Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алла Козловская: “Ёш авлодга, уларга таълим-тарбия бераётган педагогларга кўрсатилаётган эътибордан мамнунман”
19:50 / 2023-06-01

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

Бугун болажонларимиз учун чинакам байрам. Боиси, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш халқаро куни муносабати билан улар учун турли байрам тадбирлари ўтказилмоқда.  

Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги 249-сонли мактабгача таълим муассасасида ушбу кун ўзига хос ва кўтаринки руҳда нишонланди. Унда тарбияланувчилар ўзларининг чиқишлари билан байрам иштирокчиларига янада қувонч бағишлади.  

Байрам тадбирида ушбу таълим муассасаси ходими Алла Козловская  билан суҳбатда бўлдик. Ўзининг ҳаётини болажонларсиз тасаввур қила олмаслиги ва улар учун бор куч-ғайратини бахшида қилаётган фидоий ходимнинг жонкуярлиги мамлакатимиз ёш авлоди ишончли педагоглар қўлида экани бизни ниҳоятда қувонтирди.

Алла Козловская 249-сонли мактабгача таълим муассасасида 40 йилдан буён меҳнат фаолиятини давом эттирмоқда. Ҳозирда ўзининг илк тарбияланувчиларининг невараларини катта ҳаётга кузатишга муяссар бўлаётган моҳир педагог мактабгача таълим муассасасининг том маънодаги онахони бўлиб, кўпгина шогирдларнинг устози саналади.

– Таълим муассасамизда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш халқаро кунини ҳар йили  кўтаринки кайфиятда нишонлаймиз. Бунга тарбияланувчиларимиз ўзлари ҳам пухта тайёрланади.  Мақсад эса уларга шундай байрамлар сабабли ҳам яхши таълим-тарбия беришдир. Уларга ушбу байрамнинг тарихи ва унинг кўплаб давлатларда нишонланиши ҳақида ҳикоя қилиш ҳам таълим билан боғлиқ. Ўрни келганда айтайки, меҳнат фаолиятим давомида мактабгача тарбия жараёни учун самарали бўлган ўзига хос илмий-услубий методика яратдим, десам муболаға бўлмайди. Барча тарбияланувчиларни ўз фарзандларим, невараларим каби севиб ардоқладим. Ҳозирда Ватанимиз равнақи учун хизмат қилиб келаётган таниқли, ўз ишининг устаси бўлган инсонларнинг устози бўлганимдан фахрланаман. Жуда кўп шогирдларим ҳануз йўқлаб туришади. Давлатимиз раҳбарининг ёш авлодга, уларга таълим-тарбия бераётган педагогларга кўрсатаётган ғамхўрлиги, эътиборидан мамнунман, – деди биз билан суҳбат чоғида Алла Козловская.

Куй-қўшиқлар, шеъру рақсларга уланган тадбир болажонлар ва уларнинг ота-оналари, таълим муассасаси ходимлари ва биз учун ҳам катта таассурот қолдирди.  

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА