French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи яширин цехлар фаолиятини фош этиш чоралар кўрилмоқда
18:15 / 2022-06-16

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан республика ҳудудида алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси олдини олиш ҳамда агентликнинг коплаенс назорати бўлими томонидан амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маълумки, мазкур агентлик мамлакатимиздаги алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритувчи давлат бошқарув органи мақомига эга. Шу боис соҳадаги барча корхона ва ташкилотлар ягона тармоққа бирлаштирилди. Бугунги кунда юртимизда жами 218 та алкоголь савдо корхоналари фаолият юритмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 ноябрдаги «Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими жорий этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда 2020 йил 31 декабрдаги «Айрим турдаги маҳсулотларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизими босқичма-босқич жорий этилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларига мувофиқ, маҳаллий алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар учун маҳсулотларни идентификация воситалари ёрдамида маркировкалаш ва товар айланмаси ҳажмини кузатиш тартиби жорий этилди.

Матбуот анжуманида ўтган йилнинг 1 январидан эътиборан республикамизда алкоголь маҳсулотларини маркировкасига старт берилгани қайд этилди. Бугунги кунда бу бўйича “Asl belgisi” маҳсулотларини маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизимида 20 мингта иштирокчи рўйхатдан ўтган. Шунингдек, умумий 2 миллиард дона Data Matrix кодлари,10 миллион дона агрегация кодлари чиқарилган.

Шу йилнинг январь-май ойлари давомида Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан савдо нуқталари ўрганилди. Ўрганишлар давомида 48 та чакана савдо дўконларидан олинган 84 та акциз маркалардан 73 та акциз маркалари қалбакилаштирилган ҳолда сотилаётган маълум бўлган. Ушбу акциз маркалар «Давлат белгиси» ДУК босма фабрикасида ишлаб чиқарилмаганлиги аниқланди.

Матбуот анжуманида агентлик ва бошқа ваколатли органлар томонидан 2022 йил чора тадбирлари ва йўл харитаси белгилаб олингани қайд этилди.

Хусусан, Бош Прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Ички ишлар вазирлиги томонидан алкоголь маҳсулотларини кичик ва катта ҳажмда ишлаб чиқарувчи «яширин цех»лар фаолиятини фош этишга қаратилган ҳамкорликдаги тезкор-қидирув тадбирларини амалга ошириб, қонуний чоралар кўрилади.

Маълумотларга кўра, ўтган йил давомида Давлат солиқ хизмати органлари томонидан мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган 103 та хўжалик субъектларида ўтказилган сайёр солиқ текширувлари натижасида 85 ҳолатда 30,5 миллиард сўмлик маҳсулотлар қолдиғи омборларда камомадлиги ва 43 ҳолатда 4,3 миллиард сўмлик маҳсулотлар қолдиғи ортиқчалиги аниқланди.

– Жорий йилда 18 нафар фуқаро томонидан 14,2 миллион сўмлик алкоголь ва 8 нафар фуқаро томонидан 36,0 миллион сўмлик тамаки маҳсулотлари сотилаётганлиги аниқланди, – дейди Алкоголь ва тамаки бозорини назорат қилиш ва уларнинг айланмаси таҳлили бошқармаси бошлиғи Комил Абдураҳимов, – Давлат божхона хизмати органлари томонидан 2021-2022 йиллар давомида 176 та назорат тадбирида 1 296,4 миллион сўмлик спирт ва алкоголь ҳамда 243 та назорат тадбирида 21 100,3 миллион сўмлик тамаки маҳсулотлари олинган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан 13 та ҳолатда жами 564,6 минг сўмлик 62 710 қути тамаки маҳсулотларини ноқонуний муомалага киритиш билан шуғулланувчи шахслар фаолиятига чек қўйилди ва ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Шунингдек, 25 та ҳолатда жами 228,9 минг сўмлик 23 490 дона қалбаки акциз маркалар елимланган сифатсиз ароқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи яширин цехлар аниқланиб, чет элда ишлаб чиқарилган алкоголь маҳсулотларини ноқонуний муомалага киритиш билан шуғулланувчи шахслар фаолиятига чек қўйилди.

Матбуот анжуманида соҳага оид корхоналарнинг фаолиятини назорат қилиб, шубҳали ҳолатларда тегишли ва ўрнатилган тартибда чора кўриш ишлари ҳақида маълумотлар тақдим қилинди.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА