Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амалий-тактик ўқув машқлари фуқаролар учун ҳам муҳим
16:45 / 2025-08-09

Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан аҳоли ва ишлаб чиқариш объектларида хавфсизликни таъминлаш, фавқулодда ҳолатларда ҳаракат қилиш кўникмаларини ошириш мақсадида амалий-тактик ўқув машқлари ташкил этилди.

Ўқув машқлари Сирдарё тумани “Камолот” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Сирдарё пропан” ГНС масъулияти чекланган жамиятида ўтказилди. Тадбирга фавқулодда вазиятлар давлат қуйи тизимига кирувчи ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва объект ходимлари жалб этилди.

Сирдарё вилояти ФВБ тезкор қидирув маркази бошлиғи, подполковник Адҳам Рустамов раҳбарлигида ўтган машқларда шартли ҳолда юзага келган ёнғин ва портлаш хавфини бартараф этиш, аҳолини хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда махсус техника ва воситалардан самарали фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар бажарилди.

– Биз ушбу ўқув машқлари орқали хизматларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, аҳолини энг муҳим хавфсизлик қоидаларига ўргатиш ва ҳар қандай фавқулодда ҳолатда тез, мувофиқлашган ҳаракатларни амалга оширишга тайёргарлигини таъминлашни мақсад қилдик, – дейди подполковник Адҳам  Рустамов. – Энг асосийси, бу машқлар фақат хизматдаги ходимлар учун эмас, балки барча фуқаролар учун ғоят муҳимдир.

Ташкилотчилар таъкидлаганидек, бундай машқлар фуқароларнинг хавфсизлик маданиятини юксалтириш, эҳтимолий таҳдидларнинг олдини олиш ва фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракат қилиш кўникмасини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири