English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амир Темур давлат тизими конституцион тизим эдими?
14:03 / 2023-04-08

Юртимиз мустақилликка эришгандан кейин улуғ аждодларимиз, буюк мутафаккирларимиз номларини халқимиз ҳурмат ва эҳтиром билан эслаб, уларга ҳаққоний, ҳурмат-эҳтиром кўрсата бошланди. Айниқса, буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг меросини ўрганиш янги босқичга кўтарилди. Хорижда бу беназир зотга бағишланган кўплаб илмий, илмий-оммабоп, бадиий санъат асарлари яратилди, халқаро анжуманлар ўтказилди, унинг номи билан боғлиқ оммавий ташкилотлар тузилди, музейлар очилди.

ЮНЕСКО Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда Амир Темурнинг инсоният тарихидаги улкан хизматларини жаҳон аҳлига танитишда жонбозлик кўрсата бошлади. Бу биринчидан, улуғ бобокалонимизнинг жаҳон тарихидаги беқиёс нуфузидан далолат берса, иккинчидан миллат шаъни, унинг тарихий шон-шавкатини тиклаш йўлида буюк иш бўлди. Юртимизда 1996 йил – Амир Темур йили, деб эълон қилинди. “Темур тузуклари” бир неча тилларда чоп этилди. Амир Темур мақбараси қайтадан таъмирланди. 1996 йил 22-24 апрель кунлари ЮНЕСКО доирасида Парижда халқаро тадбир ташкил этилди.  

Амир Темурнинг буюк давлат тузиш мақсадлари ичида Ўрта Осиёни бутун дунё маданий марказига айлантириш режаси ҳам бор эди. У ўзининг сиёсий мақсади йўлида кўплаб ҳарбий ва ички сиёсий тадбирлар билан бир қаторда жуда катта ижтимоий-маданий тадбирларни амалга оширди. Усталарнинг техник билимлар ва ижодий изланишлари натижасида шаҳарлар қиёфаси тубдан ўзгарди. Дабдабали саройлар, ҳашаматли мақбаралар, масжид ва хонақоҳлар, боғлар яратилди. Холисона айтганда, Амир Темур фаолияти ва шахсиятига баҳо беришда уч жиҳатни кўрамиз.  

Биринчиси, Амир Темур Искандар, Чингизхон каби елкаси ерга тегмаган саркарда, аммо улардан фарқли томони шундаки, аввало, у ҳеч қачон халқ билан юзма-юз жангга чиқмади ёки Искандар каби халқни қирғин қилмади. Бу ўринда македонияликларнинг Зарафшон воҳасининг ўзида 120 минг аҳолини қиличдан ўтказганини эслаш кифоя. Улар Амир Темур каби қайси мамлакатни фатҳ этсалар, кенг ободончилик ва қурилиш ишларини олиб бормаган. Амир Темур ва унинг марказлашган давлати ҳақида сўз юритмоқчи бўлган биринчи тоифа ана шу жиҳатларини ҳисобга олади ва Ҳерман Вамбери Амир Темурни улар билан бир сафга қўйиб бўлмайди, деган адолатли қарорга келади.  

Иккинчи тоифадаги тадқиқотчилар эса тарих ҳақиқатига эмас, ўз давлатлари мафкурасига қулоқ тутадилар. Амир Темурга ҳаққоний баҳо берсалар, унинг давлат юритиш борасидаги сиёсий, ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида очиқ-ойдин фикр юритсалар, турли тазйиқларни бошларидан кечиришларини ҳис этадилар. Лекин айрим ҳолатларда мардлик қилиб, унинг адолатли ишларига оқилона баҳо берадилар.  

Учинчиси, бу тоифа Амир Темурга кўпроқ қора чаплашга интилади. “Тузуклар”да давлат масалалари тўғрисида сўз кетар экан, Темур шахси билан боғлиқ ҳолатлар ойдинлаша боради. У “Мураккаб шахс эди” деган фикрга қарши ўлароқ, “Унинг ўзи эмас, даври мураккаб ва зиддиятли эди”, деган хулоса шаклланади.  

Амир Темур тажрибасига таяниб, кенгашнинг икки турли бўлишини айтади.  

– Тил учида айтилганини шунчаки эшитардим, – дейди у, – юракдан айтилган маслаҳатни эса қалбим қулоғига қуярдим ва дилимга жойлардим. Подшоҳлар учун тўғри сўз, ҳаққоний хабарнинг фойдаси кўп, чунки ёлғон давлатни емиради.  

Амир Темур тўғри сўз кишига ҳурмат билан қарайди: “Қайси киши ақлга сиққан бир ишни куюниб гапирса, суйиб эшитар эдим. Кимки оқилона гапларни эрларча кескинлик билан сўзласа, унга қулоқ солардим. Ҳар кимдан кенгаш сўрар эдим, лекин айтилган ҳар бир маслаҳатнинг яхши ва ёмон томонлари ҳақида ўйлаб кўргач, тўғри ва савоблироғини танлаб олардим”.  

Амир Темур салтанати ўзбек халқи, унинг давлатчилиги тарихида ўзининг марказлашган, мутлоқий монархия, яккаҳокимлигига асосланган империя давлати сифатида алоҳида ўрин тутади. Аммо давлатшунослик нуқтаи назаридан бу давлатни ўрта аср Ғарбий Европанинг давлатлари каби мутлоқ монархия шаклидаги давлат дейишимиз мумкинми? Маълумки, бу давлат Кенгаш, машварат, раият аҳволини ҳисобга олувчи мусулмон ҳуқуқи ва қонун-қоидаларига таянган давлат эди.  

– “Темур тузуклари”, – деб ёзади тарихчи олим Ҳалим Бобоев, – Темур кодекси, яъни Амир

Темурнинг давлатни ва уни идора қилиш қонун-қоидаларининг тамойиллари тўпламидир”.  

Амир Темур қурган давлат, аввало, ўзида сиёсий тизимнинг энг яхши шаклини мужассамлаштириши лозим эди. Чунки унинг назарида бошқариш маъмуриятини ташкил қилмай ва унинг фаолиятини тўғри йўлга қўймай туриб, жамиятни бошқариш, унинг ҳаётига исломий қадриятларни сингдириш, хизматни жорий қилиш, тўра ва тузукни мустаҳкам тутиш мумкин эмасди.  

Амир Темур давлати, айтиш мумкинки, Сомонийлар, Қорахонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар ва Хоразмшоҳлар давлат тизимини қайтадан жонлантирди, узоқ йиллик қарамликдан сўнг давлат мустақиллигини тиклади. Ўзигача бўлган ўзбек давлатчилигидан фарқ қиладиган марказлашган буюк давлат тизимини яратди. У давлат раҳбарининг қаттиққўл, тадбиркор, ниҳоятда адолатли, лекин раҳмдил, инсонпарвар, ҳалол, пок бўлишини кўрсатиб, ҳаётда адоват эмас, балки адолат енгади, деб кўрсатди.  

Баҳодир Собиров,  

Навоий давлат педагогика институти ректори  

ЎзА