Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амир Темур бунёдкор ва илм-фан ҳомийси
12:28 / 2024-04-09

Бугунги кунда Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айрим манбаларга қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.

Амир Темур тахтга ўтиргач, Чиғатой улусининг барча ерларига ўзини ворис деб билди ва салтанат ҳудудини шарқда Хитой деворига қадар, ғарбда Ўрта ер денгизига, жанубда эса Ҳиндистон чегараларига қадар кенгайтирди.У авваламбор мамлакатда давлат тизимини мустаҳкамлаш, бошқаришдаги тартиб-интизом, қонунчиликни кучайтириш, савдо-сотиқ, ҳунармандчиликни кенгайтиришга имконият яратиш, солиқларни тартибга солиш, мамлакат ҳимоясини таъминлаш йўлида қўшиннинг қудратини ошириш кабиларга катта эътибор берди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Амир Темур давлат, жамият ҳаётида бўлиб ўтадиган ҳар бир муҳим режа олдидан кенгаш ўтказар ва бу кенгашга нафақат давлат арбоблари, саркардалар, темурийзодаларни, балки саййидлар, шайхлар, илм-фан арбобларини ҳам таклиф этган ва ўзининг ҳар бир юриши олдидан бундай кенгашларни ўтказиб туришни одат тусига киритган. 

Амир Темурнинг ободончилик ишлари тўғрисида таниқли шарқшунос олим, академик В.В.Бартольд: “Темур гўё Самарқанддан бошқа ҳамма ерда вайронгарчилик билан шуғулланган, деган фикр муболағали. У Қобул водийси ва Муған чўли каби Самарқанддан узоқ бўлган жойларда улкан суғориш ишларини олиб борди”, деган тарихий жиҳатдан ғоят қимматли фикрни айтиб ўтган. 

Бу фикрга муқояса қилиб, Али Яздийнинг ёзишмасини келтириш мақсадга мувофиқдир. 

“Бир йил мобайнида, – деб ёзади Ўрта аср тарихчиси Али Яздий, – Бағдод шаҳрини тиклаш ҳақида буйруқ берилди, токи шаҳар яна ўз қиёфасини олсин, унда ҳунармандчилик ривожлансин, теварак-атрофида деҳқончилик ўссин, савдо-сотиқ ва маданий ҳаёт кенг тармоқ ёйсин, ислом билими илгаригидай ёйилсин. Бу вазифа амирзода Абу Бакирга топширилди”. 

Соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматлари беқиёсдир. Тарих бу кўҳна дунёда ўтган кўп жаҳонгирларни билади. Уларнинг аксарияти фақат бузган. Амир Темурнинг улардан фарқи шундаки, у умр бўйи бунёдкорлик билан машғул бўлган. Унинг “Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим”, деган сўзлари бунинг ёрқин исботидир. 

Амир Темурга ҳар бир зафарли воқеа ва севинчли ҳодисани муҳташам меъморлик обидаси барпо этиш билан нишонлаш одат бўлган. Шу мақсадда Ҳиндистон, Шероз, Исфаҳон ва Дамашқнинг машҳур уста-ҳунармандлари мамлакатда ҳашамдор иморату иншоотлар бино қилганлар. 

Амир Темур забт этган мамлакатларнинг бир қатор шаҳарлари, жумладан, Бағдод, Дарбанд, Байлақонни қайта тиклади. У Табризда масжид, Шерозда сарой, Бағдодда мадраса, Туркистонда машҳур шайх Аҳмад Яссавий қабри устига мақбара қурдирган бўлсада, лекин асосий эътиборини она шаҳри Кеш ва пойтахти Самарқандга қаратди. Кешда отасининг қабри устига мақбара, ўғли Жаҳонгирга мақбара билан масжид қурдирди. 

Амир Темур ҳукмронлигининг илк даврида Кеш шаҳрини пойтахтга айлантириш ниятида бўлиб, унинг ободончилигига катта аҳамият берди. Бу ерда машҳур Оқсарой қад кўтарди. Кешни Мовароуннаҳрнинг маданий марказига айлантиришга ҳаракат қилди. Шу боисдан бу шаҳар “Қуббат ул-илм вал-адаб” унвонига эга бўлди. 

Ибн Арабшоҳнинг ёзишича, Амир Темур Самарқанд атрофида қад кўтарган бир қанча янги қишлоқларни Шарқнинг машҳур шаҳарлари Димишқ (Дамашқ), Миср, Бағдод, Султония ва Шероз номлари билан атади. Амир Темурнинг фикрича, Самарқанд катталиги, гўзаллиги ҳамда теварак-атрофининг обод этилганлиги жиҳатидан дунёдаги энг йирик шаҳарлардан ҳам устунроқ турмоғи лозим эди. 

Ҳофизи Абрўнинг қайд этишича, Амир Темур турк, араб ва эронликлар тарихини чуқур билган. У давлат аҳамиятига эга бўлган ҳар бир масалани ҳал этишда шу соҳанинг билимдонлари ва уламолари билан маслаҳатлашарди. Одатда у тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, тарих, адабиёт, тилшунослик илми намояндалари, шунингдек, илоҳиёт ва дин соҳасидаги машҳур уламолар билан суҳбатлар ўтказарди. Амир Темур саройида уламолардан мавлоно Абдужаббор Хоразмий, мавлоно Шамсуддин Мунший, мавлоно Абдулло Лисон, мавлоно Баҳруддин Аҳмад, мавлоно Нуъмонуддин Хоразмий, Хўжа Афзал, мавлоно Алоуддин Коший, Жалол Хокий ва бошқалар хизмат қиларди. 

Алишер Навоийга Амир Темурнинг илм ва маънавият аҳлига кўрсатган ғамхўрлиги жуда ёқар эди. Бу ҳақда Навоий шундай деганди: “Агар Темур қаерда фан, маданият ва санъат аҳлини учратса, уларни ўз ҳомийлигига олар, уларга иззат-икром кўрсатар, уларнинг тарбиясига аҳамият берар ҳамда бу зотлардан ўз олий мажлисида надим (маслаҳатчи) сифатида ва бошқа лавозимларда фойдаланарди”. 

Амир Темур илм-фан, маънавият аҳлига эътибор, меҳрибонлик кўрсатиб, улардан жамият маданий ҳаётида фойдаланишга интилар экан, тарихчи Ибн Арабшоҳ ёзганидек, “Темур олимларга меҳрибон, саййиду шарифларни ўзига яқин тутар эди. Уламо ва фузалога тўла иззат-ҳурмат кўрсатиб, уларни ҳар қандай одамдан тамом муқаддам кўрарди. Уларнинг ҳар бирини ўз мартабасига қўйиб, иззату икромини унга изҳор қиларди”. 

Амир Темур илм-фаннинг риёзиёт, ҳандаса, меъморчилик, фалакиёт, адабиёт, тарих, мусиқа каби соҳалари равнақига катта эътибор бериб, соҳиби ҳунарлар билан қилган суҳбатлари ҳақида француз олими Лянглэ шундай ёзади: “Темур олимларга серилтифот эди. Билимдонлиги билан бир қаторда софдиллигини кўрган кишиларга ишонч билдирарди. У тарихчилар, файласуфлар, шунингдек, илм-фан, идора ва бошқа ишларда истеъдодли бўлган барча кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтдан тушиб, уларнинг ёнига келарди. Чунки Темур бу соҳаларга ғамхўрлик қилишга асосий эътиборини берарди”. 

Шу ўринда Соҳибқирон Амир Темурнинг илм-фан вакилларига кўрсатган ғамхўрлигини кўрсатиб турувчи яна бир парчани келтирмоқчимиз. Венгер сайёҳи Г.Вамбери бу ҳақда шундай дейди: “Амир Темур фақат маҳаллий муаллифларнигина рағбатлантирмай, балки ўз пойтахтига чет эл олимлари ва шоирларини ҳам жалб этди ҳамда уларнинг ҳаммасига ҳотамтойларча мукофотлар ҳадя этар ва ўз шахсий эътибори ва ҳомийлиги билан уларни қўллаб-қувватларди. Ана шу олимларнинг айримлари Амир Темур салтанатида ўз ватанидагидан кўпроқ таъминланган эди”. 

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Амир Темур етук саркарда ва марказлашган давлат асосчиси бўлиши билан бир қаторда бунёдкор ислоҳотчи ва илм-фан вакилларининг ҳомийси эди. Шунингдек, ўзи ҳам фан арбобларининг баҳсларида иштирокчи бўла олган тафаккур эгасидир. 

Баҳодир Собиров, 

Навоий давлат педагогика институти ректори. 

ЎзА