Алкоголь истеъмол қилиш натижасида ҳар йили бутун дунёда 3,3 миллион одам ҳаётдан кўз юмади.
20-39 ёшдаги одамлар орасида барча ўлимнинг тахминан 13,5 фоизи алкоголь истеъмоли билан боғлиқ.
Ҳар сонияда тамакидан тахминан битта одам, ҳар йили 65000 бола иккиламчи тамаки тутини таъсирига боғлиқ касалликлардан ҳалок бўлади.
Мамлакатимизда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасида қатор қонун ва норматив ҳужжатлар қабул қилинган бўлса-да, уларнинг амалиётда ижро этилиш ҳолати қониқарли даражада эмас.
Амалдаги қонун ҳужжатларида тамаки маҳсулотини реализация қилиш юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгиланган. Лекин кундалик ҳаётда бундай маҳсулотнинг чакана савдоси билан аксарият ҳолатларда якка тартибдаги тадбиркорлар ноқонуний шуғулланмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш” мавзусида бўлиб ўтган тадбирда “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасидаги нормалар атрофлича кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишга тайёрланмоқда.
Тадбирда қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамаки ва никотин истеъмол қилиш учун мосламаларни реализация қилишга доир чекловлар кенгайтирилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамаки ва никотин истеъмол қилиш учун мосламаларни сотаётган сотувчи кўриниши йигирма ёшдан кичик кўринган харидордан унинг шахси ва ёшини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса, бундай маҳсулотлар ва мосламаларни сотишни рад этиши шартлиги белгиланмоқда.
Тадбирда қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар берилди.
<iframe width="1280" height="720" src="https://www.youtube.com/embed/iDzEfnj1jvg" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,Ё Мелибаев, ЎзА