Алмаштириб берилди
Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманининг “Адабиёт” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Р.А. тумандаги “Қўнғирот” савдо мажмуасида жойлашган дўконларнинг биридан 8 миллион сўмга бриллиант зирак сотиб олган.
Бироқ зиракда нуқсон борлиги маълум бўлгач, истеъмолчи дўкон эгасига уни қайтариб бериш ёки бошқасига алмаштиришни сўраб мурожаат қилган. Тадбиркор эса ушбу қонуний талабни бажаришдан бош тортган.
Ўз ҳуқуқини яхши билган истеъмолчи Қўнғирот тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган. Жамият мутахассислари томонидан ҳолат ўрганилиб, дўкон эгасига тушунтириш ишлари олиб борилди.
Натижада нуқсонли бриллиант зирак худди шундай янгисига алмаштириб берилди ва истеъмолчининг мурожаати ижобий ҳал этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири