«Ўзагроинспекция» Ахборот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ўтган 2022 йилда сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш соҳасидаги инспекторлар томонидан жойларда 20 949 та профилактика тадбирлари ўтказилган.
Шунингдек, 2022 йил давомида қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувдан мақсадли ва тежамли фойдаланиш, исроф бўлишининг олдини олиш, қонунбузилишларга йўл қўймаслик мақсадида тадбиркорлик субъектларида профилактика ва амалий тадбирлар ўтказиб келинди.
Берилган аниқ кўрсатмалар ва амалий чоралар натижасида жами 16 991 та ҳолатда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув исроф бўлишининг олди олинди. Жумладан, экин майдонларини кўллатиб суғориб, сув исрофгарчилигига йўл қўйиш, сувларни тўғридан-тўғри коллектор-дренаж тармоқларига ташлаб қўйиш, суғориш ишларига етарли даражада сувчиларни жалб этмай, далада сувни қаровсиз қолдириш, лимитдан ортиқча сув олиш, ажратилган сувдан бошқа мақсадларда фойдаланиш ва бошқа шу каби сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибини бузиш ҳолатлари аниқланиб, камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.
3 958 та ҳолатда сув тежовчи технологиялар ўрнатилган майдонларда мазкур технологиядан фойдаланмасдан, қишлоқ хўжалиги экинларини анъанавий суғоришга йўл қўйилишининг олди олинди. Бунинг натижасида эса, давлатдан субсидия олиб, сувни тежайдиган суғориш технологиясини жорий қилган, лекин мазкур технологияни ишлатмасдан турган 15 818 гектар майдонда технологиялар қайта ишга туширилишига эришилди.
Инспекция ходимларининг бевосита амалий ёрдами билан 2 535 та ҳолатда сувдан фойдаланувчи ва сув истеъмолчилари ўртасидаги низоли ҳолатлар бартараф этилди. 2 949 та ҳолатда сув таъминоти оғир бўлган сув истеъмолчиларига сув етказиб беришда кўмаклашилди. 591 та жойда ўқув-амалий семинарлари ташкил қилиниб, 2276 та ҳолатда амалдаги қонун ҳужжатлари ва уларга киритилган ўзгартиришларни тушунтириш, ундаги талаблар бузилишининг олдини олишга қаратилган услубий ва тавсиявий ёрдамлар кўрсатилди.
Инспекция ходимлари томонидан сув танқислиги сезилган ҳудудларда бир суғориш тармоғидан фойдаланувчи фермер, деҳқон хўжаликлари ва бошқалар ўртасида сувдан навбатлаб фойдаланиш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари амалга оширилиб келиниши натижасида сув истеъмолчиларининг сувдан фойдаланиш маданияти даражаси юксалиб, суғориш учун ажратилган сув ресурсларидан оқилона ва тежаб фойдаланиши таъминланмоқда.
ЎзА