Маълумки, жорий йилнинг 30 август — 3 сентябрь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Хитойда бўлиб қайтди. У ерда давлатимиз раҳбари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этди.
Хитойда бўлиб ўтган учрашув ва мулоқотлар, уларда эришилган келишувлар хусусида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
–Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига расмий ташрифи мамлакатимиз ташқи сиёсатида катта аҳамият касб этади. Пекинда ўтказилган учрашувлар, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитидаги ва бир қатор давлат раҳбарлари билан мулоқотлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлади. Музокараларда иқтисодий лойиҳалар, энергетика, технологиялар, таълим ва маданий алмашинув масалаларида янги имкониятларни ишга солиш, ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Ташриф натижалари ёшлар ҳаётига бевосита таъсир қиладиган қатор муваффақиятли келишувларга бой бўлди, десам адашмайман.
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун муҳим майдондир. Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида транспорт-логистика йўналишларини ривожлантириш, энергетика лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, хавфсизлик масалаларида ҳамкорликни кучайтириш каби масалалар кўтарилди. Президентимиз бу жараёнда Ўзбекистоннинг асосий ташаббусларини илгари суриб, минтақадаги ўзаро боғлиқлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
Саммитнинг яна бир эътиборли жиҳати “ШҲТ+” форматидаги учрашувлар. Бу форматда ташкилотга аъзо давлатлар билан бир қаторда кузатувчи ва шерик мамлакатлар ҳам иштирок этиб, кенгроқ муҳокамалар олиб борди. Саммит минтақада янги иқтисодий ва дипломатик йўналишларни белгилашга хизмат қилди. Пекинда ўтказилган олий даражадаги учрашувларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди. Айниқса, саноат, энергетика, инфратузилма ва савдо алоқаларида янги босқичга қадам қўйилиши кутилмоқда.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик давлат ташрифининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Чунки инсон капиталига киритилган сармоя узоқ муддатли барқарорликни таъминлайди. Президентимиз Пекиндаги музокараларда олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма дастурларни йўлга қўйиш ва грант имкониятларини ошириш масалаларига алоҳида тўхталди.
Бу йўналишдаги ташаббуслар Ўзбекистоннинг кейинги йилларда ўз олдига қўйган мақсадлари билан ҳамоҳангдир. Мамлакатимизда олий таълим қамровини ошириш, ёшларга таълим бериш тизимини халқаро стандартларга яқинлаштириш, янги технологияларни ўзлаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. ШҲТ доирасида илгари сурилган қўшма таълим лойиҳалари ҳам шу мақсадлар билан уйғунлашади.
Бугунги кунда ҳамкорлик кўлами янада кенгаймоқда. Фақат грантлар билан чекланиб қолмасдан, қўшма университетлар, илмий лабораториялар, стартапларни қўллаб-қувватлаш марказларини ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу жараённинг энг муҳим жиҳати шундаки, таълим соҳасидаги ҳамкорлик бевосита иқтисодий лойиҳалар билан чамбарчас боғланган.
Илм-фан, тиббиёт, таълим ва туризм соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Ўзбекистонда Шимоли-ғарбий қишлоқ ва ўрмон университети филиали ҳамда Халқаро математика маркази иш бошлади. Сиан нефть университети филиалини очиш бўйича битим имзоланди, шунингдек, Пекин технология институти филиалини очиш режалаштирилган. Жорий йилда мамлакатимизда иккинчи Таълим форуми ўтказилиши белгиланган. Хитой тилини ўрганиш имкониятларини кенгайтириш, ўзбекистонлик ёшларга ажратиладиган квоталарни ошириш ва Конфуций институтлари фаолиятини ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилди. Бундан ташқари, ҳудудларда энергетика, машинасозлик, сунъий интеллект, тиббиёт ва қишлоқ хўжалиги соҳалари учун мутахассислар тайёрлайдиган “Лу Бан устахоналари”ни ташкил этиш режалаштирилмоқда.
ШҲТ доирасида қабул қилинган қарорларда ҳам фан ва таълимга алоҳида урғу берилди. Бу эса шуни англатадики, таълим масаласи энди фақат икки томонлама эмас, балки минтақавий ҳамкорлик даражасига кўтарилмоқда. Бундай ёндашув Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни мустаҳкамланишига хизмат қилади, ёшлар эса бу жараённинг асосий иштирокчисига айланади.
Бугунги глобал иқтисодиётда рақамли трансформация барча соҳаларнинг асосий омилига айланаётгани бор гап. Пекиндаги учрашувларда Ўзбекистоннинг АТ инфратузилмасини ривожлантириш, стартапларни қўллаб-қувватлаш, сунъий интеллект ва рақамли хизматлар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хитой бу борада дунёдаги етакчи давлатлардан бири сифатида Ўзбекистонга катта қизиқиш билдиряпти. Ўзбекистон ҳукумати эса охирги йилларда рақамли иқтисодиётни миллий тараққиётнинг таянч устунига айлантиришни мақсад қилган. Шу нуқтаи назардан икки давлатнинг манфаатлари бир нуқтада туташмоқда. Бир томондан Хитой учун янги бозор ва ишончли ҳамкор керак, иккинчи томондан Ўзбекистон учун технология ва тажриба зарур. Бу йўналишдаги ҳамкорликнинг истиқболи шундаки, инновацион соҳаларда амалга ошириладиган қўшма лойиҳалар минтақавий рақобатбардошликни оширади. ШҲТ форматида ҳам рақамли хавфсизлик, киберхавфсизлик ва ахборот алмашинуви масалалари кун тартибига қўйилди. Бу эса фақат иқтисодий эмас, стратегик аҳамиятга эга қарорлар сифатида ҳам кўрилмоқда.
