Амалга ошираётган ислоҳотларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб баҳоланмоқда
Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатнома билан қилаётган чиқишида тўхталиб ўтди.
Бу ҳақда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатнома билан қилаётган чиқишида тўхталиб ўтди.
“2019 йилда мутлақо янгича мазмун ва шаклда 4та Президент мактаби, 3та ижод мактаби иш бошлади. Олий таълимни ривожлантириш учун ўтган йили 19 та янги олий ўқув юрти, жумладан, 9та нуфузли хорижий университет филиаллари очилди. Етакчи хорижий университетлар билан ҳамкорликда 141 та қўшма таълим дастури бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Олий таълим муассасаларига жами 146 минг 500 нафар ёки 2016 йилга нисбатан икки баробар кўп талаба ўқишга қабул қилинди. Ишлаётган пенсионерларга пенсиясини тўлиқ тўлаб бериш тартиби жорий этилди. Ижтимоий ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд аҳоли учун нафақа миқдори икки баробар кўпайтирилди. Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат муассасалари билан бир қаторда хусусий тиббиёт йўналишлари ҳам жадал ривожланмоқда. Даволаш фаолияти турлари 50тадан 126 тага кўпайтирилиб, қатор имтиёзлар берилгани туфайли ўтган йили 634 та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилди“ деди давлатимиз раҳбари.
Шунинг Мурожаатномада давлат Дастурлари доирасида амалга оширилган ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 479 та қишлоқ ва овулда, шаҳарлардаги 116 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Қишлоқ жойларда 17 минг 100 та, шаҳарларда 17 минг 600 та жами 2016 йилга нисбатан салкам уч баробар кўп арзон ва шинам уйлар қурилди. Кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 5 мингта оилага, жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ипотека кредити асосида арзон уй-жойлар сотиб олиш учун 116 миллиард сўмдан зиёд бошланғич бадал тўлаб берилди.
Президентимиз бу масалага эътибор қаратар экан, ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини қайд этди.
“Амалга ошираётган ислоҳотларимиз жаҳон ҳамжамияти томонидан муносиб баҳоланмоқда. Хусусан, дунёдаги нуфузли нашрлардан бири “Экономист” журнали Ўзбекистонни 2019 йилда ислоҳотларни энг жадал амалга оширган давлат, йил мамлакати, деб эътироф этди. Берилган бундай баҳо барчамизга чексиз ғурур, ифтохор ва куч бағишлайди. Янги марраларга руҳлантиради.” – деди Президент.