Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Амалиётчи қиз” фильмининг премьераси бўлиб ўтди
13:48 / 2025-10-21

Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги буюртмасига биноан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда суратга олинган “Амалиётчи қиз” тўлиқ метражли бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтди.

Намойишда Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев, киноижодкорлар, юртдошларимиз ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Шуҳрат Ризаев ушбу фильмнинг мазмуни ва жамиятдаги аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритди.

– Мазкур фильм мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларини, айниқса, одамларнинг ташвиш ва муаммоларини ҳал этиш, оғирини енгил қилиш, уларнинг кайфиятини ўрганиш  борасидаги эзгу ишларни акс эттириши билан аҳамиятлидир,  – деди Кинематография агентлиги бош директори Шуҳрат Ризаев. – Фильмда атоқли санъаткорлар билан бирга ёш ижрочилар, шунингдек, бир қатор блогерлар ҳам иштирок этгани унинг ўзига хослигини таъминлаган.  

Фильм воқеалари 23 ёшли ҳуқуқшунослик йўналишидаги олий ўқув юрти магистранти Мадинанинг кўзи билан кўрсатилади. Унинг ҳаётий қарашлари, биринчи амалиёт кунидаги таассуротлари орқали томошабин тизимни ичкаридан кузатиш имкониятига эга бўлади.

Картина драматик эмас, балки  енгил, ҳаётий ва баъзан ҳазилга йўғрилган,  шу билан бирга таассуротли воқеаларга бой.

“Амалиётчи қиз” фильми оддий ҳаётий вазиятлар орқали адлия тизими ходимлари фаолиятини ёритиш билан бир қаторда  уларнинг кундалик меҳнати халқ ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда қай даражада аҳамиятли эканини чуқур ҳис этишга ёрдам беради.

“Амалиётчи қиз” жиддий комедия жанрида суратга олинган фильм бўлиб, ушбу кинокартинада бош ролларни Шаҳло Алижонова, Сардоржон Зокиров, Камол Бобоназаров маромига етказиб ижро этган.

Шунингдек, мазкур картинада Раъно Ярашева, Матёқуб Матжонов, Муҳаммадисо Абдулхайиров каби таниқли санъаткорларнинг иштироки фильм муваффақиятини таъминлагани аниқ. Фильм сценарий муаллифи – Сирожиддин Рустамов, режиссёрлар Иқбол Мелиқўзиев, Иброҳим Муҳаммадхўжаев. Бадиий раҳбар – Шуҳрат Ризаев.  

“Амалиётчи қиз” бадиий фильми томошабинларга, айниқса, ёшларга манзур бўлди.  

Назокат Усмонова,  

ЎзА мухбири