Ўзбекистон учун бундай ташаббуслар икки жиҳатдан муҳим: биринчидан, мамлакат ичида инновацион экотизим шаклланиши тезлашади; иккинчидан, халқаро ҳамкорлик орқали янги билим ва тажрибаларни ўзлаштириш имконияти пайдо бўлади. Хитой компаниялари билан келишилган лойиҳалар ишлаб чиқаришдан ташқари илмий тадқиқот, технология трансфери ва стартапларни молиялаштиришни ҳам қамраб олиши мумкин.
Пекин сафарининг муҳим жиҳатларидан яна бири Хитойнинг етакчи корпорациялари билан олиб борилган музокаралар бўлди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг “China National Petroleum Corporation” (CNPC) раиси Даи Ҳоулианг билан учрашувида энергия инфратузилмасини модернизация қилиш, ерости газ омборларини қуриш ва замонавий стандартларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, CNPCнинг Ўзбекистонга киритган инвестициялари аллақачон 5 миллиард доллардан ошгани қайд этилди.
Шунингдек, “China National Building Materials”, “China National Nuclear Corporation” ва “Henan Investment Group” билан музокаралар ўтказилган. Хитой бугунги кунда Ўзбекистоннинг асосий технология таъминотчисига айланган. Келгусида Тошкент вилоятида сув-самарали энергия омбори, янги узатиш тармоқлари ва мобил трансформатор станцияларини қуриш, қайта тикланувчи энергия соҳасида кадрлар тайёрлаш масалалари режалаштирилган.
Бу келишувлар фақат иқтисодий манфаат эмас, балки самарали кутилмалар билан ҳам боғлиқ. Янги лойиҳалар юзлаб иш ўринларини яратади, муҳандислик ва техник соҳаларда малакали мутахассисларга талабни кескин оширади. Айниқса, энергетика ва саноатнинг юқори технологияли тармоқларига кириб бориш Ўзбекистонда илмий-техник салоҳиятни кучайтиради. Хитой билан ҳамкорлик экологик тоза ва энергия тежовчи технологияларни олиб киришга ҳам хизмат қилади. Бу эса “яшил” иқтисодиётнинг ривожланишини таъминлайди.
Президент ташрифида сиёсий ва иқтисодий мулоқот билан бир қаторда, маданий ҳамкорлик ҳам муҳим йўналиш сифатида кўтарилди. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ёшлар алмашинуви, маданият ва спорт дастурларини кенгайтириш масалалари алоҳида муҳокама қилинди. Бу ташаббуслар давлатлараро дипломатик муносабатларни мустаҳкамлаб, жамиятлар ўртасидаги ишонч ва ҳамжиҳатликни кучайтиради.
Хитой ва Ўзбекистон ўртасида санъат, таълим ва спорт орқали халқларни яқинлаштириш борасида ҳамкорлик аллақачон бошланган. Ўзбекистонлик ижодкорларнинг Хитойда ўтказилаётган кўргазма ва концертларда қатнашиши, хитойлик санъаткорларнинг эса мамлакатимиз саҳналарида чиқиш қилиши икки халқ маданиятини ўзаро танитади. Бу тажриба ёш авлоднинг миллий қадриятларни чуқурроқ англаши ва янги маданий уфқлар очилишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, ШҲТ давлатлари ўртасида ўтказилаётган маданият кунлари ва ижодий танловлар ёшлар ўртасида ҳамкорлик руҳини мустаҳкамламоқда. Турли спорт мусобақалари ва фестиваль дастурларида иштирок этиш эса халқаро майдонга чиқиш имконини беради ҳамда минтақа ёшлари орасида ўзаро дўстлик ва соғлом рақобат муҳитини ҳам яратади. Бу борадаги ташаббуслар сиёсий келишувларнинг ижтимоий пойдеворини таъминлайди. Халқаро миқёсдаги маданий алмашинув Ўзбекистонни глобал майдонда янада фаол иштирокчи сифатида кўрсатади.
Президентимизнинг Пекин сафари доирасида эришилган келишувлар Ўзбекистоннинг иқтисодий, маданий ва илмий ривожланишига янги имкониятлар очади. Энергетика ва саноат соҳасидаги ҳамкорлик лойиҳалари замонавий технологияларни жалб этиш билан бирга, малакали кадрлар тайёрлашни рағбатлантиради. Таълим ва илмий ҳамкорлик доирасидаги грантлар ва қўшма дастурлар эса ёшларга халқаро тажриба орттириш, мутахассис сифатида ўсиш имконини беради.
ШҲТ давлатлари билан маданий ва ижтимоий алмашинув дастурлари ёшлар орасида дўстлик ва ҳамжиҳатликни кучайтиради, халқларни бир-бирининг қадриятлари билан таништиради. Шу тарзда эришилган келишувлар иқтисодий ўсиш, жамиятда янги имкониятлар яратиш, ёшларни замонавий дунё билан интеграциялашга хизмат қилади.
Ишонамизки, бу ташриф ва музокаралар Ўзбекистон ёшлари учун кенг имкониятлар эшигини очади, мамлакатни инновацион ва барқарор ривожланишга йўналтиради ҳамда халқаро майдонда ишончли ҳамкор сифатида танитади.
ЎзА мухбири
Гулноза Бобоева ёзиб олди.