Жорий йилнинг 8 ноябрь куни Франкфурт шаҳрида Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашининг 5-йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султонов иштирок этди, деб маълум қилди вазирлик матбуот хизмати.
Аҳамиятли жиҳати, Энергетика вазири Алишер Султонов мазкур йиғилишда “Ўзбекистон Республикаси энергетика соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятлари” мавзуидаги тақдимот қилиб, мамлакатимизда энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг бориши ва қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланган қувватларни ошириш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратди.
Вазир ўз нутқида Ўзбекистон ёқилғи-энергетика комплексининг тўғридан-тўғри инвестициялар асосида амалга оширилиши кўзда тутилган турли лойиҳалари, жумладан, подстанциялар, электр узатиш тармоқларини қуриш, нефть-газ саноатига илғор технологияларни жорий этиш, нефть ва газ қазиб олиш ускуналари ва бошқаларга техник хизмат кўрсатиш каби лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтди.
Мустақил экспертлар томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда қуёш станцияларидан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳияти 51 миллиард нефть эквивалентига, шамол станциясидан электр энергияси ишлаб чиқариш салоҳияти эса 360 миллион тонна нефть эквивалентига тенг.
Ўзбекистонда 2019 йилдан буён қуёш фотоэлектр станциялари (ҚФЭС) ва шамол электр станцияларини (ШЭС) қуриш ва улардан фойдаланиш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тендерлар ўтказиш жараёнлари давом этмоқда.
Натижа шуки, Халқаро молия корпорацияси кўмагида умумий қуввати тахминан 500 МВт бўлган тендерларнинг 2-босқичи бир киловатт соат электр энергияси учун 2,67 ва 1,89 цент бўлган рекорд даражадаги паст тарифлар билан якунланди. 2021 йилнинг август ойида “Masdar” (БАА) билан биринчи босқич якунлари бўйича Ўзбекистонда биринчи 100 МВт қувватга эга ҚФЭС ишга туширилди.
Жорий йилнинг август ойида республика ҳудудларида умумий қуввати 500 МВт бўлган ҚФЭС лойиҳаси бўйича тендернинг учинчи босқичи эълон қилинган бўлиб, аризалар 29 ноябрга қадар қабул қилинади.
Осиё тараққиёт банки билан биргаликда 2019-2025 йилларда умумий қуввати 1 ГВт бўлган ҚФЭС қурилиши бўйича тендерлар ўтказилмоқда. Республиканинг яна 2 та ҳудудида умумий қуввати 400 МВт бўлган ҚФЭС лойиҳалари бўйича тендер савдолари эълон қилиниши режалаштирилган.
Шунингдек, шамол электр станцияси лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда. Шундай қилиб, “ACWA Power” компанияси (Саудия Арабистони) 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича тендер ғолиби бўлди. Ушбу тендер танлови ЕТТБ кўмагида ўтказилди. Шу билан бирга 2022 йилда 200 МВт қувватга эга шамол электр станцияси лойиҳаси бўйича тендер ўтказиш режалаштирилган.
Йиғилишда қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаларида иштирок этиш юзасидан билдирилган таклифларга немис компаниялари катта қизиқиш билдирди.
Насиба Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА