025-09-05

Соҳибқирон Амир Темур даврида сўзни қилич каби ўткир, қўшиннинг руҳи каби жўшқин, давлатнинг обрўси каби муҳим санашган. Бу замонда халқнинг қувончи ҳам, ғами ҳам, ғалабалари ва йўқотишлари ҳам, энг аввало, бахшилар томонидан достон қилиниб, авлоддан-авлодга ўтиб келган.

Бахшилар шунчаки достон айтувчи эмас, балки бутун бир даврнинг маънавий хотираси, тарихий воқеаларнинг тирик гувоҳи ва уларни бадиий ҳолда халқ онгига сингдирувчи кишилардан саналган.

Шу боис Темур саройида бахшиларни танлаш масаласи ниҳоятда жиддий ва масъулиятли жараён бўлган. Номзод бахши халқнинг турмуш тарзини, урф-одат ва қадриятларини мукаммал билиши, тарихий воқеаларни ёддан айта олиши, уларни бадиий талқин билан бойитиб, тингловчини ўзига ром эта олиши керак бўлган.

Уларнинг овози майдон тўла одамнинг диққатини бир нуқтага жамлаши, сўзлари эса аскарларга жанговар руҳ бағишлаши лозим эди.

Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарида келтирилишича, ҳар бир вилоятга етиб борган бахшилар халқнинг аҳволини, дардини, кайфиятини, муаммоларини суриштириб, султонга етказар, юрт аҳлининг итоати ва қаршилик даражасини маълум қилиб турган.

Бундай истеъдод эгалари синовдан-синовга солинар, овозининг жарангдорлиги, нутқининг равонлиги, хотирасининг кучи ва энг муҳими – сўз орқали таъсир ўтказиш маҳорати синчковлик билан баҳоланарди.

Саройга киришга муяссар бўлган бахшилар нафақат санъат аҳли, балки Темур салтанатининг маънавий қалқони, халқ ва ҳукмдор ўртасидаги мустаҳкам кўприк вазифасини ўтайдиган шахсга айланган.

Асарда келтирилишича, буюк султон ҳар бир юришга илмли, сўзга уста бахшиларни тайинлаб, ўта муҳим вазифаларни топширган. Улар ишончли кишилар бўлиб, воқеаларни нафақат ёзиб борган, балки халқ орасида тарқатиб, тилга кўчириб юрган.

Шунингдек, асарда Темур бахшиларни эҳтиёткорлик билан танлаб, уларга расмий ва норасмий ахборотни етказиш вазифаси юклатилгани кўрсатилган. Аммо бундай юксак вазифага ҳар ким ҳам даъвогарлик қила олмаган. Бахшиларни танлаш жараёни ўша даврнинг энг нозик ва масъулиятли ишларидан бири саналган ва бу жараён босқичма-босқич амалга оширилган. Ҳар бир босқичда номзоднинг нафақат овози, балки хотираси, сўзга бўлган меҳр-муҳаббати синчиклаб тўрт босқичда текширилган.

Биринчи босқичда истеъдоднинг уйғунлиги синовдан ўтказилган. Темур амрига биноан, аввало, истеъдод эгалари юрт бўйлаб излаб топилган. Уларнинг овози, сўз ёдлаш қобилияти, достон айтиш маҳорати синовдан ўтказилган. Дастлаб номзод бахшилар ўз достонини ёки халқ орасида машҳур бўлган бир асарни ёддан айтиб берган. Бу жараёнда сўзлар бир-бирига шунчалик уйғун келиши, оҳанг тингловчининг юрагига тегиши, гўё воқеани ўз кўзи билан кўраётгандек ҳис қилдириш маҳорати текширилган. Темур саройидаги ҳофизлар ва тажрибали бахшилар номзоднинг овоз тембрига, оҳангни ўзлаштириш қобилиятига, сўзлар ортидаги руҳни бера олишига алоҳида эътибор қаратган.

Иккинчи босқичда хотира ва билим даражасига қаралган. Бахшидан фақат шеър, достон ёдловчи эмас, балки халқ хотирасини тирик сақловчиси бўлиш талаб этилган. Шу боис номзоддан қадимий ривоятлар, шажаралар, тарихий воқеаларни мукаммал айтиб бера олиш сўралган. Унга турли юртлар, қаҳрамонлар ёки қадимий жанглар ҳақида тўсатдан саволлар берилиб, жавоблар эса нафақат мазмун жиҳатидан, балки бадиий ифодаси билан ҳам баҳоланган.

Учинчи босқичда руҳий таъсир кучи текширилган. Темур учун бахши – бу нафақат санъаткор, балки жангчи қалбига ишонч ва ғурур солувчи руҳоний куч бўлган. Шу сабаб номзод бир неча аскар ёки йиғилган халқ олдида чиқиш қилиб, уларни руҳлантириши талаб этиларди. Агар тингловчиларнинг кўзи чақнаб, юзида илҳом учқуни порласа, бу синовдан муваффақият билан ўтганининг белгиси сифатида қаралган.

Ниҳоят, тўртинчи босқичда садоқат ва одоб-ахлоқ қоидалари ўрганилган. Темур саройидаги бахшига халқнинг овози бўлиши билан бирга, ҳукмдорнинг шаъни ва давлатнинг обрўсини ҳимоя қилувчи шахс сифатида қаралган. Шу боис номзоднинг садоқати, ҳалоллиги, сўзга бўлган масъулияти ҳам синаб кўрилган. У шундай одам бўлиши керак бўлганки, қўлига етиб келган ҳар бир сўз тош каби мустаҳкам, юракка урилган найза каби таъсирчан бўлиши талаб қилинган.

Ана шу тўрт босқичдан муваффақиятли ўтганларгина Темур саройига қабул қилинар, улар бундан буёғига оддий инсон эмас, балки эл-юрт тарихининг овозли китоби бўлиб хизмат қилган.

Шунингдек, уларнинг қўшиқлари ва достонлари салтанатнинг овози, халқ қалбининг оҳанги бўлиб жаранглаган. Темур уларни «сўз жангчилари» деб атар, қилич эгаси юртни тан билан, бахши эса руҳ билан ҳимоя қилишини таъкидлаган. Шу тариқа Темур даврида бахши бўлиш шунчаки истеъдод эмас, балки эл-юрт хизматидаги юксак масъулият, давлат ва халқ олдидаги шарафли бурч бўлган.

Бугун эса ўша бахшиларнинг овози тарихнинг чуқур қатларидан эшитилиб, бизга ватанпарварлик ва сўз қудратининг беқиёс кучини эслатади.

Мансурбек ЖАББОРОВ,

лейтенант.

ЎзА