Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва ихтисослаштириш маркази Навоий филиали ҳамда Беларусь Республикасидаги “Академик И.П. Антонов номидаги Витебск давлат тиббиёт коллежи ўртасида тузилган меморандумга асосан ўрта тиббиёт ходимларининг амалиёт жараёнларини ташкил этиш мақсадида “Замонавий стандартлар асосида амалий таълимни ташкил этиш ва таълим жараёнида симуляцион технологияларни қўллаш” мавзусида онлайн ўқув семинари ташкил этилди.
Семинарда Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази директори Лола Мусажонова, филиал директори Вали Тўракулов ва коллеж директори Елена Орлова иштирок этиб, сўзга чиқди.


Тадбир давомида “Қуйи қўл-оёқ соҳасидаги очиқ жароҳатлар” ва “Реанимация ва интенсив терапия бўлимларида юрак-ўпка реанимациясини ўтказиш” мавзуларида алгоритмларни амалий бажариш бўйича видеороликлар намойиш этилди. Уларда таълим жараёнига янги стандартларни жорий этиш ва талабаларнинг амалий тайёргарлигини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Семинарда таълим сифатини ошириш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда симуляцион технологиялардан самарали фойдаланиш каби долзарб масалалар муҳокама этилди, – дейди Вали Тўрақулов. – Фикр ва тажриба алмашиш натижасида ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида “Йўл-транспорт ҳодисаларида тез тиббий ёрдам бригадаси томонидан кўрсатиладиган шошилинч тиббий ёрдам” ҳамда “Интенсив терапия палатасида қон йўқотиш натижасида юзага келган гиповолемик шокда шошилинч тиббий ёрдам” бўйича келишиб олинди.


Мазкур тадбир Беларусь ва Ўзбекистон таълим муассасалари ўртасида самарали ҳамкорлик моделини яратиш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, тиббий таълим сифатини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштиришга хизмат қилади.
А. Бўриев, ЎзА мухбири