Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар белгиланди
15:06 / 2025-08-14

“Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти кенгашининг II Пленуми бўлиб ўтди. Унда партиянинг вилоят ва ҳудудий кенгаш вакиллари, фракция аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари иштирок этди.

Пленумда партия вилоят кенгашининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти таҳлил қилинди ҳамда иккинчи ярим йилликдаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Таъкидланишича, бугунги кунда партия аъзолари сони 69 689 нафарга етган. Ҳисобот даврида маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан тегишли мутасаддиларга 102 дан ортиқ депутатлик сўровлари юборилган.135 нафар мансабдор шахс ҳисоботи тингланган.

“Уйма-уй” лойиҳаси доирасида аниқланган 1474 та муаммоли масала бўйича амалий чоралар кўрилди. Жумладан, 123 нафар хотин-қиз ва 103 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Шунингдек, 86 нафар хотин-қиз ва 75 нафар ёшга кредит олишда амалий ёрдам кўрсатилди. Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилди ва келиб тушган 650 та мурожаатдан 546 таси ижобий ҳал этилди.

Маҳаллалар ва таълим муассасаларида тарғибот тадбирлари, депутатлик учрашувлар, ўқув семинарлар, китобхонлик ва саводхонлик акциялари, интеллектуал ўйинлар, миллий қадриятлар ва тарихий саналарга бағишланган тадбирлар мунтазам ўтказилди. Шунингдек, сиёсатчи аёллар клуби, ёшлар ташаббуслари, ижтимоий муаммолар, эрта турмуш, соғлом турмуш тарзи ва оилавий қадриятлар мавзуларидаги тадбирлар ҳам ташкил этилди.

Пленумда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Бухоро шаҳар кенгаши депутати Мойира Тошева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Маҳсуд Муҳаммедов ҳамда Бухоро вилояти кенгаши депутати, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Хусейнованинг маърузалари ҳам тингланди.

Шунингдек, пленумда ҳудудий кенгашлар раислари, депутатлар ва партия фаоллари партиявий лойиҳалар ижроси, аҳоли муаммоларини ҳал этишда самарадорликни ошириш, бошланғич ташкилотлар фаолиятини жонлантириш бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Пленум якунида иккинчи ярим йилликдаги фаолиятнинг асосий йўналишлари муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.