Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Совуқ кунларда аҳолини газ, электр энергияси ва кўмир билан таъминлашда кузатилаётган муаммолар» мавзуида брифинг ўтказилди.
Энергетика вазирлиги, "Ҳудудий электр тармоқлари" ва "Ҳудудгазтаъминот" акциядорлик жамиятлари раҳбарлари иштирокида ташкил этилган брифингда мамлакатимиз бўйлаб совуқ ҳарорат кутилиши олдидан аҳолини газ, электр энергияси ва кўмир билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Энергетика вазири Алишер Султонов ушбу ҳафтанинг охирига келиб, Ўзбекистонда совуқ об-ҳавонинг янги тўлқини нолдан паст ҳароратгача тушиши кутилаётганига аҳамият қаратиб, мавжуд барча вазиятдан хабардорлиги, муммоларни енгиллаштириш, уй-жойлар ва иш жойларининг барқарор энергия ва газ билан таъминлашга эришиш учун барча чора-тадбирлар амалга оширилаётганига урғу берди.
– Вазиятнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, электр таъминотининг мавжуд тизими талаб кескин ошиб кетган пайтларда самарали ишламай қолмоқда, – деди вазир А.Султонов. – Ҳозирги пайтда катта инвестициялар дастури ва эскирган тизимни модернизациялаш ишлари амалга оширилмоқда. Аммо ушбу дастур натижа бериши учун кўп вақт талаб қилинади. Айни пайтда вазирлик ва унинг бўлинмалари совуқ қиш шароитида одамларга ёрдам бериш учун тегишли сайъ-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Январь ойининг сўнгги ўн кунлигидаги совуқ об-ҳавони ҳисобга олган ҳолда 10 кун ичида республика истеъмолчиларига 2 миллиард 318,7 миллион киловатт-соат электр энергияси етказиб бериш режалаштирилган. Ҳозирги кунда республика вилоятлари бўйича кўмир омборларида жами 156 минг 635 тонна кўмир ва брикет захираси мавжуд. Республикада аҳоли истеъмолчиларига кунлик кўмир етказиб бериш ҳажми 4 минг тоннани ташкил қилади. Шунингдек, табиий газ истеъмолчиларига
20 январдан 1 февралгача 1 миллиард 163 миллион метр куб табиий газ етказиб берилади. Шундан аҳоли илтеъмолчиларига 770 миллион метр куб ва улгуржи истъемолчиларга 393 миллион метр куб табиий газ етказиб берилади. Бу 2020 йил декабръ ойининг учинчи ўн кунлигига нисбатан 978 миллион метр кубга кўп етказиб берилади. Худди шунингдек, республика бўйича ун кунда аҳоли истеъмолчиларига 19 минг 210 тонна суюлтирилган газ етказиб берилади. Бу миқдор 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 210 тоннага кўпни ташкил этади. Шу билан бирга, ҳозирги кунда жойларда 8 минг
253 тонна суюлтирилган газ ва 28 минг та газ баллон захираси мавжуд.
Брифингда қайд этилганидек, ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши электр энергия ва табиий газга бўлган эҳтиёжни янада оширади. Бу ҳолат эса табиий газ босимининг пасайиб кетишига ва электр энергияси таъминотида узилишларга олиб келишига олиб келади. Шу боис, мазкур ресурслардан оқилона фойдаланиш ва улардан самарали фойдаланишда нафақат масъуллар, тизимдаги кўрилаётган чоралар, балки истеъмолчилар масъулияти ҳам талаб этилади. Тадбирда бу каби ҳолатлар бўйича эслатмалар ҳам берилди.
Унда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджоновнинг маълум қилишича, 2021 йилнинг 18 кунида республика бўйича истеъмолчиларга 3 миллиард кВт. соат, шундан аҳолига 1,1 миллиард кВт. соат ва улгуржи истеъмолчиларга 1,9 миллиард кВт. соат миқдорида электр энергияси етказиб берилган.
– Хабар берилгани каби кутилаётган совуқ кунларга ҳам пухта тараддуд кўрилган, – деди Ж. Обиджонов. – Жумладан, тармоқларда содир бўладиган авариявий ўчишларни тезкор бартараф этиш мақсадида ҳудудларда жами 481 та тезкор авариявий чиқиш бригадалари тузилди, уларга 378 та махсус авариявий чиқиш машиналари ва махсус техникалар ажратилди. Ҳудудий корхоналарда 395 дона тармоқ трансформатор, 191,8 тонна трансформатор мойи, 947 дона таянч, 53,9 тонна турли ўлчамдаги сим, 41,5 километр кабель маҳсулотлари ҳамда 638 дона кабель муфтадан иборат захира яратилди.
– Жорий йилнинг 21 январ кунидан ҳаво ҳароратини пасайишини инобатга олган ҳолда қўшимча 236 та махсус авариявий қутқарув бригадалар шакллантирилди. Ушбу бригадалар эртага куннинг иккинчи ярмидан навбатчиликни бошлаб, то совуқ ҳаво оқими ўтиб кетгунга қадар доимий равишда ишини амалга оширади. Шу билан бирга, 19210 тонна суюлтирилган газ етказиб бериш ва 8253 тонна заҳира суюлтирилган газ ҳажмлари ҳозирги вақтда вилоятларимиздаги газ тўлдириш шаҳобчаларимизда шакллантирилди. Бундан ташқари, олис ҳудудларимизда ҳаво ҳарорати кескин пасайган вақтда тоғли ҳудуд, чегара олди ҳудудларимизда суюлтирилган газ етиб бориши қийин бўлган масканларга бугун эрта заҳира суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилади, – деди брифингда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқаруви раиси Баҳодир Эшмуродов.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА
ёзиб олди