Ватанимиз тарихидаги 29 декабрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1822 йил (бундан 202 йил олдин) – тарихчи олим Шодмон Воҳидовнинг қайд этишича, ҳижрий 1238 йил рабиассоний ойининг ўн тўртинчи куни Қўқон хони Умархон вафот этди. Шу куни унинг вориси Муҳаммадалихон – Маъсумхон Тўра, шайхулислом Домулло Зокирхўжа эшон ва тоғалари Қосим бекларбеги томонидан хонлик тахтига кўтарилди.
Мирзо Олим Маҳдум Ҳожининг “Тарихи Туркистон” асарида бу воқеа қуйидагича қайд этилган: “Вафот ва жасадларини бир кеча кундуз махфий сақлаб, Умархоннинг 14 ёшга кирган ўғли Муҳаммадалихонга ҳамма аркони давлат ва аъёни мамлакат байъат қилиб, қасамёд айлаб, подшоҳликнинг русуми бўйича Муҳаммадалихонни оқ намадга солиб, хон кўтарибдурлар”.
1910 йил (бундан 114 йил олдин) – Бухородаги Арки олийда бўлиб ўтган мажлисда мирзо Низомиддин Урганжий бир неча кун олдин тахтга ўтирган амир Олимхоннинг биринчи фармонини йиғилганларга ўқиб эшиттирди. Тарихчи Дилноза Жамолованинг ёзишича, фармон «Биз, халқнинг осойиш ва тинчлигини самимона бир суратда истаймиз, раиянинг саодати ва юртнинг ободлиги йўлига тангри таолонинг ёрдами билан чолишамиз», жумлалари билан бошланган бўлиб, унда асосан солиқ тизими ва ҳарбий соҳани ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, порахўрликни таъқиқлашга доир мажбуриятлар белгилаб қўйилган эди.
1911 йил (бундан 113 йил олдин) – Россия императори томонидан Туркистон генерал-губернаторлиги ҳузуридаги сиёсий агентга Бухоро амирлигида аминона ва закотни бекор қилиш юзасидан амир Олимхон билан шартлашиш топшириғи топширилди. Тарихчи Икромжон Азизовнинг қайд этишича, сиёсий агент мазкур топшириқ юзасидан амир билан гаплашганда, амирнинг кайфияти бузилиб, уни хушламаган ҳолда, “закот бизнинг асрлар давомидаги эътиқодимиз, бунга бизни динимиз буюрган” деб жавоб берган.
Дипломатик амалдор амирнинг кайфияти ҳақида Россия императорига маълум қилган. Шу билан бирга, аминонадан йилига 200000 рубль йиғилишини, амирнинг Россияга бир марталик сафари 4000000 рублга тушишини келтириб ўтган. Шу тариқа Амир Олимхон тахтга ўтиргандан сўнг Россия томонидан амирликдаги солиқларни ўзгартиришга уринишлар бўлган. Аммо, бир қатор сабабларга кўра бунинг иложи бўлмаган.
1921 йил (бундан 103 йил олдин) – тарихчи Маҳмуд Очиловнинг ёзишича, Бухоро республикасида “Бухоро иккинчи саноат ширкати” ташкил қилинди. У 1922 йил 4 январдан ўз фаолиятини бошлади. Бухоронинг Чиннифурушлар растасидаги Улуғбек мадрасасидан ширкат идораси учун жой ажратилди. Бухоро ҳукумати томонидан 1922 йил 4–10 январда унга 500 миллион сўм оқча ажратилган ва ширкат сармояси 1 миллион олтин сўм қилиб белгиланган.
“Бухоро ахбори” газетасининг 1922 йил 4 февралдаги “Қимматчилик билан кураш” номли мақоласида ёзилишича, “Бу ширкат совун заводи очиб, бозордан 20 минг сўмга олина турғон совунни 1000 сўмга, гугурт заводи қилиб, 5000 сўмлик гугуртни 1000 сўмга сотмоқ ва шунга ўхшаш заводларни борлиққа келтириб, нарсаларни арзон баҳога чиқариб, қимматчиликни битирмак бўлгандур ҳам ширкатнинг сармояси кўпроқ тўпланиб, кўпроқ нарсалар ишлашга имкон бўлсин учун ширкатнинг нархини арзон қилиб, ҳар бир камбағалнинг ширкатга қўшилмоғига йўл очқонлардир. Ширкат ҳозирги кунда электрик истансаси бино қилиб, шаҳар халқига лампа ўрнига электрик чироғи бермак учун бу тўғрида ҳисоб юрғизиб кўрди”.
1934 йил (бундан 90 йил олдин) – Самарқанддаги тарихий-меъморий ёдгорликларни археологик жиҳатдан тадқиқ этган олим Василий Вяткиннинг ҳоки ўзи очган Улуғбек расадхонасининг ёнига кўчирилди. У 1932 йилда вафот этган бўлиб, унинг илмий хизматларини ҳурматлаш юзасидан, ўша вақтда Самарқанд Регистонида дафн этилган эди.
1937 йил (бундан 87 йил олдин) – Ўзбекистон халқ артисти Рихсихон Иброҳимова таваллуд топди. У 1997 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
1991 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистонда мустақилликка бағишланган умумхалқ референдуми, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига сайлов ўтказилди.
Ўзбекистон халқи республика Олий Кенгаши эълон қилган Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини маъқуллади.
Демократик меъёр ва тартибларга мос равишда, умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлаш ҳуқуқи, муқобиллик асосида ўтган умумхалқ сайловида Ислом Каримов Ўзбекистон Президенти этиб сайланди.
1993 йил (бундан 31 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг мамлакат мустақиллигини ҳамда ҳудудий яхлитлигини, халқимизнинг тинч ҳаётини ва мустақилликни мустаҳкамлаш йўлидаги бунёдкорлик меҳнатини ҳимоя қилишдаги, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ҳарбий тузилмаларнинг 1992 йил 14 январдан республика юрисдикциясига ўтказилганлигини инобатга олиб, 14 январь - Ватан ҳимоячилари куни этиб белгиланди.
1994 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
1994 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси ташкил этилди.
2016 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиклари фаолиятини янада такомиллаштириш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2017 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2018 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги «Мингтепа» археология мероси объектини муҳофаза қилиш, тадқиқ этиш ва ундан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 4 йил олдин) – Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномани тақдим этди.
2020 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”, “Хоразм вилоятидаги «Ўзбек-Туркман дўстлик уйи» ва «Улли ҳовли» мажмуаси» дирекциясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
2021 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш механизмларини ва донорлар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, “Давлат архивлари ўқув залларида архив ҳужжатларидан фойдаланишга рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
2022 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдор бўлган, давлат экспертлик илмий-тадқиқот муассасаси шаклидаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти ташкил этилди.
2023 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг рақобатга таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни ҳамда Инсофсиз рақобатни аниқлаш методикасини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА