Америкача апокалипсис: бир суткада 2 000 киши ҳаёт билан видолашди
Умуман, пойтахтда ушбу касалликдан вафот этганлар сони 11 сентябрда рўй берган машъум фожиада қурбон бўлганлардан ҳам ўтиб кетди.
Коронавирус касаллиги дунё бўйича энг кўп тарқалган Америка Қўшма Штатларида охирги сутка давомида энг кўп — 2 000 тача ўлим ҳолати қайд этилди. Бу мамлакатда COVID-19 тарқалган кундан бошлаб 24 соат ичида қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. Биригина Нью-Йорк шаҳрининг ўзида шу вақт мобайнида бир неча юз киши коронавирус инфекцияси таъсирида жон берди. Умуман, ушбу касалликдан вафот этганлар сони 11 сентябрда рўй берган машъум фожиада қурбон бўлганлардан ҳам ўтиб кетди.
Шифохоналар атрофини музлаткичлар билан жиҳозланган, вақтинчалик морг вазифасини ўтайдиган улкан юк машиналари босиб кетган. Ҳалок бўлганларни дафн этиш учун ҳукумат томонидан махсус қабристон тайёрланган.
“Euronews” нашрининг ёзишича, Иоанн Богослов кафедрал собори ҳудудида дала госпитали ҳозирланган. Бу маскан 200 нафаргача COVID-19 билан хасталанган беморни қабул қилишга мослаштирилди.
Уолл-стритда аза кайфияти ҳукмрон, биржада индекс кўрсаткичлари, худди нефть нархига ўхшаб тушиб кетяпти. Ахир, бундай алғов-далғов пайтида ким ҳам таваккал қиларди, ҳеч ким вазиятни олдиндан баҳолашга журъат қила олмаяпти.
Джонс Хопкинс университети хабарига кўра, АҚШда танасида коронавирус аниқланган беморлар сони 500 мингга яқинлашяпти. Эпидемиологлар тахминига қараганда, мамлакатда кўнгилсиз ҳолатлар 240 мингтагача етиши ҳам мумкин экан.