French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алломалари кўп юртда  ўн мингдан зиёд мактаб нега ном билан эмас, рақам билан юритилади?
13:13 / 2022-02-17

Халқ педагогикасида бола тарбияси билан боғлиқ қарашлар бисёр. «Боланинг биринчи Ватани бешик», «Боланинг тафаккур олами у эшитаётган, кўраётган, ҳис қилаётган нарсалар орқали теранлашиб боради», «Бола назари тушган, эшитган нарсани тўлиқроқ англамоққа интилади» кабилар.

Бугунги кунда республикамиз халқ таълими тизимида 10 008 та мактаб фаолият олиб боряпти. Бундан ташқари, Президент мактаблари билан бир қаторда Огаҳий, Абдулла Қодирий, Исъҳоқхон Ибрат, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаблари фаолият кўрсатмоқда.

Муҳаммад ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабларнинг очилиши нур устига нур бўлди. 

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, мамлакатимиз халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган ўн минг саккизта мактаб нега ном билан эмас рақам билан юритилади? Уларда таҳсил олаётган ўқувчи – мамлакат келажагини ҳал қилувчилар фахрланиш ҳиссидан бебаҳра вояга етмоқда.

Эътирозга, масалани журналист сифатида кўтаришга асосим бор. Бошқа мамлакатларни билмадим, аммо бизнинг таълим тизими узвийлик+узлуксизликка асосланади. Бу тизим – мактабгача таълимдан то олий ўқув юртидан кейинги таълим сифатида занжир реакциясидек давом этади. Мактаблардан шахслар номининг олиб ташланиши ана олтин занжирдаги тугун мисолидир. Келинг, уни бамайлихотир таҳлил қиламиз.

Ўзбекистонда мактабгача таълим муассасаларига болажонларнинг ёши, руҳиятига мослаб жуда гўзал номлар қўйилган. «Болажон», «Думбоқча», «Ширинтой», «Айиқжон», «Олмахон», «Гулзор», «Чаман», «Юлдузча» кабилар. Болажонлар бу атамаларни эшитганда чеҳрасига беихтиёр табассум ёйилади. Ўзини эркаланаётгандек ҳис қилади.

Ёзги таътил давомида ўқувчиларни ўз бағрига оладиган дам олиш оромгоҳлари ҳам «Гулистон», «Бўстон», «Ором», «Ниҳол» каби номлар билан аталади.

Академик лицейларга ихтисослигига кўра ўша соҳа етук олими номи берилади. Масалан, Сирожиддинов, Губкин номидаги академик лицейлар. Республикадаги барча олий ўқув юртлари атоқли шахслар номи билан аталади.

Мақолани ўқиган бугуннинг ёшлари аслида нима сабабдан мактабларнинг номи олиб ташланган, деган саволни қўйиши табиий. Яхши хотирамда мамлакатимиз мустақиллигини эълон қилгач, қизил империя сардорларининг номи мактаблардан олиб ташланди.

Далилларга мурожаат қиламиз. «Маърифат» газетасининг ўша йиллардаги тахламлари билан танишдим.

1992 йил 16 январь сонида Яҳё Шермуҳаммедовнинг «Ўз-ўзини англаш ва топонимика» номли ижтимоий-сиёсий мақоласи эълон қилинган. Муаллиф кўча, майдон, илмгоҳ ва билимгоҳларга қўйилган номларни таҳлил қилади. Олим «Шахслар номи билан аталадиган жой номлари, турли хил атамалар энг нозик ва маданият белгисидир. Шахсий атамалар маълум муҳит, шароитда етилган билим ва меҳнат натижаларини, тажрибаларини инсонларга, ўз халқига хизмат қилдира олган машҳур кишилар сиймоси синов майдонида бугун. ...Бу борада юксак онглилик асосида иш кўриш керак», деб таъкидлайди.

