Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини чеклаш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади
20:42 / 2021-11-15

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Йиғилишда “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин тортишувлар асосида муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, фуқароларнинг, аввало, йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларини яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳаси билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат кафолатлари, бу борадаги профилактика тадбирларини амалга ошириш ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тушунчалари ёритиб берилмоқда.

Депутатлар қонун лойиҳаси бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, уни маъқулладилар.

Шунингдек, Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан киритилган “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Мазкур конституциявий қонунда давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъий назар бошқа ташкилотларнинг фаолиятига, уларнинг мансабдор шахслари ҳуқуқ ва эркинликларига алоҳида чекловлар ўрнатиш ҳамда уларнинг зиммасига қўшимча мажбуриятлар юкланадиган алоҳида режими жорий этилиши назарда тутилмоқда.

Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан айрим қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Жумладан, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини тўхтатиб туриш тартибларини белгилаш, мулкчилик шаклларидан ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар, ташкилотларнинг ресурсларини сафарбар этиш, портловчи, радиоактив, шунингдек, кимёвий ва биологик жиҳатдан хавфли моддалардан фойдаланадиган хавфли ишлаб чиқаришлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб туришни назарда тутиш каби бир қатор таклифлар киритилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қонун ҳужжатларидаги мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга, қонун ҳужжатларини мувофиқлаштиришга хизмат қилади. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.

Йиғилишда муҳокама этилган бошқа қонун лойиҳалари юзасидан ҳам фракция аъзолари электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдирдилар. Якунда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА