Мамлакат иқтисодий фаолиятида алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда бу соҳада яширин иқтисодий ҳаракатларни олдини олиш муҳим масала саналади. Айниқса, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари йўналишида ҳам ислоҳотлар зарурлигини тақозо этди. 2024 йил Ўзбекистонда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқаришда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида муҳим қадам қўйилди.
Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш Инспекцияси ахборот бўлими бошлиғи – матбуот котиби Дилрабо Курязова бу борада амалга оширилган ишлар, алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш тизимида рақамлаштириш натижалари хусусида гапириб берди:
– “Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти қошида алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори айни йўналишда қонуний талабларни кучайтириш ва назоратни мустаҳкамлаш учун асос бўлди. Соҳадаги корхоналарга лицензиялар бериш, лицензия талаблари бажарилишини назорат қилиш, яширин айланмаларга қарши курашиш ва соҳадаги муаммоларни бартараф этиш инспекциянинг асосий вазифаларидан этиб белгиланган. Бугунги кунда соҳада 9643 та субъект фаолият олиб бормоқда, буларнинг 3 таси тамаки, 6 таси спирт, 37 таси алкоголь, 23 таси пиво маҳсулотлари ишлаб чиқаради, 290 та корхона улгуржи, 9 284 та корхона чакана савдо билан шуғулланади.
Лицензия тўловлари тўланиши мониторинг қилиниб, 12,9 млрд. сўмлик маблағлар ундирилиши таъминланди.
Яширин айланмаларни бартараф этиш борасида 2 та йўналиш устувор этиб белгилаб олинган, яъни соҳани рақамлаштириш ва назорат тадбирларини ўтказиш.
Айни кунда мазкур инспекция рақамли технологиялар орқали истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларнинг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш ҳамда бу соҳада ноқонуний ҳаракатларни барвақт аниқлаш ва соҳада тизимли мониторинг юритиш борасида самарали иш олиб бормоқда. Соҳани ривожлантириш мақсадида халқаро стандартлар жорий қилиш ҳамда миллий қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда таклифлар берилмоқда.
Инспекция ташаббуси асосида 3 та қарор қабул қилинди, 3 та қонун ҳамда 16 та қарорларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ишлаб чиқаришда халқаро стандартларни жорий қилиш мақсадида 5 та янги стандарт ишлаб чиқилди. Янги маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича 500 та технологик йўриқнома тасдиқланди. Соҳага янги кириб келган 5 та алкоголь, 1 та тамаки ишлаб чиқарувчи ҳамда 18 та улгуржи корхоналарга лицензия берилди, 24 та янги омборхонага рухсатнома расмийлаштирилди.
Янги тизим алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солишда шунчаки шаффофлик эмас, балки тезкор мониторингни амалга оширишда ҳамда соҳада яширин иқтисодий ҳаракатларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилмоқда. Инспекция фаолиятининг таянчи бўлган “ИСАТ” номли ахборот тизими ишга туширилди. Соҳада доимий назоратни таъминлаш мақсадида ушбу ахборот тизими орқали 48 та субъектнинг электрон ҳисоблагичлари, 43 та корхоналарнинг видеокузатув ускуналари ҳамда 132 та спирт ташувчи транспорт воситаларининг “GPS Treker” қурилмалари орқали реал вақт режимида маълумотлар олиниши йўлга қўйилди.
Рақамли ислоҳотлар бугун нафақат соҳага оид хавфларни аниқлаш имконини, балки катта иқтисодий самара бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида давлат бюджет тизимига алкоголдан 2,3 трлн. ва тамакидан 2,8 трлн. жами 5,1 трлн. сўм акциз солиғи ундирилиши таъминланди. Бу, ўтган йилга нисбатан бюджетга 7 фоизга ёки 324 млрд. сўмга кўп (4,7/5,1 трлн. сўм) акциз солиғи ундирилди, деганидир.
Тамаки маҳсулотлари хуфиёна айланмаси 2024 йилда 19,6 фоиздан 11,4 фоизга (-8,2 фоиз) туширилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида 9,8 фоизга қадар (-1,6 фоиз) қисқартирилди.
Яширин айланмаларга қарши курашиш йўналишида Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор ва назорат тадбирлари натижасида жами 1493 та ноқонуний фаолиятга барҳам берилди, бунда 36 та яширин ишлаб чиқариш, 39 та ноқонуний сақлаш, 16 та контрабанда, 1 402 та ноқонуний савдо фаолиятига чек қўйилди.
Истеъмолга яроқсиз ҳамда инсон соғлиғи учун хавфли бўлган 42,2 млрд. сўмлик 948 минг дона алкоголь ва спирт, 41,1 млрд. сўмлик 964,4 минг қути тамаки маҳсулотлари муомаладан олинди.
Ўтган йилнинг 10 декабрь куни 246-сонли фармони қабул қилинди. Унга кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб бир қатор товар ва хизматлар, хусусан алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали нақдсиз тарзда амалга оширилиши белгиланди. Бунда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида тўловларни қабул қилишга ягона QR кодли тизим ишга туширилади.
Мазкур йўналишда Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг савдосини амалга ошираётган 11 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектларнинг шахсий кабинетига тўловлар фақатгина нақдсиз тарзда амалга оширилиши тўғрисида хабарнома юборилди.
Нақдсиз сотиш қоидаларига риоя этмаганлик юзасидан жавобгарлик чораларини белгилаш бўйича норматив ҳужжатлар лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, соҳага оид қонунчилик ижроси борасида Инспекция томонидан биржа савдолари орқали сотилаётган спиртнинг мақсадли ишлатилиши устидан кунлик назорат ўрнатилди.
Лицензия талабларига риоя этилиши юзасидан 20 та ишлаб чиқарувчи корхоналарда текширишлар ўтказилди. Алкоголни яширин ишлаб чиқариш билан шуғулланиб келган, шунингдек лицензия шартларини бузган 11 та ишлаб чиқарувчи ва 46 та улгуржи савдо корхоналарининг лицензияси бекор қилинди. Асосийси, ушбу йўналишда хавфнинг олдини олишда ҳам рақамлаштириш тизимига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда соғлом рақобат тамойилларини жорий этиш, бизнес муҳитини яхшилаш, алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солишда қонун устуворлигини таъминлаш иқтисодий тараққиётнинг энг муҳим омилидир.
Моҳигул Қосимова, ЎзА