Турган гапки, матбуотдаги шу каби ижтимоий чиқишлар ўз самарасини берган. Газетанинг 1993 йил 16 январь сонида эълон қилинган «Исмоилий мактаби» хабарига кўра Олтиариқ туманидаги 29 мактабга таниқли ёзувчи Мирзакалон Исмоилий номи берилган. Н.Мадиёров ва А.Бўтаевлар томонидан 1992 йил 15 апрель сонида тайёрланган хабар «Муаллим номини эъзозлаб» сарлавҳаси остида эълон қилинган. Унда Водилдаги Ворошилов номли 18 мактабга 40 йил бошланғич синфларга муаллимлик қилган Турсунали Узоқов номини қўйиш маъқул топилди, дейилади. Ҳ.Рустамовнинг 1992 йил 22 апрелда эълон қилинган «Қутлуғ номлар шарафланмоқда» хабарига кўра, Марғилон шаҳридаги 1 мактабга бутун умрини маорифга бағишлаган Мунаввархон Тошхўжаев номи берилгани, Фарғона шаҳридаги 30 ўрта мактабга 1920 йилларда шу илм масканига асос солган Д.Ниёзов, Қува туманидаги 9 илм масканига шу музофотдаги халқларнинг маърифий камолотида жуда катта ўрин тутган А.Саломов, Олтиариқ туманидаги 37 билим даргоҳига қалдирғоч муаллимлардан З,Мадаминова номлари берилиши ҳам эзгу ишлар сирасига кириши таъкидланган.

Газетанинг 1993 йил 9 январь сонида З.Муҳаммаджоновнинг «Мактаб генерал номида» хабари эълон қилинган бўлиб, унга кўра Тошкентдаги 173 мактабга ички ишлар органларида узоқ йиллар ишлаган, генерал-майор У.Саидов номи берилганлиги таъкидланган. Б.Эгамов томонидан 1993 йил 30 январь куни эълон қилинган «Қишлоқда уч қаватли мактаб» номли хабарда Қизилтепа туманидаги «Тавовис» давлат хўжалиги ҳудудида қурилган мактабга бу ерда кўп йиллар муаллимлик қилган Шариф Ражабов номи берилгани айтилган.

Газетада эълон қилинган, юқорида таъкидлаганимиз маълумотларга эътибор қаратинг. Назаримизда, бу масала шошма-шошарликда ҳал қилинган кўринади. Бу масалада тарихийлик, мантиқийлик, илмийлик касб этмагани, ижтимоий адолат принциплари, белгиланган мезонлар асосида эмас, енгил-елпи, таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик, керак бўлса маҳаллийчиликка йўл қўйилгани аёндек.

Мактабга ички ишлар идораларида узоқ йиллар фаолият олиб борган, генерал-майорнинг номи қўйилиши ҳам калта фикрлаш натижасидир. Аслида бундайин инсонлар номи ички ишларга кадрлар тайёрлайдиган ўқув юртларига қўйилиши керак. Мактабда жуда кўпчилик узоқ йиллар ишлаши мумкин. Уларнинг ҳаммаси болаларга билим берган.

ҚЎЙИЛГАН НОМ ҚАЙСИ МEЗОН АСОСИДА ТАНЛАНГАН?

Натижада юқорига думалоқ хатлар ўрмалаган, норозилик кучайган. Афсус, муаммони ечишнинг осонгина, ғалвасиз йўли танланган. Демак, бир-икки ҳовуч узоқни кўра олмайдиганлар йўл қўйган хатолик жабрини ўттиз йилга яқинки бутун бир халқ тортмоқда. Назаримда, «тоғорадаги кир сувга қўшиб чақалоқ ҳам улоқтирилган» кўринади.

Келинг, бу борада биздан кўра эл-юртга хизмати кўпроқ сингган инсонларга юзланамиз.

– Мактаб шахс номи билан аталишида кўзга кўринмас ғоя, мафкура, таълим, тарбия бор. Шахс номи билан аталса, болаларда меросга ҳурмат шаклланади. Айнан ана шу ҳурматнинг шаклланишига рақамнинг кучи етмайди. Ўзим Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги Ойбек номли мактабда ўқиганман. Ойбек ҳақида адабиёт ўқитувчимиздан шу қадар кўп эшитганимдан адиб шахсига ҳурматим баландлаб борди ва ўқувчилик пайтларимдаёқ унинг барча асарларини ўқиб чиқдим. Айниқса «Навоий» романини қайта-қайта ўқидим. Бу кейинчалик менинг бадиий адабиётга, тарихга бўлган қизиқишимни кучайтирди, – дейди тарих фанлари доктори, профессор Қаҳрамон Ражабов.

