Тошкент шаҳридаги “Wyndham” меҳмонхонасида Осиё тараққиёт банки ташаббуси билан Ўзбекистонда Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари (МҲХС)га босқичма-босқич ўтиш жараёнларига бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Тадбирда “Ўзсувтаъминот”АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев, компаниянинг молия ва иқтисодиёт бўлимлари мутахассислари, шунингдек, ҳудудий сув таъминоти корхоналарининг иқтисодчи ва бухгалтерлари иштирок этди.

Семинар давомида халқаро эксперт ва консультантлар томонидан МҲХСга ўтишнинг методологик асослари, амалиётда қўлланиладиган ёндашувлар, шунингдек, жараёнда юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларнинг ечимларига оид таклифлар тақдим этилди. Мутасаддилар учун ҳисоботларни тўғри трансформация қилиш, ҳисоб сиёсатидаги ўзгаришлар, актив ва мажбуриятларни баҳолаш, молиявий ахборотни халқаро андозаларга мувофиқ шакллантириш каби йўналишларда амалий мисоллар келтирилди.

– Тадбирнинг асосий мақсади миллий сув таъминоти соҳасида молиявий шаффофликни ошириш, ҳисоботлар сифатини халқаро талабларга мослаштириш ва корпоратив бошқарув самарадорлигини кучайтиришдан иборат, – дейди “Ўзсувтаъминот”АЖ бўлим бошлиғи Жуманиёз Назаров. – Бу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлаш, халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда инвесторлар ишончини оширишга хизмат қилади.


Семинар якунида иштирокчилар МҲХСга ўтиш бўйича амалий кўникмаларини мустаҳкамлаб, бу соҳадаги янгича ёндашувлар ва халқаро тажрибадан фойдаланиш имкониятларини муҳокама қилишди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА