Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алоҳида эътибор – алоҳида масъулият демак
15:55 / 2026-01-19

Бугунда Бекобод шаҳрида жойлашган 11-кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти алоҳида таълим эҳтиёжларига эга бўлган болалар тарбияси ва ривожи йўлида самарали фаолият юритмоқда. Муассаса 1977 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган муҳим ижтимоий масканлардан биридир.

Ташкилот биноси 280 ўринга мўлжалланган ва унда 12 та гуруҳ фаолият юритиши режалаштирилган. 9 та гуруҳда 118 нафар тарбияланувчи мунтазам таълим-тарбия олмоқда. Уларда болаларнинг индивидуал имкониятлари ва эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда махсус дастурлар асосида машғулотлар олиб борилади. 

Бундан ташқари, муассасада психик ва нутқий ривожланишида кечикиши (Ф83) бўлган болалар учун 6 та гуруҳ, енгил даражадаги ақли заифлик (Ф71) билан боғлиқ муаммолари бўлган болалар учун 1 та гуруҳ, болалар серебрал фалажи билан касалланган тарбияланувчилар учун 1 та гуруҳ ҳамда мураккаб нуқсонли болалар учун 1 та махсус гуруҳ фаолият юритади. 

Мазкур мактабгача таълим ташкилоти нафақат Бекобод шаҳрига, балки Бекобод туманига ҳам хизмат кўрсатади. Ушбу ҳудудлардан умумий ҳисобда ногиронлиги бўлган тарбияланувчи болалар сони 45 нафарни ташкил этади. Ташкилотда 86 нафар ишчи-ходим бўлиб, уларнинг 47 нафари педагоглар, 30 нафари ўрта махсус, 17 нафари олий маълумотга эга. Шунингдек, 13 нафар II тоифали ва 2 нафар I тоифали педагоглар ўз касбига садоқат билан хизмат қилмоқда. 

Муҳими, бу муассасада нафақат таълим-тарбия, балки болалар саломатлигини яхшилашга қаратилган тизимли ишлар ҳам олиб борилади. Соғломлаштирувчи машғулотлар, ҳаракатли ўйинлар, даволовчи жисмоний тарбия, психологик қўллаб-қувватлаш ҳамда индивидуал ривожлантирувчи машқлар орқали тарбияланувчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса болаларнинг кундалик фаолиятга мослашуви ва ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. 

Муассасада тарбияланувчиларнинг кейинги таълим босқичига пухта тайёрланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, 2025 йилда 22 нафар тарбияланувчи мактаб таълимига йўналтирилди. Улардан 7 нафари умумий ўрта таълим мактабларига, 3 нафари инклюзив таълим шаклига, қолганлари эса мактаб-интернатларга юборилди. 2026 йилда эса 29 нафар тарбияланувчини мактаб таълимига йўналтириш режалаштирилган. 

– Бизнинг энг асосий вазифамиз ҳар бир боланинг имкониятини очиш, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш, ишонч бериш ва жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишдир. Бу йўлда педагогларимиз меҳр ва масъулият билан фаолият олиб бормоқда. Муҳими, жамоа алоҳида эътиборга муҳтож болаларнинг жамиятга мослашуви, билим ва ҳаётий кўникмаларини шакллантириш билан бирга, уларнинг соғлом ривожланишига хизмат қилаётган муҳим маскан сифатида фаолият юритмоқда, – дейди муассаса директори Гулсара Йўлдошева. 

А.Мусаев, ЎзА.