– Жом қишлоғида Бурҳон Турсунов номли 7 йиллик мактабда ўқиганман. Биринчи синфга борганимданоқ бу инсон шахси билан қизиқиб билдимки, мактабимизнинг собиқ ўқувчиси Бурҳон Турсунов ҳозирги Самарқанд Давлат университетида ўқиган. Иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат кўрсатиб, йигирма етти ёшида Берлинни олишдаги жангларда иштирок этган. Душман пулемёти қўшинларимизнинг ёриб ўтишига йўл қўймаётган бир пайтда ҳамқишлоғим Бурҳон белига саккизта гранатани боғлаб ўзини пулемёт жойлашган нуқтага уради ва қаҳрамонларча ҳалок бўлади. Кейинчалик бу инсон шахсини яхшилаб ўргандим ва у ҳақда кўплаб ҳикоялар, мақолалар ёздим. Қайсики шахснинг номи мактабга қўйилса, болаларда ўша инсонни кенгроқ ўрганишга интилиш ҳамда романтика, мотивацияни кучайтиради. 8-синфдан олти ярим километр йўл босиб 21-мактабда ўқишни давом эттирдим. У мактабга ҳеч кимнинг номи қўйилмаган эди. Шунинг учун биринчи мактабим ҳақида ҳаяжон, фахр, ғурур билан гапираман ва ана шундай қаҳрамон ҳамқишлоғим бўлганлигидан фахрланаман, – дейди Халқаро Экология ва биосфера академияси ҳамда Турон Фанлар академияси академиги, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Дилором Ёрматова.

Дадил, фидоийлик, ватанпарварлик руҳидаги бу жавоблардан қувондим.

– Узоқ йиллар Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги мактабга раҳбарлик қилдим. Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари билан Бобур ҳазратлари тарихига бағишланган асарларни саҳналаштирганимиз, ота-оналар ва ўқувчилар кўзда ёш билан томоша қилганлари ҳамон хотирамда. Бу ном биз педагог ва ўқувчиларга руҳ берарди. Мактабга ном берилиши болаларда аждодлардан фахрланиш, ғурур ҳиссини шакллантиради. Сизга бир сирни айтай. Мактабларнинг рақам билан аталиши иш бошқарувчи аппарат ходимларига қулай.

Масалан, йиғилишлар чоғида узундан-узоқ қилиб «Энди Бобур мактаби директоридан эшитамиз», дейилмайдида «навбат 23-мактабга» дейилади. Кўряпсизми, бир ҳовуч одамга қулай бўлиши учун мактаблар номининг олиб ташланиши миллат маънавияти, ўзликдан фахрланиш ҳисси сунъий ҳолда сусайтирилгандек туюлади. Рақам билан бола қалбида фахр ва ғурурни шакллантириб бўлмайди, – дейди телефон гўшагидан эшитилаётган товушида афсус оҳанги сезилиб турган педагог Махфират Худойқулова.

– Миллий хусусиятдан келиб чиққанда бола 1-синфга борганда мактаб қайси шахс номи билан аталса, илк дарсларда ўша одамнинг илмий, бадиий мероси, ижоди ҳақида гапириб берилади. Мактабнинг кимнингдир номи билан аталгани бола онгига маълумот олиб киради. Бола онгида идеал инсон образини яратади. Ижобий мотивация уйғотади. Ғоявий таъсири кучли бўлади. Бола ана шу идеал орқали мактабга боғланади.

Мактабларга улуғ мутафаккирлар, жадид маърифатпарварлар, илм-фан, адабиёт ва санъат намоёндалари номи қўйилиши зарур. Яна шуни таъкидлайманки, бир пайтлар мамлакатимизда мактаблар етишмаган. Ана шундай пайтда маърифат фидоийлари ўз шахсий маблағини тикиб, ташаббус кўрсатиб, элни ҳашарга чорлаб мактабга асос солишган. Демак маълум ҳудудда мактабларга асос солган шахсларнинг номини қўйиш ҳам бизнинг улар олдидаги бажарилмаган қарзларимиздир. Алоҳида таъкидламоқчиманки, шахслар номи берадиган мотивацияни рақам беролмайди. Шахс билан рақам таъсири ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Шу маънода мактабларга шахсларнинг номи қўйилишини қўллаб-қувватлайман, – дейди «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институти директор ўринбосари, педагогика фанлари доктори, профессор Ойниса Мусурмонова.

Шахсий фикрларини сўраб яна бир таниқли инсонга мурожаат қилдим. «Жим-м, – деди у бармоғини лабларига босиб. – Бу ишни бошлаган, енг шимариб бажарган инсонлар ҳали ҳаёт. Уларнинг казо-казо фарзандлари бор. Икки дунёда ҳам отаси бош бўлган ишни нотўғри деб хулоса бермайди. Бошингизга ғалва орттирманг».

Мен бу қўрқув ва эҳтиёткорлик акс этиб турган овозни ҳеч қачон унутолмасам керак. Бу товуш эгаси гоҳо тушларимга кириб чиқади. Демак, мамлакатимиз мустақиллигига қарамай айрим шахсларнинг руҳи ҳамон мустақил эмас эканда, деган фикрга бордим.

Айрим одамлар эса:

– Қўйинг, бу масалани кўтарманг. Фойдаси йўқ, – деб шаштимдан қайтармоқчи бўлдилар.

Фикримга қўшиласизми йўқми билмадим, мактабларнинг рақамлар билан юритилиши мамлакат ва миллат руҳий мустақиллигига қарши қўйилган киши билмас одимдек туюлади.

–1995 йилларда «Ёш олимлар жамияти»да турли мавзуларда семинар-тренинглар ўтказардик. Ана шу тренингларнинг бирида мактабларнинг номи олиб ташланишини танқид қилдик. Аммо ёши катталар бош чайқашди. Биз ёш эдик, индамай қўя қолдик. Журналист сифатида бу масалани кўтараётганингиздан хурсандман. Чунки болалар ҳаётида шахснинг таъсири, жамоа таъсири катта роль ўйнайди, – дейди психология фанлари номзоди Раъно Исмоилова. – Европада мактаблар рақамланар, эҳтимол. Аммо биз дунёни уйғотган халқмиз.

ЖАҲОН ТАЖРИБАСИ ҚАНДАЙ?

Тошкент Давлат шарқшунослик университети проректори, филология фанлари доктори, профессор Қудратилла Омоновга юзландим.

– Туркия таълим тизимида мактаблар мамлакат тарихида чуқур из қолдирган тарихий шахслар, жамоат арбоблари, машҳур одамлар, ҳатто мактаб жойлашган кент номи билан аталади. Хуллас, мамлакатда саксон мингдан ортиқ мактаблар бўлса, уларнинг бирортаси ҳам рақамлар билан юритилмайди. Машҳур спортчилар, таниқли санъаткорлар томонидан очилган хусусий мактаблар ҳам ўша инсоннинг номи билан аталади.

Россияда мактабларга ном қўйилган, айримларига эса ҳам ном ва рақам белгиланган. Ҳар қалай, мамлакатда фақат рақам билан юритиладиган мактаблар йўқ. Дунёнинг энг ривожланган мамлакатларидан бири бўлган Японияда мактаблар уч турда бўлиб, улар хусусий, давлат ва туман мактаблари саналади. Масалан, Эдогова туман Нишикоива бошланғич мактаби деб, кўп ҳолларда эса ўша ҳудуддан етишиб чиққан маърифатга алоқадор машҳур кишилар номи билан юритилади, – деб жавоб берди. – Дунё тажрибасига таяниладиган бўлса мактабларнинг рақам билан аталиши унчалик тўғри эмас.

Биз ривожланиш босқичларини бошидан кечираётган Ўзбекистонимиз тараққиёти учун дунё мамлакатлари тажрибасига таянишимиз янгилик эмас. Демак, бу масалада ҳам халқаро тажрибага суянсак хато қилмаган бўламиз.

Хуш, биз мактаблардан номни олиб ташлаб ютганимизнинг салмоғи оғирми, ютқизганимизнинг? Тан олиш керак мактабларнинг рақам билан эмас шахслар номи билан аталиши юракка яқин туюлади. Алломалар, ижод аҳли, чин маърифатпарварларга нисбатан чап кўксингизда фахр ва ғурур юксалади. Ушбу даргоҳлар ўқувчилари эса кўксини кўтариб, бошини баланд тутиб, жаранглаган овозда:

– Мен Президент мактабида таҳсил оламан!

– Мен Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда ўқийман!

– Мен Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқувчисиман! – дейиши турган гап.

Ишонаманки, бундай фарзандларимиз элу юрт корига ярайдиган, унинг истиқболи учун керак бўлса, жонини фидо қиладиган, буни ҳаётининг мазмуни деб биладиган инсонлар бўлиб улғаядилар.

Кейинги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар, Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлида ташланаётган қадамларни кузатиб турибман. Мамлакатимиз Президентининг бевосита саъй-ҳаракати билан қабул қилинган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги фармони мамлакатимизнинг кейинги йиллардаги истиқбол дастурларини белгилаб берди.

