Яқинда АҚШ Президенти сайлови бўлиб ўтади. Республикачилар ҳам, Демократик партия вакиллари ҳам номзодини тасдиқлаган. Сайлов олди пойгаси авжига чиққан. Бундай пайтда маҳаллий матбуот асосий эътиборни бўлажак йирик сиёсий тадбир атрофида кечаётган воқеларга қаратиши табиий. Номзодлар бераётган ваъда, жамоатчиликни қизиқтираётган, безовта қилаётган ва ҳатто хавотирга солаётган масалалар асосий кун тартибига айланади. Зеро, ҳеч қандай жамиятда фуқаролар, жумладан ОАВ мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган. Дунёнинг энг қудратли давлатларидан бири ҳисобланган АҚШ ҳам бундан мустасно эмас, албатта.
“РИА Новости” кузатувига кўра, ҳозир Америка матбуоти кўпроқ инфляция ва эҳтимолий рецессия ҳақида ёзмоқда. Энг кўп ёритилаётган мавзулар учлигига миграция ва аборт қилиш ҳуқуқи масалалари ҳам кирган. Шунингдек, иқтисодиётда пайдо бўлаётган муаммоларга ҳам журналистлар кўп эътибор қаратяпти.
Масалан, йил бошидан август ойигача инфляция ва иқтисодий муаммо ОАВда 37 минг марта эсланган. Айни ҳолат ўтган галги президент сайловлари олдидан ҳам кузатилган: 2016 йил 25, 2020 йил 19,5 минг марта.
2024 йил 1 200 га яқин материал мамлакатнинг ташқи қарзи билан боғлиқ муаммога бағишланган. 2 минггача мақолада иқлим ўзгариши мавзуси тилга олинган.
Таҳлил давомида медиа оламига оид, очиқ ахборот базасидан олиш мумкин бўлган барча маълумотлар, жумладан пресс-релиз, илмий материал ва давлат ОАВ хабарлари ўрганилган.