Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Республикада виночилик соҳасини жадал ривожлантириш, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш соҳасида замонавий бошқарув тизимини жорий этиш, ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмларини ошириш, алкоголь маҳсулотлари ноқонуний айланмасига чек қўйиш мақсадида:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси негизида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик);
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекциясининг бюджетдан ташқари жамғармаси негизида Агентликнинг юридик шахс мақомига эга бўлмаган Виночиликни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилсин.
2. Агентликнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, виночилик соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш, шунингдек соҳани ривожлантиришга йўналтирилган комплекс дастурларни амалга ошириш;
виночилик хом ашё базасини мустаҳкамлашга ва саноатбоп токзорлар плантацияларини кенгайтиришга, виночилик корхоналарини комплекс модернизациялашга, замонавий ресурс тежовчи технологияларни жорий этишга ҳамда виночилик соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш;
ўзбек виноларининг миллий брендини яратиш ва уни жаҳон бозорларида кенг тарғиб қилиш тадбирларини амалга ошириш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг айланмаси ҳажмларини, шу жумладан замонавий ахборот тизимларини жорий этиш ва ривожлантириш орқали мониторинг қилиш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда техник ва технологик нормаларга риоя этилиши ҳамда сақланиш сифатини, шу жумладан уларни ишлаб чиқаришда қўлланиладиган хомашё ва ёрдамчи материаллар сифатини назорат қилиш.
3. Агентлик:
алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш;
истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни амалга оширувчилар томонидан лицензия талабларига риоя этилишини назорат қилиш;
алкоголь ва бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун корхоналар ўртасида истеъмол этил спиртини белгиланган тартибда тақсимлаш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгилансин.
4. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлигининг қуйидаги вазифа ва функциялари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигига ўтказилсин:
узумнинг хўраки ва кишмишбоп навлари плантацияларини кенгайтириш, узумчиликни жадал ривожлантиришга йўналтирилган комплекс мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
узумчилик корхоналарини комплекс модернизациялашга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, экспорт салоҳиятини ошириш;
хорижий ва маҳаллий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва тармоқнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорлик қилиш орқали узумчилик соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга кўмаклашиш;
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда узум плантацияларининг электрон реестрини юритиш.
5. Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан янги узум плантацияларини яратиш учун қуйидаги мақсадларда субсидиялар қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ажратилиши белгилансин:
хўраки ва кишмишбоп узум плантацияларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш;
хўраки ва кишмишбоп узум токзорларида ирригация тадбирларини ўтказиш, жумладан сув етказиб бериш, артезиан қудуқлар, қувурлар ва резервуарлар барпо этиш, сув етказиб бериш учун насос станциялари қуриш, сув сақлаш учун сиғимлар сотиб олиш.
Молия вазирлиги Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасига 2020 йилда Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ажратилиши белгиланган субсидияларнинг тегишли қисмини 2020 йил 1 августдан бошлаб Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлигининг Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига ажратилишини таъминласин.
6. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг 2020 йил 21 июль ҳолатига маблағлари қолдиғини қишлоқ хўжалиги соҳасидаги инвестиция лойиҳаларининг сўзсиз амалга оширилишини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда Виночиликни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ўртасида тақсимласин.
7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2020 йил 1 августдан бошлаб:
алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш, шунингдек умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотларини сотиш ҳуқуқига рухсат берувчи гувоҳнома чекланмаган муддатга берилади;
ишлаб чиқарувчилар томонидан туристик йўналишларда ташкил этилган дегустация ҳудудларида (жойларида) реализация қилинган табиий вино (қадоқлангандан ташқари) маҳсулотларига ноль даражали ставка бўйича акциз солиғи солинади;
ишлаб чиқарувчилар истеъмол этил спиртининг 50 фоиз ҳақини олдиндан тўлаш шартларида реализация қилиш ҳуқуқига эга.
8. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (А.А. Абдухакимов) алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга туристларни жалб қилиш учун туроператорларнинг йўналиш дастурларига корхонага тегишли дегустация ҳудудлари киритилишини ташкиллаштирсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси икки ой муддатда маҳаллий кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари рекламасига қуйидаги ҳолларда рухсат берилишини назарда тутувчи тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
ахборот маҳсулотининг ёшга оид таснифини кўрсатган ҳолда ишлаб чиқарувчи ва савдо корхоналарининг расмий веб-сайтларида;
темир йўл ва ҳаво транспорти воситаларида;
12. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–4162-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
14. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И. Барноев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёев