Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алоҳида эътибор, юксак масъулият ва улкан юрак талаб қиладиган даргоҳ
12:09 / 2026-03-04

Қарор ва ижро

Илм – ҳаёт таянчи, маънавиятнинг асоси саналади. Илм билан улғайган, тафаккури юксалган инсон юрт тараққиётига дахлдор эканини ҳис этиб яшайди. Шу боис мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жамият келажагини белгиловчи стратегик йўналиш сифатида эътироф этилмоқда. 

Айниқса, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун яратилаётган имкониятлар бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг инсонпарварлик моҳиятини янада яққол намоён этади.

Бугун мактабларда инклюзив таълим тизими ва бошланғич таянч коррекцион синфлар фаолиятининг йўлга қўйилаётгани ҳар бир боланинг жамиятда тенг ҳуқуқли таълим олишига хизмат қилмоқда. Бу жараён шунчаки янги таълим шаклини жорий этиш эмас, балки жамият онгида “ҳар бир бола қадрлидир” деган ғояни мустаҳкамлашдир.

Бу борадаги муҳим ҳуқуқий асослардан бири Ҳукуматнинг 2021 йил 12 октябрда қабул қилинган “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим беришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қароридир.

Мазкур ҳужжат алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларнинг сифатли таълим олиши, уларнинг жамиятга интеграциялашуви ҳамда педагогик қўллаб-қувватлаш механизмларини белгилаб берди. Энг муҳими, бу қарор орқали махсус таълим тизими аниқ меъёрий асосга эга бўлди.

Қоғоздаги қарор ва дастурлар амалиётга татбиқ этилганда ўз самарасини беради. Инклюзив ва махсус таълим тизимининг муваффақияти, аввало, уни ҳаётга татбиқ этаётган инсонларнинг сабр-тоқати, касбий маҳорати ва меҳрига боғлиқ.

Мисол учун, ҳар тонг мактаб эшигидан кирар эканман, оддий иш жойимга эмас, балки меҳр ва сабр синовидан ўтадиган масканга қадам қўяётганимни ҳис қиламан. Дарҳақиқат, махсус мактаб – бу алоҳида эътибор, алоҳида юрак ва алоҳида масъулият талаб қиладиган даргоҳ.

Болаларнинг кўзларига боқаман. Уларнинг нигоҳида беғуборлик, ишонч ва умид мужассам. Кимдир ҳали тўлиқ гапира олмайди, кимдир мустақил ҳаракат қилишни ўрганмоқда, яна кимдир оддий саломлашишни эндигина уддалаяпти. Аммо ҳар бир кичик қадам биз учун улкан ютуқдир.

Кун эрталабки суҳбатдан бошланади. Болаларга нафақат савод ва билим, балки ҳаётий кўникмаларни ўргатиш асосий вазифамиз саналади. Ўзини тутиш, навбат кутиш, раҳмат айтиш, буюмларини тартибга қўйиш – булар оддий кўникмадек туюлиши мумкин. Аммо алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган бола учун бу босқичлар мустақил ҳаёт сари ташланган муҳим қадамлардир.

Баъзан биргина сўзни тўғри талаффуз қилиш учун ҳафталар кетади. Баъзан оддий тугмани тақиш катта меҳнат талаб қилади. Аммо ўша кичик муваффақиятни кўрганимда барча чарчоқлар унутилади. Чунки бу нафақат бола, балки жамиятнинг ҳам ғалабасидир.

Инклюзив таълим фақат махсус эҳтиёжли болалар учун яратилган шароит эмас. У соғлом тенгдошлари учун ҳам бағрикенглик, ҳамдардлик ва ижтимоий масъулият мактабидир. Бир синфда турли имкониятга эга болаларнинг бирга ўқиши келажак жамиятининг толерант ва меҳрибон бўлишига замин яратади.

Бугунги ислоҳотлар шуни кўрсатмоқдаки, таълим тизимидаги ўзгаришлар шунчаки инфратузилма ёки ўқув дастурларини янгилаш билангина чекланмаяпти. Асосий эътибор инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир боланинг имкониятини рўёбга чиқаришга қаратилмоқда.

Зеро, илмга элтувчи йўл ҳаммага бирдек очиқ бўлган жамиятгина чин маънода тараққий этади. Инклюзив таълим эса ана шу адолатли жамият сари қўйилган қатъий қадамдир.

Феруза ИСМОИЛОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси 

Хўжайли туманидаги ихтисослаштирилган

мактаб-интернати тарбиячиси.

ЎзА