Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амина Хон: Покистон – Ўзбекистон ҳамкорлиги минтақавий интеграция ва барқарорлик калити
17:48 / 2026-02-05

Янги Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги яқин алоқалар халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик ришталар мевасидир. Мамлакатларимиз Буюк ипак йўли асосида шарқ ва ғарб ўртасида фикр, савдо-сотиқ алмашинуви юксалган даврларга бориб тақаладиган умумий тарихий меросга эга.

Айни пайт давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу ўлкада бўлиб турибди.

ЎзА мухбири мазкур ташриф доирасида икки дўст диёр ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада чуқурлаштириш борасида олиб борилаётган ишлар, Покистон портлари орқали Марказий Осиёга очилаётган йўллар хусусида Покистон Стратегик тадқиқотлар институти (ISSI) ҳузуридаги Афғонистон, Яқин Шарқ ва Африка (CАМЕА) маркази директори Амина Хон фикрларини ёзиб олди.

– Жорий йил Покистон ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 34 йиллиги нишонланади. Бугунги кунда икки томонлама алоқалар тарихий боғлиқлик ва замонавий стратегик яқинлашувни ўзида акс эттиради. Айниқса сўнгги йилларда муносабатларимиз рамзий маънодан анча юқори кўтарилиб, ўзаро ишонч, умумий минтақавий манфаат ва амалий ҳамкорликка асосланган истиқболли шерикликка айланди.

Хусусан савдо, инвестиция, энергетика, таълим ва мудофаа соҳаларидаги мулоқот кенгайди. Ўзбекистон Покистоннинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкорига айланди. Шу билан бирга ҳар икки томон савдо алоқаларини диверсификация қилиш, ўзаро бизнес муносабатини осонлаштириш ҳамда фойдаланилмаган иқтисодий салоҳиятни очиш учун банк ва транзит механизмини такомиллаштириш устида фаол ишламоқда.

Таъкидлаш керак, ўзаро боғлиқлик муносабат устунига айланди. Марказий Осиёни Афғонистон орқали Покистон портлари билан боғлайдиган шимол-жануб савдо йўлакларини ривожлантиришдан бирдек манфаатдор давлатларимиз минтақавий боғлиқликни нафақат иқтисодий зарурат, балки барқарорлаштирувчи куч сифатида кўради. Шу нуқтаи назардан Покистон ва Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик зарурлиги борасида яқиндан ҳамфикр. Зеро, барқарор ривожланиш ва минтақавий интеграция хавфсизликка бевосита боғлиқдир.

Стратегик даражада минтақавий дипломатия, кўп томонлама ҳамкорлик ва терроризмга қарши курашиш борасида яқинлашув кучаймоқда. Маданий, академик ва туризм алмашинуви орқали халқлар ўртасидаги алоқа кўлами кенгаймоқда. Яъни, мамлакатларимиз муносабати юксалиш йўлида ягона тарихга таянади, умумий иқтисодий ва геосиёсий устуворлик асосида шаклланади. Энг муҳими, шериклигимиз Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги муҳим кўприк сифатида намоён бўлмоқда.

Фикримча, Покистон ва Ўзбекистон умумий манфаатни илгари суриш орқали икки ва кўп томонлама платформалардан янада самарали фойдаланиши лозим. Бинобарин, минтақавий тузилмалар саъй-ҳаракатни сезиларли даражада кучайтиради, харажатни камайтиради, стандартларни уйғунлаштиради ва муваффақиятли икки томонлама ташаббусларни бутун минтақа бўйлаб ёяди.

Бу борада ШҲТ ҳар икки давлатга умумий хавфсизлик ва тараққиёт концепсияси остида таълим, технология трансфери, ёшлар алмашинуви ва рақамли ҳамкорлик учун платформа тақдим этади. Бундан ташқари Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик (CAREC) дастури минтақавий боғлиқлик, логистика, энергетика йўлаклари ва савдони соддалаштириш билан боғлиқ жиҳатларни қўллаб-қувватлайди.

Шу тариқа Покистон – Ўзбекистон муносабатлари боғлиқлик ва инсон капиталига сармоя билан уйғунлашиш босқичига кирмоқда. Инсон капитали ҳамкорликнинг энг барқарор шакли бўлиб, бундай дастурлар орқали ҳар икки томон улкан ютуқларга эришади.

Афғонистоннинг яқин қўшнилари сифатида Ўзбекистон ҳам, Покистон ҳам ушбу мамлакатдаги тинчлик, барқарорлик ва иқтисодий тикланишдан манфаатдор. Бу борадаги ёндашувда, хусусан Афғонистоннинг кенгроқ минтақага иқтисодий интеграциялашуви нафақат ўз барқарорлиги, балки Марказий ва Жанубий Осиё фаровонлиги ва хавфсизлиги учун ҳам муҳим эканлигига ишончда кучли яқинлик мавжуд.

Ҳар икки республика Афғонистонни ажратувчи чизиқ эмас, балки Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан савдо, транзит ва энергетика йўлаклари орқали боғлайдиган қуруқлик кўприги бўлиб хизмат қилиши ғоясини қўллаб-қувватлайди. Транс-Афғон алоқа лойиҳалари, минтақавий темир йўл ва автомобиль йўллари ҳамда савдони соддалаштириш тизими каби ташаббуслар иқтисодий ўзаро боғлиқлик зиддиятини камайтириш ва барқарорлик учун рағбат яратишга ёрдам бериши мумкинлиги ҳақидаги умумий қарашни акс эттиради. Покистон ва Ўзбекистон иқтисодий интеграция жойлардаги хавфсизлик билан чамбарчас боғлиқлигини яхши тушунади.

Шу сабабли Покистон – Афғонистон – Ўзбекистон уч томонлама йўлаги доирасида “Айритом”га ўхшаш моделни Чаман-Спин Болдак ёки Торкам-Кобулда самарали такрорлаш мумкин. Бу эса таълим, соғлиқни сақлаш, малака ошириш, технология ва савдо орқали одамларни боғлайди ва бир вақтнинг ўзида чегара хавфсизлигини кучайтиради, уч томонлама ривожланиш лойиҳаларини тезлаштиради.

Маълумки, биз айрим ҳудудлардан келиб чиқаётган террор, зўравонлик, экстремизм, наркотрафикка қарши курашиш бўйича қўшма ва минтақавий саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлиги борасида ҳамфикрмиз. Энг муҳими, мазкур мувофиқлик тобора мустаҳкамланмоқда. Мамлакатларимиз трансмиллий террор тармоғи минтақавий боғлиқлик ва инвестициялар йўлидаги энг жиддий тўсиқ бўлиб қолаётганини англайди.

Шу нуқтаи назардан чегаралар хавфсизлигини таъминлаш ва гиёҳвандликка қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорлик минтақавий хавфсизликни сезиларли даражада мустаҳкамлайди. Сабаби, давлатларимиз хавфсизлик ва иқтисодий интеграцияни бир-биридан ажралмас, деб билади.

Ўткир Алимов ёзиб олди.

ЎзА