Шу ўринда қатор қонунлар, фармонлар ва қарорларнинг айримлари давр талабига жавоб бермаганлиги боис ўз кучини йўқотган ҳисобланди, айримларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Ўзбекистон Республикасининг Асосий қонуни бўлмиш Конституциямизга замон, давр, тараққиёт нуқтаи назаридан ўзгартиришлар киритилгани ҳам асослидир. Буларнинг ҳаммаси яхшиликка хизмат қилмоқда. Узоққа бормайлик, мамлакатимиз Президентининг Бирлашган миллатлар ташкилотидек нуфузли жаҳон минбаридан ўзбек тилида маъруза қилиши кимнинг хаёлига келган эди? Демак, республикадаги умумий ўрта таълим мактабларини номлаш масаласи юқори ўринларда қайта кўриб чиқилиши ва тўғри қарор қабул қилиниши ҳам таажжубли ҳол эмас.

Замон илгарилаб бормоқда. Бир пайтлар Ўзбекистонни тан олмаган мамлакатлар энди биз билан ҳисоблашиб иш кўрмоқда. Қаддимизни тик ва бошимизни баланд тутиб «Мен Ўзбекистонданман», дея оламиз. Мактабларга ном бериш масаласи эса мамлакатимизнинг ички сиёсати. Бу борада ҳеч кимга ҳисобот бермаймиз.

Фикримча, мактабга ном қўйишда қатъий чегара мезонлари белгиланиши, тарихийлик, мантиқийлик, ижтимоий адолат принципларига риоя қилиниши, қонунийликка асосланиши керак.

Биринчидан, илмий-маданий мероси миллий ва умумбашарий аҳамият касб этган мутафаккирлар; 

иккинчидан, халқимиз маърифати йўлида жон фидо қилган жадид маърифатпарварлар, маърифат йўлида жонларини тиккан, бугун номлари оқланган қатағон қурбонлари;

учинчидан, илмий-назарий мероси, улкан ижодий ишлари эътироф этилган таниқли олимлар, адабиёт ва санъат намояндалари;

тўртинчидан, иккинчи жаҳон урушигача ва ундан кейинги тикланиш йилларида маълум ҳудуд интеллектуал тараққиётига улкан ҳисса қўшган, давлат маблағидан эмас, ўз шахсий ҳисобидан маблағ сарфлаб, элни ҳашарга чорлаб мактаб қурилишига асос солган маърифат фидоийлари номи қўйилиши жоиз.

Уларнинг ўз даврида бундай хайрли ишларга бош бўлишлари маърифат, илм учун жонини фидо айлаган жадид боболаримиз фидойиликларидан кам эмас. Миллат ва халқнинг катта тарихини ўрганишни бошлашдан олдин ҳар бир инсон ўзи туғилиб ўсган маскан тарихини яхши билмоғи керак. Ана шунда унинг катта тарихларни ўрганишга қизиқиши ортади. Ахир «Ватан остонадан бошланади» деган қадрият қоришиқ қарашларимиз бор.

Шундай пайтда зиёлилар, халқ томонидан ишонч билан сайланган депутатлар, айниқса, журналистлар жамиятнинг танасига ёпишиб турган зарарли иллатни кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка ололмаслигимиз лозим.

Ҳамма жим турганда, сукут сақлаганда, натижа қандай бўларкан деб воқеани сирли кузатиб турганда мамлакатимиз бугунгидек ривожлана олган бўлармиди?

Зеро, эртанги тараққиёт учун миллионлаб ўқувчилар армиясининг:

– Мен ...рақамли мактабда ўқийман, – деган палағда, ҳиссиз товушини ўзгартиришимиз жудаям муҳимдир.

Тарихдан биламизки, фашизм концлагерларидаги маҳбуслар, мустабид тузум даврида репрессияга учраганлар, қамоққа ҳукм қилинганларга рақам қўйилган. Эътибор қилиб қарасангиз, бу инсоннинг ўзлигини, қадр-қимматини йўқотишнинг руҳий ва энг осон услубидир. Рақам билан номланиш бориб-бориб инсонлар руҳиятидаги маънавий инқирозга сабаб бўлишини унутмаслик керак.

Халқимиз асрлар оша ўз олтин бешигида мутафаккирлар, улуғлар, даҳолар, ватанпарварлар, мактаб ва маориф фидоийларини тарбиялаб вояга етказган. Демак, ҳар бир мактабни ана шундай инсонлар номида аташга маънавий базамиз етарли.

Гулжаҳон МАРДОНОВА, ЎзА