Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амалий семинар ўтказилди
17:28 / 2025-12-05

Қорақалпоғистон Республикаси суди томонидан аҳоли саломатлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган муҳим мавзулардан бири — шахсни ғайриихтиёрий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ва бу жараённинг ҳуқуқий механизмларига бағишланган амалий семинар ташкил этилди.

Тадбирда соғлиқни сақлаш муассасалари, прокуратура, ички ишлар органлари, “Адолат” социал демократик партияси вакиллари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳамда туманлараро судлар судьялари иштирок этишди.  

Таъкидланганидек, шахсни мажбурий равишда психиатрия муассасасига ётқизиш жараёни нафақат тиббий, балки ҳуқуқий ва ижтимоий аҳамиятга эга. Бу борада суд ҳужжатларининг ижросини таъминлаш, электрон ҳужжат алмашинувини такомиллаштириш ва идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш асосий масалалардан бири сифатида белгилаб берилди.

Шундан сўнг,  кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилинди. Унда шахсни мажбурий тартибда психиатрия стационарига ётқизиш ишлари судларда қай тартибда кўриб чиқилиши ва бу жараённинг ўзига хос ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида маълумот берилди.  

Таъкидланишича, бундай ётқизиш тиббий ёрдамнинг махсус тури бўлиб, фақат шифокорлар хулосаси ва қонуний асослар мавжуд бўлганда амалга оширилади. Суд томонидан ишлар ўн кунлик муддатда, қонуний вакил, шифокор-психиатр, прокурор ва муассаса вакиллари иштирокида кўриб чиқилади.

Семинар давомида иштирокчилар, айниқса тиббиёт муассасалари вакиллари айрим саволлар билан мурожаат қилишди. Муҳокамалар асосан амалдаги тартибларни такомиллаштириш, идоралар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш ва фуқаролар ҳуқуқларини таъминлаш механизмларини янада шаффоф қилиш масалаларига қаратилди.

Тадбир якунида жамоат хавфсизлиги, фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш борасида бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири