Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амалий ишлар бошланди
19:19 / 2026-02-10

Жорий йил 23 январь куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларни комплекс ривожлантириш, айниқса, ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари паст бўлган “қизил тоифа” маҳаллаларни замонавий ёндашув асосида қайта шакллантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг Қурилиш ва Архитектура факультетлари профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари Қорақалпоғистон Республикасидаги 76 та “қизил тоифа”даги маҳаллага бириктирилди ва амалий ишлар бошланди. Бу жараёнда ҳудудларнинг мавжуд инфратузилмаси, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, ижтимоий объектлар жойлашуви, йўл ва транспорт тизими, яшил ҳудудлар ҳамда аҳоли турмуш шароити чуқур ўрганилмоқда.

Бу ташаббус нафақат ҳудудларни ободонлаштириш ва замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида қайта режалаштиришга хизмат қилмоқда, балки талаба-ёшлар учун ҳам катта амалий мактаб вазифасини ўтамоқда. Талабалар ўз назарий билимларини аниқ объектларда қўллаш, лойиҳа-смета ҳужжатлари билан ишлаш, ҳудудий таҳлил ўтказиш ва замонавий меъморий ечимларни ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлмоқда. Шу асосда Нукус шаҳридаги “Саманбай” ва “Янги замон” маҳалла фуқаролар йиғинларида режа ишлаб чиқиш бўйича амалий чора-тадбирлар бошланди.

Мутахассислар ва талабалар томонидан ҳудуднинг бош режасини шакллантириш, замонавий уй-жой қурилиши, ижтимоий соҳа объектлари, болалар майдончалари, спорт иншоотлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлашувини оптимал режалаштириш, шунингдек, муҳандислик тармоқларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.