Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алкоголь ва тамаки бозорида яширин иқтисодиётни аниқлашнинг замонавий методологик ёндашувлари муҳокама қилинди
15:23 / 2026-01-19

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида асосий эътибор алкоголь ва тамаки бозорида яширин иқтисодиётни аниқлаш, баҳолаш ва мониторинг қилишнинг замонавий методологик ёндашувларини жорий этишга қаратилди. Шу орқали давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда илмий тадқиқотларни амалиёт билан боғлаш муҳим вазифа сифатида белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 10 декабрда қабул қилинган тегишли фармони ижроси доирасида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари чакана савдосида нақдсиз ҳисоб-китобларни кенг жорий этиш, QR-код орқали тўловларни жорий қилиш орқали яширин иқтисодий фаолиятнинг олдини олиш масалаларига алоҳида урғу берилди.

Учрашувда алкоголь ва тамаки бозорида яширин иқтисодиётни қисқартириш мақсадида “тармоқ–корхона–олийгоҳ” ҳамкорлиги асосида илмий тадқиқотлар олиб бориш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.  

Жаҳон савдо ташкилоти талаблари асосида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, импорт ва экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш,  алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг контрабандаси, ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва айланмасига қарши курашиш, аҳоли ўртасида ноқонуний маҳсулотларга нисбатан ҳуқуқий маданиятни ошириш, нақд пулсиз савдо устидан назоратни кучайтириш ва унинг самарали амалга оширилишини таъминлаш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвий интеграциясини ривожлантириш борасида фикрлар илгари сурилди.

Давра суҳбати якунида билдирилган таклифлар асосида ҳамкорлик меморандумини имзолаш ва амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш масалалари келишиб олинди.

Моҳигул Қосимова,  

ЎзА