Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амир Темур болалигиданоқ "шоҳ" бўлган экан ёхуд соҳибқирон ичкиликка мойилмиди?
14:23 / 2020-04-04

Ўрта асрларнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда Амир Темурнинг болалик ва ёшлик йиллари ҳақида манбаларда деярли маълумотлар учрамайди.


Ўрта асрларнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда Амир Темурнинг болалик ва ёшлик йиллари ҳақида манбаларда деярли маълумотлар учрамайди.

Шундай бўлса-да, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлган Соҳибқироннинг насаби, ёшлик ва балоғат йиллари ҳақидаги ушбу айрим қизиқарли қайдлар Сизни бефарқ қолдирмайди.

СОҲИБҚИРОННИНГ БОБОСИ “ШАРИАТ ТОЖИ” ТАХАЛЛУСИ БИЛАН ТАНИЛГАН

Моҳир саркарда Амир Темурнинг барлос уруғи ҳарбий бошлиқлари – бекларидан бўлган отаси Тарағай ҳам, ота томондан бобоси Амир Барқул ҳам ҳарбий ишга қизиқмаган. Манбаларда қайд этилишича, отаси Тарағайбек тақводор мусулмон бўлиб, кўп вақтини дарвешлар билан бирга ўтказган.

Тарағайбекнинг нафақат Мовароуннаҳрда, балки Мўғулистонда ҳам машҳур амирлардан дўстлари кўп бўлиб, бу ҳол кейинчалик Амир Темурга қўл келган.

Амир Темурнинг онаси Такина хотун муштипар аёл эди. Такина бегим насл-у насаб жиҳатдан аслзодалар жумласига кирарди. У бухоролик фақиҳ, “Тож аш-шариа” (“Шариат тожи”) тахаллуси билан машҳур бўлган Убайдулла ибн Масъуднинг авлоди эди. Адабиётларда таъкидланишича, Темурбек 22 ёшида онасидан, 24 ёшида отасидан етим қолган.

photo_2020-04-04_14-29-28.jpg

ЎН ИККИ ЁШИДА ЭРМАК ЎЙИНЛАРДАН ВОЗ КЕЧГАН

Унинг болалик чоғлари ота-онаси бағрида, она юрти Кешда кечган. Амир Тарағай ўғлини болалигидан аслзодаларга яраша ўқитган ва ҳар тарафлама билим берган. Темурбек 7 ёшга тўлганида отаси уни мадрасага ўқишга олиб борган. У ерда Темурбекка сўзлар жадвалини беради ва Темурбек ўқий бошлайди. Бундан шу нарса аён бўладики, Амир Темур дастлаб ўз уйида ўқишни ўрганган, сўнгра эса мадрасага қатнаган.

Тарихчи Шарафуддин Али Яздий Темурбекнинг болалик чоғлари ҳақида ёзиб, унинг хуш кўрган ўйинлари ҳақида маълумот беради. Унга кўра, ёш Темур атрофдаги болалар билан доимо “шоҳлик” ўйинини ўйнашни хуш кўрган. Темурбек ўйинда доимо “шоҳ” бўлган, атрофдагилар эса унга “амир”, “вазир” бўлишган.

Кейинчалик унинг қизиқишлари орта борди. Темурбек ўн икки ёшидан бошлаб болаларга хос бўлган эрмак ўйинлардан воз кечди.

ОВ ҚИЛИШ УНИНГ СЕВИМЛИ МАШҒУЛОТИГА АЙЛАНГАН

У тезда ўқ отиш, отланиб чопишни ёқтиради ва уруш ўйинларига майл кўрсатади. Темурбек овга шу қадар боғланиб қоладики, ҳатто кеча-ю кундузларни овда ўтказиши мумкин эди. У ўспиринлик ва ёшлик йилларидаги бу ҳарбий спорт ўйини ва машғулотлари билан отаси Тарағайбекка хизмат қилган махсус мураббийлар ёрдамида шуғулланган. Бироқ уларнинг номи тарих саҳифаларида сақланиб қолмаган.

Темурбек оғир вазиятда ҳам тўғри ечимни осонлик билан топарди. Шу сабабли ҳам болаликдаги дўстлари, мактабдош ўртоқлари унинг атрофида тўпланиб, биргаликда машқ қилишар ва мусобақаларда иштирок этардилар. Улар ўз баданлари ва руҳларини Темурбек билан бирга чиниқтирар эдилар. Аста-секин навкарга айланган бу ёшлар ҳарбий гуруҳни шакллантирдилар.

ЎСПИРИННИНГ ОЛГАН ДУОСИ

Соҳибқироннинг отаси Тарағайбек ўз пири, тасаввуф шайхи Шамсуддин Кулолни чуқур ҳурмат қилган. Кейинчалик шайх Шамсуддин Кулол Амир Темурнинг биринчи пири бўлган. Манбаларда Темурбекнинг ушбу пири билан илк учрашуви ҳақида маълумотлар мавжуд.

Унга кўра, тахминан 14–20 ёшлар орасидаги ўспирин Темурбек жулдур чопонда шайх ҳузурига келади. Бу пайтда кекса шайх ўз атрофидаги дарвешлар билан зикр тушаётган, яъни тасаввуфда Худони ёдга олиш билан боғлиқ “само” маросимини ижро этаётган эди.

Бунга гувоҳ бўлган Темурбек зикр тугашини сабр билан кутади. Ниҳоят, зикр тугаб, шайх унинг ёнига келганида, Темур тиз чўкиб, пешонасини унинг оёғига қўяди ва шайхнинг қўлини ўпади. Шунда шайх Шамсуддин Кулол дарвешлар билан бирга Амир Темур ҳаққига дуо қилади. Кейинчалик Темур бу дуони ўз муваффақиятларининг сабабчиси деб билган.

АМИР ТЕМУР ИЧКИЛИК ИЧМАГАН

Манбаларда қайд этилишича, Амир Темурнинг феъл-атвори босиқ бўлган. Жиззакилик, гап кўтара олмаслик унга хос бўлмаган. Феъл-атворидаги шу хусусиятлар сабаб атрофидагиларни ўзига жалб қилган. Унинг ичкиликка майли йўқлиги учун фикр-мулоҳазалари теран ва идрокли эди.

Буни тарихчи Шарафуддин Али Яздий ўзининг “Зафарнома” асарида: “Ва подшоҳи комкор оғзини чоғир (ичкилик) сори элтмади ва бир дами тоат-у ибодат фикридин ўзга иш фикрида кечмади. Ва муттасил иши Қуръон ўқумоқ ва фақиру мискиннинг ғамини емак эрди”, деб қайд этган.