Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Туркиянинг Соғлик билимлари университети ректори Кемалиттин Айдинни қабул қилди.
Бугунги кунда мазкур университет билан Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти ўртасида йўлга қўйилган алоқалар янги босқичга кўтарилмоқда. Ўзаро келишувга кўра, ҳар йили бухоролик мутахассислар ушбу университетда имтиёзли тарзда малака оширади.

Мулоқотда тиббий таълим соҳасида алоқаларни янада кенгайтириш ва ривожлантириш, ҳамкорликда илмий-маърифий тадбирларни ўтказиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Вилоят раҳбари Кемалиттин Айдинни Бухорога ташрифи билан қутлаб, ҳамкорлик доирасидаги таклифларни тўла қўллаб-қувватлашга тайёрлигини таъкидлади.

Ўз навбатида Кемалиттин Айдин Соғлик билимлари университетининг Бухоро тиббиёти билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришдаги алоҳида саъй-ҳаракатлари учун вилоят ҳокимига миннатдорлик билдирди.
Томонлар йўналишлар ва талабалар сонининг ошиб бораётганини инобатга олиб, Туркия тиббиёт факультети учун алоҳида бино ажратиш, бакалавр ва магистрантларнинг академик алмашинувини янада кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш, профессор-ўқитувчилар ва докторантлар учун малака ошириш, турк университетининг филиали базасидаги шифохоналарда амалиёт ўташ ва қўшма тадқиқот, жарроҳлик амалиёти лойиҳаларини амалга ошириш борасида келишувларга эришди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.