Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амалий семинар анорчиликни ривожлантиришга бағишланди
17:14 / 2026-02-19

Янгиобод туманининг Совот маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Аҳмадиёр Содиқов хонадонидаги томорқада ўтказилган амалий семинар анорчиликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Унда тумандаги саккизта маҳалла фуқаролар йиғинидан анор етиштиришга қизиқиш билдирган фуқаролар иштирок этди.

Семинар давомида анор парваришининг илмий асосланган, амалиётда ўзини оқлаган усуллари кўргазмали тарзда намойиш қилинди. Мутахассислар уруғ танлаш ва экиш тартиби, кўчатларни тўғри парваришлаш, тупроқда намликни сақлаш, ҳосилдорликни ошириш омиллари юзасидан батафсил тушунтириш берди. Ҳар бир амалий кўрсатма иштирокчиларда томорқадан самарали фойдаланиш кўникмасини шакллантиришга хизмат қилди.

Туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими масъуллари соҳада фаолият юритиш истагини билдирган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилишини таъкидлади. Бу эса аҳолининг ташаббусини рағбатлантириш, томорқани барқарор даромад манбаига айлантиришга қаратилган тизимли ёндашувдан далолат беради.

Аҳоли томорқаларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, оилалар даромадини ошириш, янги иш ўринлари яратиш бугунги кунда устувор вазифалардан саналади. Совот маҳалласида ўтказилган мазкур амалий семинар эса анорчиликни ривожлантириш орқали қишлоқ хўжалигида қўшимча имкониятлар яратиш, аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида муҳим аҳамият касб этади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири