“Altmax Holding” Ўзбекистонга 1,8 миллиард доллар инвестиция киритади
ИЭС барпо этилиши "Мустақилликнинг 25 йиллиги" газ конини ўзлаштириш бўйича амалга оширилаётган, “Altmax Holding Ltd” асосий акционер ҳисобланган лойиҳа доирасидаги ишлар давомидир.
Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги ва россиялик таниқли бизнесмен Андрей Филатов бошқарувидаги “Altmax Holding Ltd” компанияси ўртасида газ-иссиқлик электр станцияси қуриш тўғрисида меморандум имзоланди. 1,5 минг МВт қувватга эга бўладиган мазкур корхона республикамиз жанубида ишга туширилади. Лойиҳа 1,8 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бу ҳақда ҳужжатни имзолаш маросимида иштирок этган “ТАСС” ахборот агентлиги мухбири хабар баерган.
ИЭС барпо этилиши "Мустақилликнинг 25 йиллиги" газ конини ўзлаштириш бўйича амалга оширилаётган, “Altmax Holding Ltd” асосий акционер ҳисобланган лойиҳа доирасидаги ишлар давомидир.
Филатов ушбу лойиҳага инвестиция киритишдан Россия банклари – ташқи савдога ихтисослашган ВТБ ва Газпромбанк ҳам бевосита манфаатдор эканини алоҳида таъкидлаган. Унинг қайд этишича, лойиҳани молиялаштиришда жиҳоз-ускуна ишлаб чиқарувчилар ҳам ўз маҳсулотларини 15 йилдан ортиқ муддатга имтиёзли кредит асосида бериш йўли билан иштирок этади.
“Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳиятидан унумли фойдаланиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги электр энергетикаси соҳасини бу борада устувор инфратизим йўналишларидан бирига айлантиради. Қўшимча энергетика қувватларини барпо этиш, биринчидан, маҳаллий саноатни ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун жуда зарур. Иккинчидан бу амалиёт замирида жиддий экспорт салоҳияти мавжуд: ёнма-ён жойлашган Афғонистон, шубҳасиз, мамлакатда тинч ҳаёт изга тушиши билан электр энергиясига катта эҳтиёж сеза бошлайди. Умид қиламанки, лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилгач, Ўзбекистон ҳукумати билан икки томонлама мажбуриятлар тўғрисидаги келишувни имзолаймиз ва “ВТБ”, “Газпромбанк” каби Россиянинг етакчи банклари кўмагида лойиҳани ҳаётга тадбиқ этишга киришамиз”, - дея сўзини якунлаган компания раҳбари.
Янги электр станцияси тўла қувват билан ишга тушгач, нафақат маҳаллий ва минтақавий ҳудудлар эҳтиёжини қондириш, балки электр энергиясини, жумладан, қўшни вилоятлар ҳамда давлатларга экспорт қилиш учун заҳира яратиш имкони туғилади. Маълумки, Ўзбекистон жануби бир йўла уч мамлакат - Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон билан чегарадош. Демак, келажакда йирик ҳудуддаги истеъмол бозорини эгаллаш истиқболи мавжуд.