Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Амалдаги қонунчилик ёшлар нигоҳида
15:55 / 2024-04-09

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан Бухоро давлат университетида “Парламентда ёшлар ўрни” лойиҳаси доирасида “Депутат ва ёшлар учрашуви” ташкил этилди. Унда партия масъуллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, “Ёшлар қаноти” фаоллари университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлари қатнашди.

Университетда 25 минг нафар талаба-ёшлар таҳсил олади. O’zLiDeP вилоят Кенгаши сафидаги 23 минг 266 нафар ёшларнинг аксариятини университет талаба-ёшлари ташкил этади. Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши раиси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Обиджон Ҳамидов O’zLiDePнинг мамлакат ёшлари ҳаётида тутган ўрни, Ўзбекистоннинг таълим ва интеллектуал ривожланиш даражаси бўйича дунёда энг юқори рейтингга эга 30 та давлат қаторидан жой олишини таъминлашда партиявий лойиҳаларнинг аҳамияти хусусида тўхталиб ўтди.

Тадбирда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурига мувофиқ истеъдодли ва иқтидорли ёшлар вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотлар ҳамда олий таълим муассасалари раҳбарларига бириктирилиши, ёшлар орасида бизнеснинг оммалаштирилиши, “Ёшлар дафтари” жамғармаси маблағларининг ёшларни чет тиллари ва касб-ҳунарга ўқитиш мақсадларига йўналтирилиши, уларни замонавий касбларга ўқитиш бўйича “Устоз” махсус платформасини ишга туширилиши, “Қизлар академияси” платформаси ҳақида ёшларга батафсил маълумотлар берилди.  

– Тадбирда қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар, жумладан, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасидаги Ёшлар парламентлари фаолияти бўйича, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги 5 та устувор йўналиш ва 100 та мақсаднинг мазмун-моҳияти, айниқса, унда таълим тизимини янада такомиллаштиришга оид устувор вазифалар юзасидан тегишли маълумотларни талаба-ёшларга тақдим этдик, – дейди O’zLiDeP вилоят Кенгаши раиси биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Бобомурод Очилов. – Шунингдек, O’zLiDeP “Ёшлар қаноти” томонидан навқирон авлод вакилларининг сиёсий, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш мақсадида амалга ошириб келинаётган “Парламентда ёшлар ўрни”, “Депутат ва ёшлар учрашуви”, “Ёш тадбиркорлар лигаси”, “Менинг ғоям”, “Тадбиркорликка илк қадам”, “Ёш тадбиркор” сингари 20 дан ортиқ истиқболли лойиҳаларга кўплаб ёшларнинг қамраб олиниши уларнинг Ватанимиз равнақи ва ёруғ келажаги йўлида хизмат қиладиган етук мутахассис сифатида шаклланишига замин яратиши алоҳида таъкидланди.

Депутатлар билан жонли мулоқот давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.